Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мексикада ХIV аср ҳиндуларининг ҳаммоми топилди

Мексикада ХIV аср ҳиндуларининг ҳаммоми топилди

Бу Мексиканинг туб аҳолиси испанларгача ҳам ҳаммомлардан фойдаланганига ашёвий далил бўла олади.

Мексика миллий антропология ва тарих институти (INAH) олимлари Мексиканинг тарихий қисмида буғ ҳаммомини ва испан босқинидан олдинги маҳаллий ҳиндулар ҳаёт тарзининг бошқа археологик далилларини топдилар.

ХIV асрда замонавий Мехико ўрнида ацтеклар империясининг бўлажак пойтахти – Теночтитлан шаҳар-давлати гуллаб-яшнаган. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, бу топилма Теночтитланнинг энг қадимги қисми – ўша давр фуқаролари учун кўплаб қадамжолар ва муҳим маданий объектлар жойлашган Темазкалтитлан мавзесини тасдиқлаш имконини беради.

Аввалдан Темазкалтитланда шундай ванналар борлиги қадимги ҳужжатлардан маълум бўлган: топилма уларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлайди. Маҳаллий тилда «науатл» деб аталган буғ темаскал (темаскал – «Қайноқ тошлар уйи» маъносини беради) ҳаммомларини олимлар 14-асрга тегишли деб ҳисоблашмоқда. Гумбазли бу иншоот Мексиканинг Ла-Мерсед шаҳри яқинида, Талавер кўчаси остида жойлашган. Афтидан, ҳаммомдан даволаниш ва маънавий мақсадлар учун фойдаланилган: археологлар уни маҳаллий унумдорлик илоҳасига боғлаш билан бирга, бу ер турли покланиш маросимлари, ҳатто, ҳомиладор аёлларнинг туғиши учун ишлатилган бўлиши мумкин, деб тахмин қилишяпти.

Тадқиқотчилар унинг ишлаш тамойилини қуйидагича таърифлайдилар: табиий иссиқ булоқлар билан таъминланган темаскал илиқ сувли кичик ҳовуз ва ўтириш учун ўриндиқларни ўз ичига олади. Иншоот сомонли ғиштлардан қурилган ва тезонтл деб номланувчи вулқонли тош билан қопланган. У сув буғи билан тўлдирилган. Ҳажми – узунлиги тахминан беш метр (16,5 фут), кенглиги деярли уч метр (9,8 фут).

Маҳаллий халқ бу ерда аёл илоҳаларга сиғинишган. Археолог Виктор Эсперон таъкидича, унумдорлик илоҳаларига покланиш ва сув маъмудалари ҳам киритилган бўлиши мумкин. Қизиғи шундаки, темазкалтитланликлар ҳам испанларгача агава ва бошқа ўсимликлардан тайёрланган спиртли ичимлик – пулк билан боғлиқ илоҳларга ибодат қилишган. Маълумки, уни тайёрлаш жараёни доимо кўплаб диний маросимларга боғлиқ бўлиб келган.

Таниқли олим Эрнандо Алварадо Тесосомок (1520–1609)нинг Crónica Mexicáyotl («Мексика хроникаси») ҳужжатида Теночтитланда Кецалмояхуаци исмли зодагон ҳинду қизнинг покланиш маросимлари учун темасcал қурилгани ва бу маросимларда шаҳарликлар иштирок этгани тасвирланган. Муаллифларнинг таъкидлашича, янги топилма Темазкалтитлан шаҳрининг маънавий ва маданий аҳамиятини ва унинг маросим амалиётларини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг