Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Коррупция: соҳа ва ташкилотлар рейтинги эълон қилинди

Коррупция: соҳа ва ташкилотлар рейтинги эълон қилинди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолияти самарадорлигини баҳолади ва мониторинг натижаларини эълон қилди.

Баҳолаш 29 та махсус индикаторлар асосида «E-Anticor.uz» электрон платформаси орқали амалга оширилди.

Маълумот учун: Ушбу индикаторлар ташкилотда коррупцияга қарши курашиш тизимининг мавжудлиги, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва минималлаштириш чораларининг кўрилганлиги, раҳбар ходимларнинг ҳалоллик бўйича шахсий намунаси, ходимларнинг хабардорлик даражаси, ташкилотнинг коррупцияга қарши ҳуқуқий тарғиботдаги фаоллиги каби бешта асосий йўналишлардаги турли кўрсаткичларни таҳлил қилиш имконини беради.

Баҳолаш биринчи босқичда ўз тизимида коррупцияга қарши стандартларни жорий этаётган 24 та ташкилотда эксперимент тариқасида ўтказилди.

Қайд этилишича, Давлат божхона ва Солиқ қўмиталари ўз тизимидаги барча коррупцион хавф-хатарларни баҳолаш ва улардаги хатар омилини минималлаштириш ҳамда коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси фаолиятини барча таркибий ва ҳудудий бўлинмаларда ташкил этиш орқали коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини жорий қилган. Бу, ўз навбатида, барча жараёнларни назорат қилиш мавжуд хавфларга тезкорлик билан муносабат билдириб бориш имконини беради.

Бундан ташқари, давлат ташкилоти раҳбарининг коррупцияга қарши курашиш бўйича муросасиз позицияси ва ташкилот тизимига, айниқса аҳоли ва тадбиркорлар билан бевосита муносабатга киришувчи йўналишлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали коррупцияга қарши курашиш тенденцияси ҳам мавжуд. Бунга мисол сифатида Адлия вазирлиги, Давлат божхона, Солиқ ва Статистика қўмиталарини кўрсатиш мумкин.

Умуман олганда, баҳолаш натижалари жорий йил «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази билан ҳамкорликда ўтказилган коррупциянинг тарқалганлик даражасини жамоатчилик онгида идрок этилишини баҳолашга қаратилган сўров натижалари билан ҳамоҳанг эканлигини кўрсатди.

Хусусан, сўровнома натижаларига кўра аҳоли томонидан энг коррупциялашган йўналишлар сифатида қайд этилган соғлиқни сақлаш, кадастр, олий таълим соҳаларига жавобгар бўлган Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш фаолияти «E-Anticor.uz» электрон платформасига киритилган маълумотларни таҳлил қилиш ва экспертлар фикрига кўра қониқарсиз деб топилди.

Бу эса, коррупциянинг тарқалганлик даражасини пасайтириш авваламбор, ташкилотда унинг олдини олиш учун қўлланилаётган превентив механизмларга бевосита боғлиқ эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Таъкидланишича, рейтинг баҳолаш натижалари у ёки бу ташкилот (соҳа)ни коррупциялашган ёки коррупциядан холи деган фикрни бермайди. 

Бундан ташқари, «E-Anticor.uz» электрон платформасига айрим ҳужжатлар ёки қилинган ишлар киритилмаган ёки нотўғри киритилганлиги оқибатида ташкилотларга тегишли баллар берилмаслигининг олдини олиш мақсадида рейтингнинг дастлабки натижалари ташкилотларга тақдим қилинган, уларнинг фикр ва эътирозларига асосан якуний рейтинг шакллантирилган.

Баҳолаш натижаларига кўра, 24 та давлат ташкилотининг коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланиб, 3 та ташкилот фаолият самарадорлиги «яхши» – 81 баллдан 100 баллгача, 10 та ташкилот фаолияти «қониқарли» – 55 баллдан 81 баллгача ва 11 та ташкилотнинг ушбу йўналишдаги фаолияти «қониқарсиз» – 55 баллдан паст тоифаларга ажратилди.

«Яхши» деб топилган ташкилотлар

Баҳолаш натижаларига кўра, Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолияти яхши деб топилди.

«Қониқарли» деб топилган ташкилотлар

Баҳолаш натижаларига кўра Адлия, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Мактабгача таълим, Транспорт вазирликлари, Давлат статистика қўмитаси, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш, Давлат активларини бошқариш, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентликлари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоят ҳокимликларининг коррупцияга қарши курашишдаги фаолияти қониқарли деб топилди.

«Қониқарсиз» деб топилган ташкилотлар

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Халқ таълими, Қурилиш, Олий ва ўрта махсус таълим, Молия, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш, Кадастр агентликлари, Бўка ва Мирзо Улуғбек тумани ҳокимликларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолияти қониқарсиз деб топилди.

Рейтинг баҳолаш натижалари Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашига юборилди.

Мазкур рейтинг баҳолаш тизими йил якунига кўра барча давлат идоралари ва ташкилотлари фаолияти бўйича амалга оширилади ва жамоатчиликка эълон қилиб борилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг