Мурожаатлар бўйича энг салбий кўрсаткичга эга банклар рўйхати эълон қилинди
Марказий банк истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва банк хизматлари сифатини ошириш мақсадида банклар фаолияти юзасидан келиб тушаётган мурожаатларни мунтазам таҳлил қилиб бормоқда. 2026 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича мижозлар сонига нисбатан мурожаатлар улуши энг юқори бўлган банклар рейтинги эълон қилинди.
Рейтингда биринчи ўринни индекс кўрсаткичи 3,34 билан «Biznesni rivojlantirish banki» эгаллади. Кейинги ўринларда «Anor Bank» (3,29) ва «Mikrokreditbank» (3,23) жойлашган.
Шунингдек, ТОП-10 рўйхатидан «AVO Bank» (2,16), «TBC Bank» (2,06), «Davr Bank» (1,85), «Tenge Bank» (1,72), «Asakabank» (1,26), «Turon Bank» (1,25) ва «Agro Bank» (1,22) ўрин олди.
Индекс нимани баҳолайди?
Марказий банк таъкидлашича, мурожаатлар индекси банкнинг молиявий аҳволи ёки ишончлилигини баҳоламайди. У фақат актив мижозлар сонига нисбатан келиб тушган мурожаатлар улушини акс эттиради.
Таҳлилларга кўра, мурожаатлар улушининг юқори бўлиши банк маҳсулотлари ва хизматлари бўйича етарли тушунтириш берилмаслиги, мурожаатларга ўз вақтида жавоб қайтарилмаслиги ҳамда такрорий шикоятларга сабаб бўлаётган тизимли камчиликлар сақланиб қолаётганини кўрсатиши мумкин.
Бундан ташқари, масофавий хизматлар, тўловлар, кредитлар ва бошқа банк операциялари билан боғлиқ муаммоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги ҳам индексга таъсир қилувчи омиллар сифатида қайд этилган.
МБнинг банкларга тавсиялари
Марказий банк мазкур банкларга мурожаатлар келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилиш, такрорий шикоятларга олиб келаётган омилларни бартараф этиш ва мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнларини такомиллаштиришни тавсия қилди.
Шунингдек, мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, ички назорат механизмларини кучайтириш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган профилактик чораларни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Маълум қилинишича, ҳисобот чораги давомида 100 тадан кам мурожаат келиб тушган банклар бўйича индекс ҳисобланмайди ва улар рейтингга киритилмайди. Индекс банкнинг мурожаатлар сони бўйича бозор улушини мижозлар сони бўйича бозор улушига нисбатан ҳисоблаш орқали шакллантирилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter