Кексалар учун пуллик хизматлар бозори шаклланмоқда — Ҳиндистон
Ҳиндистонда кексалар учун ҳамроҳ топиб берувчи янги хизмат ишга туширилди. The Economic Times нашрининг ёзишича, пенсионерлар ушбу хизматдан фойдаланиш учун пул тўлашлари шарт.
БМТ прогнозларига кўра, 2020 йилдан 2050 йилгача бўлган даврда дунё бўйича 60 ва ундан катта ёшдаги одамлар сони икки баробар кўпайиб, жами 2,1 миллиард нафарга етади. Ҳиндистонда эса ҳар бешинчи фуқаро ана шу 60 ёшдан ошганлар сафида бўлиши кутилмоқда, бу мамлакат аҳолисининг 21 фоизини ташкил этади.
Айни пайтда Ҳиндистонда катта оилалар сони камайиб боряпти: ёшлар ота-оналаридан алоҳида яшашга интиляпти, оқибатда кўплаб кексалар ёлғиз қолиб кетмоқда. Пенсионерларни қўллаб-қувватловчи ижтимоий инфратузилма эса чекланган. Шу боис мамлакатда бундай вазиятларда ёрдам беришнинг турли йўллари ўйлаб топила бошлади.
Масалан, Мумбайда ёлғиз яшовчи кекса ёшли инсон 2500–4000 рупий (тахминан 26–42 доллар) эвазига ўзи билан бирга чой ичадиган, унинг ҳикояларини тинглайдиган ёки бирга сайр қилиб, кинога боришда ҳамроҳлик қиладиган одамни ёллаши мумкин.
Бироқ экспертларнинг таъкидлашича, бундай бизнес иқтисодий жиҳатдан унчалик самарали эмас. Чунки оилалар кекса қариндошларининг руҳий хотиржамлигидан кўра, кўпроқ уларга тиббий хизмат кўрсатилишига устуворлик беришади. Шунга қарамай, мамлакатда пенсионерлар учун бунга ўхшаш бошқа лойиҳалар ҳам очилишда давом этмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter