Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ислом Каримов фонди ташкил этган танлов ғолиблари аниқланди

Ислом Каримов фонди ташкил этган танлов ғолиблари аниқланди

Фото: ЎзА

Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ўтказилган иншолар танлови ғолиблари маълум бўлди. Бу ҳақда Ислом Каримов номидаги фонднинг васийлик кенгаши раиси Лола Каримова-Тилляева ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилди.

Унинг ёзишича, иншолар қуйидаги мезонлар асосида текширилди: фикрларнинг равон ва тўғри кетма-кетликда баён этилгани, мавзунинг тўлиқ очилгани, мавзуга оид фактлар ва мисолларнинг ўринли келтирилгани, келтирилган фактлар, мисолларга берилган шахсий фикр-мулоҳазаларнинг ўринлилиги, бошқа иншоларга ўхшамаслиги ва алоҳида ажралиб туриш даражаси, бадиий ёндашувнинг мавжудлиги ва бошқалар.

Танловга тақдим этилган иншолар ўз соҳасида катта тажрибага эга атоқли тарихчи, сиёсатшунос, ва филолог олимлардан ташкил топган махсус комиссия томонидан таҳлил этилиб баҳоланди.

Олий ўқув юртлари талабалари ўртасида 22 январдан 22 февралга қадар ўтказилган иншолар танловида Ўзбекистондаги 74 та олий ўқув юртининг 485 нафар талабаси иштирок этди.

Танловда 1-ўринни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг V босқич талабаси Акромов Отабек қўлга киритди. У 7 млн. сўмлик грант, шунингдек, Фонд логотипи туширилган «Apple MacBook Air 13 8/256 GB» ноутбуки совриндори бўлди.

2-ўринни Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг V босқич талабаси Шорустамова Малика эгаллаб, 6 млн. сўмлик грант, шунингдек, Фонд логотипи туширилган «Apple iРad Pro 10.5 4G 256 GB» планшети соҳиби бўлди.

3-ўрин Тошкент давлат юридик университетининг IV босқич талабаси Тошканов Нурбекка берилиб, у 5 млн. сўмлик грант, шунингдек, Фонд логотипи туширилган «iPhone 8 64 GB» смартфони эгасига айланди.

Ижодий ишлари юқори балл тўплаган яна 7 нафар иштирокчига рағбатлантирувчи совғалар, яъни Фонд логотипи туширилган «Kindle» букридерлари тақдим этилади.

Ғолибларни тақдирлаш тантанали маросими 3 апрель куни Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтиш керак, Ислом Каримов номидаги Фонд 2016 йилнинг октябрь ойида Лола Каримова-Тилляева ва Татьяна Каримова томонидан Ўзбекистон мустақиллиги асосчиси ва Биринчи Президентининг хотирасини абадийлаштириш мақсадида таъсис этилган. Таълим соҳасида грант дастурларини амалга ошириш Фонд фаолиятининг муҳим йўналишлардан биридир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг