Бир асрлик тарих суратларда: «Мустақиллик хотираси» фотокўргазмаси очилди
Бугун, 21 август куни Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган «Мустақиллик хотираси» фотокўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Кўргазма «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» ғояси асосида ташкил этилган.

Ушбу тадбир Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Тошкент Фотосуратлар уйи ҳамда Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви ҳамкорлигида ўтказилди.

Очилиш маросимида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А. Нуриддинов, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори ўринбосари Х. Худойбердиев ва «Ўзархив» агентлиги мутасаддилари сўзга чиқишди.

Кўргазмада мамлакатнинг 1928 йиллардан буёнги тарихи акс этган фотосуратлар ўрин олган. Экспозицияда мустақилликнинг илк йилларидаги байрам тадбирлари, саноат ривожи, хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқалар, таълим соҳасидаги ютуқлар ва спортчиларнинг халқаро мусобақалардаги иштирокини акс эттирган кадрлар жамланган.
Шунингдек, меҳнат жараёни, ҳунармандларнинг фаолияти ва улар тайёрлаган маҳсулотлардан намуналар, мамлакатнинг тарихий ва меъморий обидалари тасвирланган фотосуратлар ҳам намойиш этилмоқда.

Экспозицияда 150 дан ортиқ фотосурат бор. Улар орасида мустақиллик йилларида Ўзбекистон ҳудудларида иқтисодиёт ва маънавият соҳаларидаги ўзгаришларни акс эттирувчи кадрлар ҳам мавжуд.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter