Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мактабга «юқори»дан келишди. Хўш?

Мактабга «юқори»дан келишди. Хўш?

Фото: Олий суд матбуот хизмати

Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги 232-умумтаълим «юқори»дан ташриф бўлди. «Юқори»ки, уларнинг ваколати ва салобати олдида мўъжазгина  ўрта таълим даргоҳи тугул, катта-катта ташкилот раҳбарлариям шошиб қолиши мумкин: Ўзбекистон Республикаси Олий суди (раис ўринбосари Холмўмин Ёдгоров), Хотин-қизлар қўмитаси (раис ўринбосари Гулнора Маърупова), Бош прокуратурадан вакиллар, туман прокуратураси мутасаддилари...

Фото: Олий суд матбуот хизмати

Хотирингиз жам бўлсин: меҳмонлар  қандайдир текширув ёки бирорта кўнгилсиз ҳодисани муҳокама этиш учун  келишмади. Балки «Инсон ҳуқуқи бола ҳуқуқидан бошланади» мавзуи доирасида ўқувчилар билан  ўзаро мулоқот қилдилар.  Таъкидлаймиз: тадбир «ўзаро мулоқот» шаклида бўлди. Бу эса мактаб ўқувчилари «ҳазм» қилолмайдиган маъруза ёки қуруқ панд-насиҳатларга ҳожат қолмаганини англатади. Ўз навбатида мактаб маъмурияти ҳам меҳмонлар ташрифи сабаб аълочи ўқувчиларни танлаб-танлаб тадбирга «тайёрлаш»  ёки зални тўлдириш учун  катта-кичик синф болаларини мажбуран «ушлаб ўтириш»дек бошоғриқлардан воз кечишибди. Бунинг далилики, меҳмонлар, асосан, юқори синф ўқувчилари билан мулоқотда бўлдилар. Иккинчидан, мактаб директори  Дилдора Усмонова меҳмонлар билан таништиргач, ўзи зални тарк этди:  ўқувчилар ортиқча босимдан халос бўлиши ва бемалол суҳбатлашиши учун...

Тадбирга мухтасар чизги берсак, ҳаммаси самимий ва жонли руҳда ўтди. Меҳмонлар боланинг ҳуқуқи-ю мажбурияти, одоб-у ва адаб, тўғрилиг-у ўғрилик каби мавзуларда ўз тажрибаларидан келиб чиқиб гапирдилар. Сўнг сўзни ўқувчиларнинг ўзларига беришди:«Нималарни тушундинг, болам?» Ўқувчилар уққанларини айтишди, тушмаганларини такрор сўрашди. Катталар ҳам бир гапни икки қайтаришдан эринмадилар... Мана буни жонли мулоқот деса бўлади.

Учрашув жараёнида вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар ва бунинг оқибатлари ҳақида тасвирга олинган фильм намойиши эса ўқувчиларга ўзгача таъсир этгани аниқ. Меҳмонлар томонидан ҳадя этилган турли номдаги адабиётлар-ку айтманг...

Фото: Олий суд матбуот хизмати

... Бир қарашда катта-катта мутасаддиларнинг бошидан ошиб ётган ишидан  аранг ажратган вақтини йигирма-ўттиз нафар ўқувчилар билан суҳбатлашишга сарфлагани ғайритабиийроқ туюлади. Тадбир миқёси каттароқ бўлсаям бошқа гап... Бунга Холмўмин Ёдгоров изоҳ бердики, тадбир катта бўлса-ю самараси кам бўлса, бундан нима ва кимга фойда?!  Вояга етмаганлар билан ишлаш билвосита эмас, бевосита бўлмоғи керак. Шундай экан, масъулларнинг катта бошини кичик қилиб, тарбиянинг асосий ўчоғи бўлган мактабларга келиши  лозим ва шарт.  Мана, ўтган тўққиз ой давомида 8036 нафар ёшлар жиноятга қўл урган бўлса, уларнинг 378 нафарини вояга  етмаганлар ташкил этади. Албатта, рақам лабга учуқ тоширадиган даражада эмас, бироқ хотиржам бўлмоққа-да изн бермайди-да.

Президентимиз ташаббуси билан болалар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама баркамол инсон қилиб тарбиялаш, вояга етмаганларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан рағбатлантириш ва уларнинг юқори даражада таълим-тарбия олишини ҳар томонлама таъминлаш борасида изчил ҳамда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Демак, келажак олдидаги масъулият залворидан бу ёғига қуруқ ҳисобот учун тадбирлар уюштириш билан мақсадга эришиб бўлмайди.  Зеро, Абу Ҳомид Ғаззолий таъбири билан айт­ганда: «Бола тарбияси энг муҳим ишлардандир. Фарзанд ота-онага омонат. Бола қалби пок, нозик, содда ва ҳар қандай нақш ва суратдан холи гав­ҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, эгган томонга эгилади».

Жиноят содир этган аксарият вояга етмаган шахсларнинг судда: «Қонунни билмаганим сабаб ўз ҳаракатимнинг жиноят эканлигини англамаганман, энди тушундим, бошқа такрорланмайди, пушаймонман», мазмунида гапиришади. Қайд этиш жоизки, қонунни билмаслик жиноий жавобгарликдан озод қилишга асос бўлмайди. Аксинча, қонунни билмаслик ва унга риоя қилмаслик уни бузишга, бу эса жавобгарликка сабаб бўлади. Шундай экан, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлашда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш муҳимдир. Ёш авлоднинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти мактаб давридаёқ ғунча отмаса, муҳим фурсат бой берилмайдими? Бу жараёнда пайдо бўлган бўшлиқ наинки вояга етмаган боланинг ўзига, ота-онаси, қўйингки, жамиятга қимматга тушмайдими? Шундай экан, катта-катта идораларнинг масъул раҳбарлари фақат катта тадбирларда кимлардир ёзиб берган нутқни ҳижжалаб ўқиб бериш ўрнига вақти-вақти билан умумтаълим мактабларга қадам ранжида қилиб туриши, бундай ташрифлар эса «ғайритабиий» эмас, мутлақо табиий ҳолатга айланиши лозим. Зеро, жамиятда қонунларга ҳурмат билан қараш муҳити узил-кесил шаклланмас экан, тараққиётдан умид қилиш душвор. Қонун эса инсонлардан ҳалол-у покликни талаб этади. Ҳалолу пок авлоднинг одоб-аҳлоқи ҳам шунга яраша бўлади.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг