Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Лукашенко бу гал Арманистоннинг «томорқасига тош отди»

Лукашенко бу гал Арманистоннинг «томорқасига тош отди»

Фото: RFI

Беларуснинг Еревандаги элчихонаси биноси ёнида Арманистоннинг «Республика учун» партияси вакиллари норозилик намойиши ўтказди. Президент  Александр Лукашенконинг беписанд баёнотидан дарғазаб бўлган фаоллар Беларус элчихонасига картошка, тухум ва помидорларни улоқтирган.

Намойишчилар ҳукуматдан Беларус билан дипломатик алоқаларни узиш ва мамлакатдан беларус дипломатларини сургун қилишни ҳам талаб этган.

Гап шундаки, Александр Лукашенко бир неча кун аввал Россия давлат телеканалига берган интервюсида Арманистоннинг Ғарб билан яқинлашув сиёсатини кескин танқид қилган эди.

«Сиёсатни кузатяпсизми, мен эътибор бермадим ва Арманистон ҳақида гапиришни ҳам истамайман. Бу қандай сиёсат бўлди? Хўш, арманлар биздан бошқа яна кимга керак ўзи? Ҳеч кимга!» — деган Лукашенко Россия ва Беларусни назарда тутиб.

Сўнгги вақтларда Арманистон Франция билан алоқаларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Беларус раҳбари буни ҳам танқид қилган.

«Қанақа Франция, қанақа Макрон? Эртага Макрон кетгач, ҳамма Арманистонни унутади», — деган у.

Жорий йил июнида ҳам даҳанаки тортишувлар ортидан Арманистон ва Беларус муносабати таранглашган, арман томони Минскдан ўз элчисини чақириб олган эди. Бош вазир Никол Пашинян токи Беларусда Лукашенко раҳбарлик қилар экан, на Арманистон етакчиси, на бошқа бирор расмий мулозим бу мамлакатга бормаслигини таъкидлаганди.

Арманистон Россияни «иттифоқчилик мажбуриятларини тўлақонли бажармагани» сабаб танқид қилиб келади. Жорий йил июн ойида Арманистон бош вазири мамлакат Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан чиқишини айтди. Россия шамсияси остидаги тузилмадан чиқиш истаги Кремлга кескин норозилик ўлароқ талқин қилинди. Москва билан муносабатлар таранглашуви фонида Ереван Ғарб томон юз бурмоқда. Арманистон АҚШ билан ҳамкорликда ҳарбий машғулотлар ҳам ўтказди.

Таҳлилчиларга кўра, Беларус раҳбарининг Арманистонга нисбатан танқидий баёноти айнан Кремлнинг норозилигини акс эттиради. Яъни бу ўринда Лукашенко Москва жарчиси вазифасини бажармоқда.

Дарвоқе, Беларус раҳбари Россия давлат телеканалига интервюда бошқа постсовет мамлакатлари «томорқасига ҳам тош отган», яъни уларни Россияга ҳеч нарса бермай, фақат фойда олишда айблаган. Шунингдек, у Қозоғистон ёки Ўзбекистон маҳсулотларига Америка, Европа Иттифоқининг кўзи учиб турмаганини иддао қилган.

Аввал хабар берганимиздек, Лукашенконинг баҳсли фикрлари ортидан Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу Беларуснинг Остонадаги элчисини «қизил гилам»га ҳам чақирди.

Умуман, Лукашенконинг постсовет давлатлар, жумладан, Марказий Осиё республикалари шаънига тегувчи баёнотлар бериши янгилик эмас. У 2022 йилда агар КХШТ йўқ бўлса, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Қозоғистонга ёмон бўлишини даъво қилганди.

2022 йил январ ойида у Қозоғистонда нотинчликни келтириб чиқарган ташқи кучларнинг назари Ўзбекистонга ҳам қаратилгани ҳақидаги фаразни илгари сурган, бу иддао Ўзбекистонни КХШТ таркибига киритишга қаратилган таҳдид дея баҳоланган эди.

Ўшанда Лукашенконинг сўзларига Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам муносабат билдирганди.

Орадан бир ой ўтиб, россиялик пропагандачи Владимир Соловьёвга интервю берган Беларус раҳбари бу гал Марказий Осиё давлатлари қатори Ўзбекистон ҳам собиқ Иттифоқ мамлакатларини ўз ичига олган сиёсий бирлашмага қўшилишини иддао қилган эди. «Батька»нинг бу баёноти Ўзбекистон  мустақиллиги ва давлатчилигига таҳдид сифатида кескин танқидга учраганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг