Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Иззатталабликми ёки «адабий адвокатлик»? ИИВ матбуот котиби Ш.Ғиёсовга

Иззатталабликми ёки «адабий адвокатлик»? ИИВ матбуот котиби Ш.Ғиёсовга

Фото: «Xabar.uz»

Кеча сайтимизда «Яна Андижон! ИИБ ходимлари фуқарони кишан тақиб қийноққа солгани айтилмоқда» сарлавҳали хабар берилганидан воқифсиз. Орадан саноқли соатлар ўтиб-ўтмай, Бош прокуратура матбуот хизмати хабардаги ҳолат ўрганилаётгани ҳақида баёнот берди. Бу ёғи прокуратура томонидан ўтказилаётган терговга қадар текшириш якунини кутиш қолди, холос.

Бироқ кечга бориб, Ички ишлар вазири матбуот котиби Ш.Ғиёсовнинг «баёноти» пайдо бўлди. «Баёнот» сўзи бежиз қўштирноққа олингани йўқ. Нега десангиз, муҳтарам полковникнинг ушбу чиқиши баёнотдан кўра, вазиятни хаспўшлаш,  ҳамкасбларига нисбатан «адабий адвокатлик» қилиш, энг ёмони, ўрганилаётган воқелик натижасини аввалдан башорат қилишга ўхшаб кетади. Иккинчидан, ахборотнинг биринчи манбаси ва унга таяниб, хабар тарқатган «Xabar.uz»ни текширилмаган маълумотни эълон қилиш, бу билан «нохолис» ва   «ички ишлар органларининг шаънига доғ туширувчи маълумотлар тарқатган»ликда айблайди. Камига, бу хатти-ҳаракати учун сайт ходимлари «узр сўраб», ахборотни ўчириши лозимлигини иддао қилади.

Оширвормаяпсизми, жаноб Ғиёсов?

Биринчидан, оммавий ахборот воситаларининг бирламчи вазифаси – жамиятнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш. Бу — ахборотлар фақат ижобий бўлиши шарт, дегани эмас. Агар шу воқеа ОАВга олиб чиқилмаганда, унга эътибор қаратилар эдими-йўқми, буям масала. Охирги йилларда босди-босди қилиб келинган ишлар ОАВ аралашгач, қайта очилгани ҳақида бирма-бир санаш шарт бўлмаса керак. ОАВ бирор воқеалик ҳақида хабар бердими, марҳамат, холис текширинг, у тасдиғини топсин-топмасин, шу ҳақда кафтдек маълумот беринг. Бўлди. Агар тарқатилган ахборотда туҳмат, инсон шаъни, қадр-қимматини қасддан камситиш аломатлари бўлса – бошқа гап: масала қонун доирасида ҳал қилинаверади. Илло, жазавага ҳожат йўқ – ахборот асрининг тартиби шу. Ҳаёт келган жойида давом этаверади.

Иккинчидан, ҳали текширув якунига етмаган воқелик бўйича башоратнамо «баёнот» бериш  ва узр талаб қилган ҳолда хабарни тармоқдан ўчириш лозимлигини иддао қилиш– нопрофессионалликдан бошқа нарса эмас. Матбуот котибига ярашмаган иш бўпти.

Учинчидан, битта ахборот билан ички ишлар органлари шаънига доғ тушиб қолмайди. У ёғини сўрасангиз, ИИВ ходимларининг ўзи хатти-ҳаракатлари билан тизимга  керагидан ортиқ доғ тушириб бўлган, аслида. Қашқадарё ва Андижонда ИИБ ходимлари томонидан гумондорлар уриб ўлдирилганининг ўзи тизимга туширилган катта доғ! Бу доғ ҳали бери кетмаса керак.

Ёки куни кеча россиялик блогернинг Тошкентнинг қоқ марказида, карантин қоидаларига тупурган ҳолда кўрсатган ҳунарини олайлик. Ниқоб тақмаган маҳаллий фуқароларни маъмурий жавобгарликка тортиб, бу ҳақда  оғиз тўлдириб ахборот  бераётган ИИВ масъуллари, россиялик блогернинг ҳурмача қилиғи учун жавобгарлик масаласини ҳал қилиш у ёқда турсин, унга қўриқчилик қилишдан ташқари, яхши гапириб, иззат-икром ила кузатиб қўйишганини нима деб баҳолаш мумкин? ИИВ ходимларининг бундай хатти-ҳаракати маҳаллий аҳолининг иззат-нафсига тегмайдими? Уларга бўлган омонат ишонч баттар акс таъсир қилмайдими? Айнан шундай (яъни одамига қараб чора кўриш ёки эҳтиром кўрсатиш) хатти-ҳаракатлар ички ишлар органлари шаънига доғ туширмайдими аслида, муҳтарам Ғиёсов?!

Тўғри, жамоатчилик босимидан Тошкент шаҳар ИИББ «бошқача гапирди» (шу ерда ҳам икки хил ахборот берилганига эътибор беринг).

Қисқаси, подадан аввал чанг чиқариш ярамайди. Андижондаги воқеани прокуратура ўрганяпти. Ўтказилаётган терговга қадар текшириш холис ва қонуний бўлишига умидимиз кўпроқ.

Натижасини кутайлик. У ёғига – Ё, Раззоқ!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг