Марказий Осиё — янги иқтисодий ўсиш маркази: Шавкат Мирзиёев Петербург форумида муҳим ташаббусларни илгари сурди
Айни дамда Петербург халқаро иқтисодий форумининг ялпи йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жаҳон иқтисодиётидаги туб ўзгаришлар ва мамлакатимизнинг янги стратегик ўрнига бағишланган муҳим нутқ сўзламоқда.
Дунё чуқур трансформация даврини бошидан кечирмоқда. Транспорт йўлаклари бутунлай ўзгариб, янги ишлаб чиқариш занжирлари шаклланмоқда. Сунъий интеллект ва замонавий технологиялар эса давлатларнинг келажакдаги ўрнини белгиловчи асосий омилга айланиб улгурди.
Президент ўз нутқида Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси нафақат географик, балки иқтисодий нуқтаи назардан ҳам глобал ўзгаришларнинг марказига айланиб бораётганини таъкидлади.
«Ўзбекистон минг йиллар давомида Буюк ипак йўлининг юраги бўлиб келган. Ҳозирги кунда бу мақом янгича маъно-мазмун касб этмоқда. Минтақамиз Шимол ва Жануб, Ғарб ва Шарқ ўртасидаги асосий коммуникациялар чорраҳаси сифатида келажак қиёфасини шакллантирмоқда.
Кучайиб бораётган айни тенденцияни янада мустаҳкамлаш учун бизга сифат жиҳатидан янги даражадаги боғлиқлик ниҳоятда зарур. Бу ўринда нафақат анъанавий транспорт-логистика ва энергетика йўлакларини бирлаштириш, балки рақамли, тўлов ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини интеграция қилиш ҳақида ҳам сўз бормоқда. Кучли, бирлашган, иқтисодий жиҳатдан боғланган, очиқ ва барқарор Марказий Осиё барча шерикларимизнинг стратегик манфаатларига жавоб беради», — деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев глобал беқарорлик шароитида давлатларнинг бирлашувига алоҳида эътибор қаратди. Президентга кўра, фақатгина ўзаро манфаатдорлик ва барқарор кооперация маконини ярата олган давлатларгина келгуси ўн йилликларда етакчилик қилади. Президентнинг ушбу чиқиши Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий сиёсатида очиқлик ва прагматизм устуворлигини яна бир бор тасдиқлади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter