Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Москвадаги «Внуково» ва «Шереметево» аэропортларидаги вазият ҳақида маълумот берилди

Москвадаги «Внуково» ва «Шереметево» аэропортларидаги вазият ҳақида маълумот берилди

Фото: Видеодан скриншот

Ижтимоий тармоқларда Москва шаҳрининг «Внуково» ва «Шереметево» халқаро аэропортларида икки мамлакат ўртасида ҳаво, автомобил ва темир йўл алоқаси тўхтатилгани туфайли мамлакатимизга парвоз қила олмаган ҳамюртларимиз қолиб кетгани ҳақида маълумотлар тарқатилди.

Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси ушбу маълумотларни тасдиқлади.

Қайд этилишича, элчихона томонидан «Внуково» аэропорти раҳбарияти билан ўтказилган музокалар натижасида юртдошларимизнинг вақтинча қолиши учун «Б» терминали ажратилган. Бу ерда зарур шароитлар яратилган бўлиб, жумладан, тиббиёт пункти, ҳаммом ва ҳожатхоналар мавжуд, иссиқ овқат берилиши йўлга қўйилган, мебеллар (кресло, диванлар, стол ва стуллар) ўрнатилган.

ТИВ берган хабарга кўра, фуқароларимиз махсус белгиланган ҳудудга боришдан бош тортиб, ҳали ҳамон «Внуково» аэропортининг рўйхатдан ўтиш жойида қолмоқдалар.

Юртдошларимиздан мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда, иложи борича тезроқ «Б» терминалига ўтиш сўралган.

Элчихона «Шереметево» аэропортидаги вазиятни ҳам назорат остига олган ҳамда ҳозирда Россия ҳукумати билан бошқа давлатлардан Москвага транзит орали учиб келган фуқароларимизни олиб чиқиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Ўзбек диаспораси вакиллари ва ҳомийлар билан биргаликда ватандошларимизни иссиқ овқат билан таъминлаш масаласи ҳам ҳал этилмоқда.

ТИВ Россия ҳудудидаги ватандошларимизни хотиржамликка чорлаб, имкон қадар, эҳтиёт чораларига қатъий риоя қилган ҳолда доимий/вақтинчалик яшаш жойини тарк этмасликларини сўраган.

Хабар қилинишича, 2020 йил 19 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик бўлиш муддатини узайтиришлари мумкин. Бунинг учун улар ўзлари бўлган жойга энг яқин Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлимига тегишли ариза билан мурожаат қилишлари лозим.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг