Испаниялик футболчи Маркос Алонсо вафот этди
Испания терма жамоаси, «Реал», «Барселона» ва «Атлетико» клубларининг собиқ ҳужумчиси Маркос Алонсо Пеня 63 ёшида вафот этди. Испан футболи фахрийси саратон хасталиги туфайли оламдан ўтди.
Маркос Алонсо Пеня футболчилик фаолиятини «Реал Мадрид»да бошлаб, «Барселона»да порлаган. Каталон жамоаси билан Испания чемпиони бўлган, Европа Кубок эгалари кубоги ва Суперкубогини қўлга киритган. «Барселона»дан кетгач, икки йил Мадриднинг «Атлетико»сида тўп сурган. 1984 йилда Испания терма жамоаси сафида Европа чемпионати кумуш медалига сазовор бўлган.
Мураббийлик билан ҳам шуғулланган: «Реал», «Атлетико», «Севиля», «Валенсия» ва «Валядолид»да ишлаган.
Маркос Алонсо — футболчилар сулоласидан эди. Ушбу сулоланинг кичик авлодига мансуб ҳимоячи Маркос Алонсо Мендоса аввалига «Челси» шарафини ҳимоя қилган, ҳозир «Барселона»да ўйнаяпти. Кичик Маркос Алонсонинг буваси Маркитос — Маркос Алонсо Имас «Реал» билан беш марта Европа Чемпионлар кубогини қўлга киритган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter