Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Марказий банк аҳолининг жамғариш одатлари ва молиявий саводхонлиги бўйича тадқиқот ўтказмоқда

Марказий банк аҳолининг жамғариш одатлари ва молиявий саводхонлиги бўйича тадқиқот ўтказмоқда

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистон Марказий банки ва мамлакатдаги мустақил тадқиқот марказларидан бири бўлган «ERGO Analytics» ўртасида имзоланган меморандум доирасидаги амалий ҳамкорлик изчил давом этмоқда.

Тадқиқотни халқаро стандартлар асосида ташкил этиш мақсадида жараёнга Франциянинг экспериментал тадқиқотларга ихтисослашган «Eval-Lab» консалтинг компанияси ҳам жалб этилди.

Ҳамкор ташкилотлар иштирокида аҳолининг жамғариш хулқ-атвори ва молиявий саводхонлигини оширишга қаратилган хулқ-атвор интервенцияларининг самарадорлигини баҳолаш учун сўровнома ҳамда интервенция дизайни ишлаб чиқилиб, якуний кўринишга келтирилди.

Марказий банк тадқиқотни халқаро этика талабларига мувофиқ ўтказишга алоҳида эътибор қаратган. Шу муносабат билан «Westminster International University in Tashkent» ҳузуридаги Илмий тадқиқотлар этикаси қўмитасининг ижобий хулосаси олинди.

Лойиҳа доирасида Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги 90 та маҳаллада яшовчи 2 700 нафар аҳолини қамраб олиш режалаштирилган.

Сўровнома ва интервенция механизмларининг амалиётдаги самарадорлигини баҳолаш мақсадида Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Қуйи Чирчиқ туманларида пилот сўровлар ўтказилмоқда.

Марказий банк маълумотига кўра, мазкур тадқиқот хулқ-атвор иқтисодиёти ёндашувларидан фойдаланган ҳолда аҳолининг иқтисодий қарор қабул қилиш жараёнларини чуқурроқ ўрганиш имконини беради.

Олинган натижалар асосида далилларга таянган иқтисодий сиёсат чораларини ишлаб чиқиш, шунингдек, аҳолининг молиявий саводхонлиги ва жамғариш маданиятини оширишга қаратилган янги механизмларни шакллантириш кўзда тутилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг