Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Маркетинг шунчаки креативлик эмас, у аниқ механизм: Полшадаги грантдан тортиб, «Podium Tashkent» ва «Union Cafe» муваффақиятигача

Маркетинг шунчаки креативлик эмас, у аниқ механизм: Полшадаги грантдан тортиб, «Podium Tashkent» ва «Union Cafe» муваффақиятигача

Бугунги рақамли бозорда саҳифа очиш осон. Аммо саҳифани реал савдога хизмат қилдириш — бутунлай бошқа масала. Маркетинг стратег ва «Focus» агентлиги асосчиси Гўзал Адилбабаева маркетингни визуал эстетикадан кўра кўпроқ бошқариладиган тизим сифатида кўради. Унинг ёндашувида ҳар бир пост — бу коммуникация, ҳар бир видео — бу конверсия, ҳар бир кампания эса ўлчанадиган натижадир.

Гўзал маркетинг соҳасига тасодифан келмаган. У IT йўналишида Тошкентдаги Вестминстер университетида таҳсил олган. Дастурлаш, product thinking ва аналитик тафаккур унга жараёнларни тизимли кўриш кўникмасини берди. Рақамли маҳсулотлар — сайтлар, ўйинлар, платформалар қандай ишлашини билиши кейинчалик маркетингни фақат креатив эмас, балки механизм сифатида тушунишига ёрдам берди. Бугун у 10 кишилик профессионал жамоани бошқармоқда, 12 дан ортиқ йирик блогерларнинг фаолиятини координация қиляпти ва «ПроСММ» курси орқали ўнлаб шогирдларни бозорга тайёрлаб бермоқда.



Қуйида Гўзал Адилбабаева билан унинг мураккаб ва муваффақиятли йўли ҳақида суҳбатлашамиз.

— Гўзал, сиз шифокорлар оиласида вояга етгансиз. Ота-онангиз сизга максимал таълим беришганини таъкидлайсиз. Вестминстер университетига кириш йўлингиз қандай бўлган?
— Тўғри, мен оддий шифокорлар оиласида катта бўлганман. Акам, опам ва менга ота-онам максимал даражада таълим беришга ҳаракат қилишган. Вестминстерга кириш мен учун осон бўлмаган. IELTS имтиҳонига ўзим тайёргарлик кўриб, 7 балл олганман. Ёшлигимиздан боғчамизда ҳам, мактабимизда ҳам инглиз тили бўлган, доимий репетиторлар билан шуғулланганмиз. Ўқишга ўз билимим ва кучим билан кирганимда жудаям хурсанд бўлганман. Шу билан бирга, ўз контрактимни ўзим тўлайман деб ният қилганман ва 16 ёшимдан бошлаб тинимсиз меҳнат қила бошладим.

— 2019 йилда Полшага ютиб олган грантингиз ҳақида гапирсангиз. Бу сафар дунёқарашингизга қандай таъсир қилди?
— 2019 йилда Вестминстер университетининг ҳамкори — "Women in Tech" лойиҳаси доирасида Варшавада бўлиб ўтадиган форум учун грант ютиб олдим. Бу мотивацион хат ёзиш орқали эришилган беш кунлик, тўлиқ тўланадиган сафар эди. У ерда IT-технологияларга қизиққан аёл-қизлар йиғилган эди. Мен Google вакиллари ва бошқа етакчи компания мутахассислари билан яқиндан танишдим. Бу тажриба менинг дунёқарашимни бутунлай ўзгартирди. Мен тушундимки, келажагимни айнан рақамли дунё ва технологиялар билан боғлашим керак.

— Маркетинг соҳасида дастлабки йиллар қандай ўтди? IT билимлари сизга қайси нуқтада ёрдам берди?
—Талабалик пайтида меҳмонхонадаги 8 соатлик иш тажрибаси менга вақт ва даромад ўртасидаги тўғридан-тўғри боғлиқликни кўрсатиб берди. Шундан сўнг SMM агентлигида иш бошладим ва бу менинг профессионал йўлимдаги бурилиш нуқтаси бўлди. Очиғи, ўша пайтда атрофимдаги дўстларим SMM орқали онлайн ва масофадан туриб мендан кўра кўпроқ даромад топаётганини кўриб, маркетинг агентлигида тажриба орттиришга қатъий қарор қилганман. Контент ишлаб чиқишдан тортиб, мижоз билан брифдан якуний натижагача бўлган барча жараёнларни айнан ўша ерда операцион бошқарув даражасида ўргандим. IT бекграунди эса менга ҳар бир маркетинг қарорини шунчаки ҳиссиёт ёки креативга таяниб эмас, балки аниқ маълумотларга асосланиб (data-driven) қабул қилиш имконини беради.

— Лойиҳаларингиз ичида энг сезиларли натижа бергани сифатида "Union Cafe" кейсини мисол келтирасиз. Бу муваффақиятнинг сири нимада эди?
— "Union Cafe" билан ишлашни бошлаганимизда ойлик айланма 100 миллион сўм атрофида эди. Биз мақсадни 200 миллионга қўйдик. Саҳифа тўлиқ қайта қадоқланди: визуал концепция янгиланди, видео контент улуши оширилди, таргет кампаниялари аниқ сегментларга ажратилди. Натижада қисқа муддат ичида савдо 197 миллионга, кейинчалик эса 229 миллион сўмга етди. Бу натижа маркетинг шунчаки "пост жойлаш" эмас, балки аниқ савдо тизими эканини исботлади.

— Премиум сегмент, хусусан "Podium Tashkent" билан ишлаш ўзига хос қоидалар талаб қилади. Қисқа вақт ичида фашион-шоу ташкил қилиш қандай кечди?
— Премиум сегмент оддий СММдан кўра юқорироқ визуал стандарт ва тезкорликни талаб қилади. 2025 йил декабрида биз бир ҳафта ичида катта fashion-shou ўтказдик. Вазифам 100 га яқин блогер ва юлдузларни йиғиш эди. Муниса Ризаева, Шаҳлохоним каби юлдузлар билан бевосита мулоқот қилиб, уларни таклиф қилдик. Бир ҳафтада 100 та таклифнома тарқатиш, онлайн анонсларни шов-шувли қилиш ва идеал продустионни таъминлаш — буларнинг ҳаммаси тизимли бошқарув мевасидир.

— «Focus» агентлиги бугун қандай ишлайди? Жамоани бошқаришда қайси тизимдан фойдаланасиз?
— Агентлигимизда 10 киши бор: СММ мутахассислари, мобилограф, видеограф, дизайнерлар ва мотион-дизайнерлар. Ҳар бир лойиҳа аудитдан бошланади, сўнгра КПИ белгиланади. Бизда ҳафталик брифинглар ва қатъий деадлине интизоми мавжуд. Мен «перекличка» тизимидан фойдаланаман: эрталаб режа тузилади, кун охирида эса нима бажарилгани назорат қилинади. Креативлик фақат бизнес мақсадига хизмат қилгандагина мазмунга эга бўлади деб ҳисоблайман.

— Сиз нафақат мутахассис, балки устозсиз ҳам. «ProSMM» курси ўқувчиларга нима беради?
— Курснинг асосий фарқи — реал лойиҳаларда амалиёт ўташдир. Биринчи оқимда 10 киши ўқиган бўлса, ҳозир битирувчилар сони 60-70 тадан ошди. Ўқувчиларга ўзимнинг агентлигимдан реал вазифалар бераман. Энг яхши натижа кўрсатганларни эса агентлигимизга ишга олиб қоламан.

— 2023 йил октябрида турмуш қургансиз. Оила, карьера ва шахсий блог — буларни қандай қилиб баравар олиб бориш мумкин? Бу сизга тўсиқ бўлмадими?
— Аксинча, турмуш қурганимдан кейин оилавий қўллаб-қувватлаш менга янги куч берди. Жамоам борлиги ҳам ишни тўғри делегация қилишимга ёрдам беради. Бизда "вақт блоки" қоидаси бор: кечки олтидан кейин мен ишга жавоб бермайман, бу вақтни тўлиқ оиламга бағишлайман. Burnout бўлмаслик учун ҳафтада бир-икки кун бутунлай ўчаман (оффлайн бўламан). Турмуш ўртоғим билан дам олишга чиқиш, кино кўриш менга энергия беради. Ишончим комилки, оиламнинг қўллаб-қувватлаши ва профессионал жамоа билан ҳар қандай чўққини забт этиш мумкин.

— Келажакдаги мақсадларингиз қандай? «Focus»ни қаерда кўрасиз?
— Кейинги 12 ой ичида агентлигимизни янада катталаштирмоқчиман. Ҳозирда офис олиш ва штатимизга кўпроқ профессионал мобилограф ва видеографларни йиғиш ҳаракатидаман. Курсларни яна давом эттириш режамда бор. Катта орзуим — халқаро брендлар билан ишлашни давом эттириш (ҳозирда ҳам Pinko ва Max Mara билан ҳамкорлик бор) ва Ўзбекистон маркетинг хизматларини ташқи бозорга олиб чиқишдир.

— Тенгдошларингизга ва маркетингга кириб келаётган ёшларга маслаҳатингиз?
— Аввало ҳар бир ишни бошлаш учун истак кучли бўлиши керак. Ҳар бир соҳада ёшлар учун имкониятлар жуда катта. Ҳар бир давлатда, ҳар қандай шароитда яхши мутахассисга эҳтиёж бор. Энг муҳими — режа билан ишлаш ва ўз мақсадингиз йўлида тўхтамаслик.

Сиз ҳам бизнесингизни янги босқичга олиб чиқишни ёки профессионал маркетинг билимларини эгаллашни истасангиз, тизимли ёндашувни танланг. Гўзал Адилбабаева тажрибаси шуни кўрсатадики, креативлик ва аналитика уйғунлашгандагина маркетинг реал натижа беради.

Муаллиф: Асрор МИРЗО

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг