Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Турсунали Акбаров

Йиғлаб борма, ҳўнграб чиқади!

МФЙ раиси ҳокимиятнинг дастёрими? Ёки туман ҳокими ўринбосарининг санамай саккиз дегани ҳақида

МФЙ раиси ҳокимиятнинг дастёрими? Ёки туман ҳокими ўринбосарининг санамай саккиз дегани ҳақида

Воқелик шундай: Ўзбекистон тумани Товуш маҳалла фуқаролар йиғини раиси Элаш қишлоғида (қишлоқ шу МФЙ таркибига киради) ҳашар йўли билан қурилган бино-иншоотларни (маҳалла гузаридаги оқсоқол хизмат хонаси, чойхона, сартарошхона) МФЙ балансига бириктириб беришни сўраб  ҳокимга мурожаат қилди. Туман ҳокими ўринбосари  М.Мансуровнинг мурожаатга йўллаган жавобини  қаранг: «...Товуш МФЙ ўзини-ўзи бошқариш органи бўлиб, улар тижорат фаолияти билан шуғулланиши мумкин эмас ва баланс тушунчаси қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган. Туман ҳокимлиги МФЙларнинг юқори органи ҳисобланганлиги боис мурожаатда кўрсатилган объектларни туман ҳокимлиги балансига олиш ва кейинчалик тадбиркорлик субъектларига бириктириб (бериш) мақсадга мувофиқлигини билдирамиз. Туман ҳокими ўринбосари (имзо). 2018 й. 4 октябрь. №05-36/343».

Шу бир парчагина жавоб хатида нималар акс этмаган дейсиз? Ҳуқуқий саводсизлик дейсизми, санамай саккиз дейишми, тайёрга ошга баковуллик эҳтимолию маъмурий буйруқбозликнинг яна бир ифодасими — ҳамма-ҳаммаси бор! Янаям чуқурроқ кетилса, жавобдан маҳалла фуқаролари йиғини раисларининг бугунги чин аҳволини ҳам илғаш мумкин.

Дарҳақиқат, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тижорат ташкилоти эмас. Бироқ бу дегани «олма пиш, оғзимга туш» деб ўтиравер, сен хайр-саховат эвазигагина кун кўришинг керак, деган маънони англатмайди. Қўлдан берганга қуш тўйганми?!

Хўп, қонун нима дейди?

«Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонунга кўра, бундай тузилмаларда «...ўз маблағларини шакллантириш, фуқаролар йиғини мол-мулкига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва  тасарруф этиш» ҳуқуқи бор (11-модда). Мол-мулкка эгалик ҳуқуқи улар (мол-мулклар) юридик шахс балансида акс этиши билан юзага келади. Акс ҳолда фуқаролар йиғинларига бунақа ҳуқуқнинг кераги йўқ эди. Шунинг ўзи  ҳоким ўринбосарининг фуқаролар йиғинларида «баланс тушунчаси қонунда назарда тутилмаган» деган даъвоси қип-қизил ёлғон эканини тасдиқлайди.

Шунингдек, «...туман ҳокимлиги МФЙларнинг юқори органи» дейилиши-ку, сафсатанинг ўзи!.. Мана қонун, ўқинг: «...Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига» кирмайди (8-модда). Эҳтимол, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти  «Ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича тегишли кенгашлар» томонидан мувофиқлаштириб борилиши, уларга (кенгашларга) вилоят, шаҳар, туман ҳокимлари жамоатчилик асосида раислик қилиши (20-модда) маҳаллий ҳокимиятга МФЙлар устидан «хўжайинлик қилиш» ҳуқуқини бераётгандай туюлар? Аслида ундай эмас. Бунда ҳокимларга жамоат ташкилотига жамоатчилик асосида раҳбарлик қилиш масъулияти юклатилмоқда, холос. Зотан, давлат органлари, хусусан, маҳаллий ҳокимият «...фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини амалга ошириши учун зарур шароит» яратиб, «қонун ҳужжатлари билан берилган ваколатларни амалга оширишда» уларга кўмаклашиши керак (7-модда). Бундай «кўмак» одамлар ҳашар йўли билан тиклаган бино-иншоотларни аввалига ўзига олиб, кейин гўёки тадбиркорлик субъектларига бириктириб бериш билан кўрсатилмайди-да.

Бунақаси туман ҳокимияти мутасаддисининг «ўз мақсадига» мувофиқ келар балки, илло  умумжамоат манфаатига хизмат қилмайди. Маълумки, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг молиявий асослари маҳаллий бюджетлар маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайрияларидан ташқари «ўз маблағлари ва ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа маблағлардан» ташкил топади (27-модда). Ўша  маблағлар жамоатчиликнинг фаол ҳаракатию харажати билан қурилган юқоридаги каби бино-иншоотларни  ўз балансига олиб, уларни юридик ва жисмоний шахсларга вақтинчалик ёки доимий фойдаланиш ёки ижарага бериш (26-модда) орқали топилмаса, осмондан тушмайди-ку, ахир?! Туман ҳокими ўринбосарининг шугинага фаросати етмаса, курсини нега банд қилиб ўтирибди?

Хўп, айни масалада МФЙ раиси ҳокимиятни судга бериши мумкинми? Мумкин бўлганда қандоқ. Бироқ буни тасаввур қилиб бўлмайди ҳатто. Нега? Маҳалла раисининг ҳокимиятни судга бериши шаккоклик билан баробардай гўё. Маҳаллий давлат ҳокимияти амалдорининг  саводи ва тасаввурини кўриб турибсиз: «туман ҳокимлиги МФЙларнинг юқори органи», «(МФЙларда) баланс тушунчаси (бўлиши) қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган» эмиш...

Шунақа тасаввурлар боис аксарият ҳокимлар маҳалла фуқаролар йиғини раисларини беминнат дастёрга айлантириб олишган: нима деса, шуни қилиши керак. Чизган чиғидан чиқиб кўрсин-чи!

Умуман, маҳалла фуқаролари йиғини раисларининг кўрган куни қурсин! Ҳамма нарсага балогардон ўшалар: оилавий қўйди-чиқди, қўни-қўшнилараро тотувлик, ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига масъуллик, мазлумларга кўмак, фахрийларга эътибор, ҳуддудни ободонлаштириш... Қай бирини айталик?! Камига коммунал тўловлар орқасидан югурган ҳам, обуна деб чопган ҳам, кўмир-газ (баллон) тақсимоти-ю буғдой вақтида суғорилмагани учун ариққа туширилиб, муздек сувга бўктирилган ҳам маҳалла раиси... Яна давом этсак, ҳаммаҳалласининг Россияда мардикорлик қилаётгани, Туркия ёки Дубайда танини сотаётганига ҳам улар сабабчидек гўё: «Маҳалла қаерга қараяпти?».

Оладиган бир сиқим маошига бир дунё ғурбат ортиб қўйилган бунақа уволи йўқ раҳбар қайси тизимда бор?! Оғиз тўлдириб мақтанишимизни айтинг: биздаги маҳалладек ноёб тузилма унча-мунча халқларда йўқ!

Асрлар давомида шаклланиб келган мазкур институтни янада такомиллаштириш учун озмунча чора кўрилмади, бироқ самара-чи? Мақтангудек эмас, албатта. Нега?

Мана, сабаби ойдинлашмоқда: маҳалла раисининг жилови маҳаллий ҳокимият қўлида экан, самарадан умид қилиш қийин. Қонунга кўра, маҳалла оқсоқоли яширин овоз бериш йўли билан сайланса-да, пировардида ҳокимият тасдиқлаган номзод «ғалаба қозонса» (шунинг натижасида номуносиблар ҳам раислик «мартабаси»га етишмаяптими?), «йўриғига юрмаган» раисни шартта алмаштириш ҳоким учун муаммо бўлмаса, МФЙларга кўмак бериш ўрнига борини олиб, бирорта савдогарга бериш пайига тушилаверса, хизмат вазифаларига кирмайдиган юмушларга кўмиб ташланаверса, ташланаверса... самара ҳақида гап бўлиши мумкинми ўзи?