Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Миллий хавфсизлик хизмати қандай бўлиши керак?

Миллий хавфсизлик хизмати қандай бўлиши керак?

Фото: «Ca-portal.ru»

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ва турли хил сайтларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шу жумладан, Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) фаолияти кенг муҳокама қилинмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабр куни Ўзбекистон Олий Мажлисига қилган мурожаатида мамлакатимизда Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида қонун қабул қилиниши лозимлигини таъкидлади.

Ушбу мавзунинг долзарблигидан келиб чиқиб, мазкур хизмат тўғрисида айрим маълумотларни (эҳтимол кўпчилик дуч келган) ва ишлаб чиқилиши лозим бўлган қонун лойиҳасига таклифларни қисқа ва лўнда шаклда келтирмоқчиман, лекин аслида бу мавзуда бутун бошли диссертация ёзиш мумкин.

Биринчи навбатда мазкур хизматнинг функционал мажбуриятларини кўриб чиқиш лозим. МХХ аниқ нима билан шуғулланади? Балки бу разведка, контрразведка ва терроризмга қарши кураш бўлар? Ўз навбатида қонун ижодкорлари Ўзбекистон учун «разведка» ва «контрразведка» тушунчалари нимани англатишига эътибор қаратишлари керак. Турист метро бекатини суратга олмоқда, бир инсон хорижий элчихона вакили билан дўстлашиб, у билан футбол ўйнамоқда, қайсидир вилоятга Европадан 30-40 нафар турист келди ёки кимдир туман ҳокими ҳақида салбий фикр билдирди. Уларни «жосус» ёки «деструктив куч» деб аташ керакми? Айнан шу сабабли ушбу ташкилотга оид барча тушунчаларни, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини пухта аниқлаштириш керак.

МХХнинг кундалик фаолиятини ҳам ҳисобга олиш лозим — бу ҳарбий фаолиятми (погонлар ва пистолетлар) ёки фуқаролик ишими (ахборот ва таҳлил)? Шунингдек, МХХнинг «махфий фаолияти» тушунчасини аниқлаштириб олиш зарур. Агар бу ҳақиқатан ҳам махсус хизмат ва унинг фаолияти «мутлақо махфий» бўлса, унда улар махфий фаолият олиб боришлари шарт, улар ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса билиши керак эмас, улар қаерда жойлашган, ишни қандай олиб боришади, қандай машиналарни ҳайдашади (ҳозир МХХ биноси Тошкент шаҳрининг марказида жойлашган, «TST» давлат рақам белгили автотранспортлари мавжуд ва ҳ.), лекин агар бу ташкилот Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг аналоги бўлса, унда бемалол.

Иккинчидан, «информаторлар» фаолияти. Ҳаммага маълум бир гап бор: «Эҳтиёт бўл, деворнинг ҳам қулоғи бор». Хизматда информаторлар турлича бўлади. Кимларгадир қандайдир муаммони ҳал этишга ваъда беришган, шунинг учун улар «хизмат»га киришган. Ўйлаймизки, баъзи одамлар аллақачон реал ҳаётни, ўз фуқаролик позициясини англашлари ва ўзларининг «гап ташувчилик» фаолиятини тўхтатишлари керак. Қизиғи шундаки, баъзан МХХ вилоят бошқармалари биноси олдидан ўтилаётганда (айниқса Фарғона водийсида), у ерда кўпинча ўз ватандошлари, қўшнилари ёки ҳамкасблари ҳақида навбатдаги ахборотни бериш учун 10-30 нафар киши турган бўлади. Агар бу ахборот содир бўлиши мумкин бўлган теракт ёки хавфли жиноят ҳақида бўлса, тушунарли, лекин кимнингдир ҳамкасби кеча АҚШда яшайдиган укаси билан гаплашгани ёки солиқ инспекцияси ходими ўз хонасида намоз ўқигани миллий хавфсизликка таҳдид бўлмаса керак?

Умид қиламизки, қонун ижодкорлари «информаторлар» фаолиятини, ахборот йиғиш усулларини ҳисобга олишади ва бунинг натижасида МХХ ходимлари ҳар хил иғво ва туҳматлар ўрнига аниқ далил ва ахборотларни қонун доирасида йиғишади.

Тарихий далил: СССР Давлат хавфсизлиги қўмитаси (ДХҚ, яъни КГБ) информаторлардан ахборот йиғиш ва ўз халқига қарши курашиш учун жуда кенг фойдаланган. Информаторлар воситасида турли хил «антикоммунистик» фикрларни тарқатишган ва шу асосда «ўзгача фикрловчи»ларни аниқлашган. Информатор «Коммунистик тузумга тупурдим» деган ва кимдир шу фикрга қўшилса, у коммунистик тузумга «таҳдид» деб ҳисобланган, унга қарши иш очилиб, қамоқ жазоси тайинланган. ДХҚ ва унинг информаторлари иши ўз натижасини берди: СССР инқирозга юз тутди ва дунё харитасидан йўқолди.

Учинчидан, электрон разведка, контрразведка ҳамда терроризм билан «виртуал кураш». Баъзан Ўзбекистонда ИШИД ғояларини «Facebook» ва бошқа ижтимоий тармоқларда фаол тарғибот қилган ИШИД тарафдори қўлга олингани ҳақидаги янгиликни ўқиб қоламиз. Қандай қонуний асослар билан фойдаланувчининг шахсий саҳифасини очишди, унинг ёзишмаларини ўқишди, ўрганишди ва у террорчи деган хулосага келишди? Агар электрон разведкани амалга ошириш учун аниқ усуллар ва қонуний асослар бўлмаса, бу хизматдаги айрим шахслар учун фуқароларнинг шахсий виртуал ҳаётига ҳеч қандай чекловларсиз аралашишга имконият бериб қўймайдими?

Тасаввур қилинг, ҳар куни кимдир сизнинг шахсий хабарларингизни «хавфсизликни таъминлаш» баҳонасида ўқийди, сиз эса буни ҳатто билмайсиз ҳам. Ахборотдан ғараз мақсадларда фойдаланилмаслигига қандай кафолат бор? Қонун ижодкорлари «интернет кузатув» учун махсус рухсатнома ҳақида бош қотиришлари лозим, бунда оддийгина электрон почталардан тортиб, жаҳон ижтимоий тармоқлари, шу жумладан «телеграм» ва бошқа шу кабилар назарда тутилиши керак.

Тўртинчидан, давлат чегараларини қўриқлашга алоҳида эътибор қаратиш шарт. Нима учун чегараларимизни МХХ қўриқлайди деган саволга жавобни «Россия Федерациясининг давлат чегараси тўғрисида»ги қонунидан топиш мумкин. Ушбу қонуннинг 3-моддасида «давлат чегарасини қўриқлаш давлат чегарасини ҳимоя қилишнинг таркибий қисмидир ва у федерал хавфсизлик хизмати таркибига кирувчи чегара органлари томонидан амалга оширилади» (кейинги ўринларда — чегара органлари) деб таъкидланган. Кўпчилик қонун ижодкорлигидаги «кўчириш ва ишлатиш» («copy & paste») тамойилини яхши билади, айниқса юристлар. Ўзбекистонда мазкур функцияларни Мудофаа вазирлигига бериш мантиқан тўғри бўлади.

Шундай бўлса-да, кўп нарса келгусида ишлаб чиқиладиган қонун лойиҳасига боғлиқдир, бироқ турли миллий хавфсизликка таҳдид туғдирувчи буюмларни чегара назорат пунктларида божхона ходимлари аниқлашлари ва уларни ички ишлар ходимларига текшириш учун беришлари мумкин. Тоғли, бориш қийин бўлган ва чекка ҳудудлардаги давлат чегараларида эса Мудофаа вазирлигининг чегарачи аскарларидан иборат казармалар, вертолётлар, ҳаво ҳужумидан мудофааланиш тизими, дурбинлар ва инфрақизил датчиклар билан жиҳозланган учар қурилмалар (дронлар) ва энг асосийси — қўшни давлатлар билан ишончли дипломатик ҳамкорлик бўлиши керак.

Бешинчидан, эҳтимол кўпчилик «кураторлар» билан тўқнаш келгандир. Кўпинча одамлардан МХХдан телефон қилишганини ва қандайдир ҳужжатларни сўрашганини (ушбу иш усули айниқса ҳудудларда ривожланган) эшитиб қоламиз. Бунинг қонуний асослари борми? МХХ ходимларига, масалан, ярим йиллик банк ёки солиқ ҳисоботи, фермер хўжаликлари ёки пенсионерларнинг сони ёхуд бирор фуқаронинг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномаси нима учун керак?

Афсуски, баъзи одамлар ўйлаб ҳам ўтирмай МХХ бўлимларига ўзлари ишлаётган ташкилот ёки ҳамкасблари ҳақидаги барча маълумотларни беришади. Айнан шу сабабли қонун ижодкорларидан мана шу ҳолатларни инобатга олишлари талаб этилади, яъни қайси қонуний асосларга кўра МХХ кимдандир ёки қайсидир ташкилотдан ҳужжат талаб қилади ва «кураторлар» фаолиятининг қонуний асослари қандай бўлади? Вазирликларда, давлат ва нодавлат муассасаларида, таълим муассасаларида, меҳмонхона ва банкларда, оммавий ахборот воситаларида, масжид ва маҳаллаларда, ички ишлар ва прокуратура органларида, ҳокимиятларда, умуман кундалик ҳаётимизнинг барча жабҳаларида МХХ «кураторлари» қанчалик керак?

Президент парламентга қилган мурожаатида ҳар қандай оддий масала ҳам миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳолаб келингани ушбу идора ваколатларининг асоссиз кенгайиб кетишига сабаб бўлди деб таъкидлади. Афсуски, айрим ташкилотлар учинчи шахсларга оддий маълумотларни ҳам тақдим эта олишмайди, чунки бунинг учун вилоят ёки туман (шаҳар) МХХдаги кураторидан рухсат сўраши керак.

Ёки «МХХнинг таълим соҳаси бўйича куратори» вилоят халқ таълими бошқармасига қўнғироқ қилиб, синглисини тезда бирор мактабга ишга жойлашлари кераклигини айтади. Бу миллий хавфсизлик масаласини ҳал этиш ҳисобланадими? Айнан «кураторлик» тизими (ҳеч бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатда кўрсатилмаган) МХХнинг ҳаётимизнинг барча жабҳаларига чуқур сингиб кетишига имконият берди ва, минг афсуски, айрим ҳолларда мансабини суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам кузатилди (сўнгги вақтларда мансабини суиистеъмол қилган МХХ амалдорлари ҳақидаги маълумотлар ОАВда кўп ёритилмоқда). Умид қиламизки, қонун ижодкорлари «кураторлик» ва «махсус назорат» тизимларига барҳам беришади ёки қонун билан тартибга солишади.

Навбатдаги масала МХХга қанча ходим кераклиги ва кадрлар сиёсати ҳақида. Умид қиламизки, қонун ижодкорлари Молия вазирлиги ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда Миллий хавфсизлик хизмати органларида ишлаётган ходимларнинг сонини инобатга олишади. Ўзбекистонда МХХ институти бор, лекин шунга қарамай хизматга ҳар йили қўшимча ходимларни ишга қабул қилишади (афсуски, статистик маълумотлар йўқ).

МХХга ишга кирмоқчи бўлган ёшлардан «нимага МХХга ишга кирмоқчисиз?» деб сўралганда, уларнинг аксарияти обрў, ҳурмат, хизмат гувоҳномаси, яхшигина маош ва катта миқдорда пенсия учун деб жавоб беришган. Бирор-бир чет тилини биласанми — йўқ, ҳеч бўлмаса рус тилини биласанми — йўқ. Шу кадр бўлажак разведкачи(контрразведкачи)ми?

Бундан ташқари, одатда МХХга 30 ёшдан ошганларни, бўйи 170 сантиметрдан пастларни, хорижий давлатларда бўлганларни, ҳарбий хизматни ўтамаганларни ёки шунчаки соғлиғи «хизматга яроқсиз»ларни ишга қабул қилишмайди. Қонун ижодкорлари ушбу жиҳатларни — кадрлар сиёсатини ҳисобга олишлари зарур. Бир одам ҳарбий хизматни ўтамаган бўлиши, лекин компьютер технологияларини аъло даражада билиши ёки кимдир 33 ёш бўлишига қарамай кучли таҳлилий фикрлаш қобилиятига эга профессионал политолог бўлиши мумкин.

Ташкилот учун 10 нафар (30 ёшдан кичик бўлган) бирорта ҳам чет тилини билмайдиган ходимдан қандай наф бор, агар бу иш билан талаб даражасида кучли билим ва ҳаётий тажрибага эга 3 нафар (40 ёшга тўлган ва ҳарбий хизматни ўтамаган) одам шуғулланиши мумкин бўлса? Масалан, мана деярли 27 йилдан бери МХХ ўзининг сайтини ва электрон почтасини ярата олмайди. Хориждаги махсус хизматлар аллақачон ўзларининг сайти ва электрон почтасига эга. Муаммо нимада? Сайт яратиш осон, лекин унинг виртуал хавфсизлигини 100 фоиз таъминлаш муаммо. Кўриниб турибдики, яна юқорида келтирилган кадрлар сиёсати билан боғлиқ масала кўтарилади — кадрлар барчасини ҳал қилади.

Виртуал хавфсизликни фақатгина ахборот технологиялари бўйича профессионал мутахассис таъминлай олади, бироқ унда соғлиқ билан боғлиқ муаммолар бор ва у ҳарбий хизматни ўтамаган. Мана танлов билан боғлиқ бўлган муаммо: бўйи 180 сантиметр, 2 йил ҳарбий хизматни ўтаган, спортчилар каби чиниққан, лекин компьютердан охирги сақланган файлни 10-15 дақиқа қидирадиган одам ёки кўриш қобилияти пастроқ, бўйи 166 см бўлган, бутун компьютер тизимини «бўлакларга бўлиб ташлай оладиган» ахборот технологиялари бўйича мутахассис (деярли хакер).

Энди МХХнинг туман бўлинмалари ҳақида фикр юритамиз. Энг йирик аппаратга эга бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган — Ички ишлар вазирлиги (кўп мамлакатлар сингари). Қишлоқларда маиший муаммоларни ички ишлар ходимлари (участка профилактика инспекторлари) ҳал қилади. Безорилар, жиноятчилар, фоҳишалар ҳақидаги барча ахборот ва бошқа маълумотлар профилактика инспекторларида туради. Шундай экан, МХХ туман бўлинмалари нима учун керак?

Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда вилоятга бўйсунувчи 169 та туман мавжуд. Айтайлик, ҳар бир туман МХХ бўлинмасида 5 нафардан ходим ишлайди, уларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 2 млн. сўм (эҳтимол нотўғридир, чунки бу бўйича статистик маълумот мавжуд эмас). Демак, ҳар ойда давлат бюджетидан 1 млрд. 690 млн. сўм (МБнинг 2018 йил 13 февралдаги расмий курси бўйича (1$ = 8188.33 сўм) 206 минг 391 АҚШ доллари) маблағ сарфланади. Бу фақат иш ҳақи. Шунингдек, харажатларга автотранспортлар, хизмат уйлари, бино(идора)ни сақлаш (электр токи, сув таъминоти) харажатлари, ходимлар учун ижтимоий пакетлар, ижтимоий муҳофаза турлари ва бошқа харажатлар ҳам қўшилади.

Бундан ташқари, ҳар бир туманда прокуратура, солиқ, ички ишлар органлари, ҳокимиятлар, халқ қабулхоналари, маҳалла фуқаролар йиғинлари (МФЙ), мажбурий ижро бюролари (МИБ), адвокатлар, нотариуслар ва бошқалар фаолият юритади. Йўл ҳаракати қоидасини буздингизми, безорилик, ўғирлик қилдингизми — ИИБ, иқтисодий жиноятларни содир этдингизми — прокуратура, алимент тўламадингизми — МИБ, ҳуқуқингиз бузилдими — адвокат, МФЙ ва халқ қабулхоналари шуғулланади. МХХ туман бўлинмалари нима билан машғул? Террорчи чиқдими — участка инспектори ва МФЙ раиси қайга қараган, қани профилактика? Жосуслар аниқландими — МХХ вилоят бошқармасидан ходимлар келиб ўша жойда ўз ишларини бажаришлари мумкин.

Умид қиламизки, қонун ижодкорлари мазкур ойлик суммани (1 млрд. 690 млн. сўм) инобатга олишади ва хулоса қилишади (ҳали МХХнинг шаҳар бўлимларига қилинадиган харажатлар ҳамда тўланадиган пенсиялар ҳисобга олинмади). Агар ушбу маблағлар саноатни ривожлантириш мақсадида, режа асосида туман/шаҳарларга ажратилса, одамлар маълум иш ҳақи тўланадиган иш билан банд бўлишади ва турли «деструктив кучлар» таъсирига тушишмайди.

Ва ниҳоят, энг асосий ва якуний фикрлар — назорат. МХХ фаолиятини ким ёки қайси орган объектив назорат қилади? Одатда (айниқса ривожланган давлатларда) махсус хизматлар фаолиятини халқ вакиллари назорат қилади. Бизнинг мамлакатимизда бу иш билан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қўмиталари шуғулланиши мумкин. Лекин Сенатнинг МХХни тўлақонли назорат қилишига ресурслари ва кучлари етарлими? Бундай ҳолатда МХХ ҳисоботлари юзаки бўлиши ва кўп маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги мумкин.

Агар МХХнинг туман ва шаҳар бўлинмалари ёпилса, албатта иш анча енгиллашади. Эҳтимол, Ўзбекистон Президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси бошчилигида гуруҳ тузиш вақти келгандир. Мазкур амалиёт кўплаб давлатларда амалга оширилади (айниқса, АҚШда). Президент ҳузурида (фақатгина Ўзбекистон Президентига бўйсунади) ёрдамчи бошчилигидаги 10-20 нафар кучли таҳлилчилардан (социолог, психолог, политолог, дипломат, юрист, иқтисодчи, аудитор ва б.) иборат унча катта бўлмаган гуруҳ ташкил қилинади. Улар полковник ёки генерал бўлишлари шарт эмас, энг асосийси, кучли таҳлилий фикрлаш қобилиятига эга бўлсин. Шунда Президент МХХ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда нималар содир бўлаётганини аниқ билиб туради.

Масалан, МХХ раиси Наманган вилоятида «ИШИДнинг деструктив кучлари» тузилмоқда ва хавфсизликни таъминлаш учун бюджетдан 40 млн. сўм ажратиш ҳамда 10 нафар қўшимча ходим жалб қилиниши керак деган хабарни киритди, бироқ Президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси беш нафар мутахассисни Наманган вилоятига жўнатганда, вазият барқарор ва ҳеч қандай таҳдид мавжуд эмаслиги аниқланди. Ҳақиқатан 120 нафарга яқин одам маҳаллада тўпланган ва Қуръони каримни ўқишни ташкил қилишган. Чуқур таҳлил натижасида шу нарса маълум бўлдики, барча иштирокчилар тинчликсевар бўлиб, улар ҳеч қандай таҳдид туғдиришмаган. Маҳалла фуқаролар йиғини, туман ИИБ ходимлари ва қўшнилар ушбу шахслар ҳақида ижобий фикр билдиришган.

Тадбир ташкилотчилари 100 ва ундан ортиқ одам тўпланиб тадбир ўтказганда, бу ҳақда туман ИИБ ходимларини огоҳлантириш кераклигидан бехабар бўлишган, улар узр сўраб, керакли хулосани чиқаришган. Бундан ташқари, тадбир иштирокчиларини 70 фоизи ишсиз эканлиги аниқланиб, уларни ишга жойлаштириш бўйича аниқ чоралар кўрилган. Хулоса — навбатдаги ваҳима, вилоят МХХ фаолиятини кенгайтириш ва вилоятдаги ўрнини мустаҳкамлаш учун ўз манфаатларини лоббизм орқали олға суриш. Маълумотнинг объективлиги ва тўғрилиги ҳар қандай соҳада муҳим аҳамиятга эга, шу жумладан миллий хавфсизликни таъминлаш соҳасида ҳам. Агар объектив маълумот ва назорат бўлмаса натижа битта — ишончсизлик ва тартибсизлик.

Ушбу таҳлилий маълумот бирор-бир шахсга қаратилмаган. Ҳар қандай жамиятда бўлганидек, ушбу хизмат таркибида ҳам ўз вазифасини сидқидилдан бажараётган ватанпарвар ходимлар бор.

Умид қиламизки, юқорида келтирилган мулоҳаза ва таклифлар «Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида эътиборга олинади, шунингдек барча майда деталларга эътибор берилади, МДҲ давлатлари қонун моддалари кўчирилмайди, қонун 3-4 варақдан иборат бўлмайди ҳамда барча статистик ва тегишли маълумотлар ўрганилиб, фуқароларнинг таклифлари инобатга олинади.

Улуғбек Акбаров,
Зафаржон Воҳидов

Изоҳлар 5

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг