Лукашенко: Ўзбекистондан келадиган меҳнат муҳожирлари танлаб олинади
Беларус президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб қилиш тизимли ва қатъий назорат асосида амалга оширилишини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бу масала яқинда Минскда бўлиб ўтган музокаралар чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан ҳам муҳокама қилинган.
«Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказдик. Ўзбекистонда аҳолини иш билан таъминлаш масаласи долзарб. Бизда эса кадрларга эҳтиёж бор. Шунинг учун одамларни таклиф қилиш тизимини ишлаб чиқяпмиз», – деди Лукашенко.
Унинг таъкидлашича, яқин вақтда Ўзбекистондан тахминан 200 нафар мутахассис Витебск вилоятида ишлаш учун Беларусьга келиши кутилмоқда.
Лукашенко меҳнат муҳожирлари мамлакат бўйлаб эҳтиёжга қараб тақсимланишини, уларни бир жойга жамлаш режалаштирилмаётганини билдирди.
Беларус раҳбарига кўра, ишчиларни танлаш жараёнида мамлакат элчихонаси ва иш берувчилар иштирок этади. Ҳар бир корхона ўзига қанча ходим ва қайси мутахассислик вакиллари кераклигини белгилайди, улар учун шахсан жавобгар бўлади.
«Тартиб бўлиши шарт. Ҳаммани бирданига қабул қилиш мумкин эмас. Танлаб, мақсадли равишда – кимга қанча ходим керак бўлса, шунча таклиф қилинади», – деди Лукашенко.
Шунингдек, у меҳнат муҳожирларининг оилалари билан келиши маъқул эканини, Беларусь уларга турар жой ва маҳаллий фуқаролар билан тенг меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга тайёрлигини таъкидлади.
Беларус Президенти администрацияси раҳбари Дмитрий Крутойнинг маълум қилишича, Шавкат Мирзиёев ҳам мазкур масалани шахсан назорат қилиб, Беларусьга асосан малакали мутахассислар юборилишини таъминлайди.
Ҳозирги вақтда Беларусда 7 минг нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси рўйхатда турибди. Уларнинг бир қисми ишлаётган бўлса, яна бир қисми мамлакат олийгоҳларида таҳсил олмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter