Мажбурий ижро бюроси Россия федерал хизмати билан ҳамкорлик қилади

Кеча, 9 апрель куни Ўзбекистоннинг таклифига биноан Россия Федерацияси Суд приставлари Федерал хизмати (СПФХ) директори Дмитрий Аристов бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросида Дмитрий Аристов раҳбарлигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Россия Федерациясининг СПФХ делегацияси Бош прокуратура ва Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази, шунингдек, Мажбурий ижро бюросига ҳам борди ва фаолияти билан танишди.

Ташриф доирасида Бош прокуратурада Федерал хизмат ва Бюро раҳбарлари ўртасида расмий музокаралар ўтказилди.
Россиянинг СПФХ ва Бюро ўртасида келгусида икки томонлама англашув ва ҳамкорлик қилишнинг ҳуқуқий асоси ҳисобланувчи Меморандум имзоланди. Меморандумда икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашни назарда тутувчи, маълумот ва тажриба алмашиш, ҳамкорликдаги тадбирларни ўтказиб бориш, шунингдек, суд қарорларининг мажбурий ижро қилиш масалалари юзасидан бевосита маслаҳатлашувларни ўрнатиш назарда тутилган.
Ахборот-таҳлил мультимедиа марказида Бюро органлари фаолияти ва унинг «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди.
Россия делегациясига Ўзбекистон Республикасининг мажбурий ижро тизимидаги амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Бюрода ижро ҳужжатлари юзасидан қарздорликларни ундириш масалалари бўйича ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизими, шунингдек, Тошкент вилоятида эксперимент тариқасида жорий этилган давлат активларини электрон савдо майдончаси орқали ижарага бериш механизмлари ва яратилаётган бошқа янгиликлар алоҳида қизиқиш туғдирди.

Бундан ташқари, шу куни Россия Федерацияси суд приставлари Федерал хизмати (Россия Федерал хизмати) ташрифи доирасида Бош прокуратура Олий ўқув курсларида «Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясида мажбурий ижро механизмларини такомиллаштириш масалалари» мавзусида ўқув-семинар ҳам ташкил этилди.
Тадбирда давлат ижрочилари, Бюронинг марказий аппарати, Тошкент шаҳар ҳамда Тошкент вилояти бошқармаларининг бўлим бошлиқлари ва ходимлари, Бюронинг ҳудудий туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари тингловчилари, олий ўқув курсларининг профессор ва ўқитувчилари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Имзоланган қўшма Меморандум доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ҳамда Россия Федерал хизмати ўртасида икки томонлама ўзаро яқин муносабатлар йўлга қўйилиши кўзда тутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter