Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Никоҳ гувоҳномасини олиш учун паспорт бўлиши шартми?

Никоҳ гувоҳномасини олиш учун паспорт бўлиши шартми?

Фото: «Xabar.uz»

«Бир жияним ФҲДЁ бўлимига никоҳ қуриш учун ариза ташлаб қўйган эди. ФҲДЁ бўлими 2018 йил 3 июлда никоҳ тузилганлик ҳақидаги ҳужжатни олиб кетасиз, деб қўлига ҳужжат беришган экан. Шундан сўнг бўлажак келин паспортини янги биометрик паспортга алмаштириш учун топшириб қўйган экан. Энди ФҲДЁ бўлимига никоҳ қайд этилганлик тўғрисидаги ҳужжатни олиш учун келишса, паспортсиз бермаймиз, дейишяпти экан (паспорт алмаштирилаётгани ҳақидаги маълумотнома ҳам бор). ФҲДЁ ҳужжати бўлмаса, имом ҳам шаръий томондан никоҳлаб қўймас экан. Нима қилсак, тўғри бўлади, ёрдам беринг, илтимос».

Саволга Олмазор туман ФҲДЁ бўлими мудираси Дилоро Сулейманова жавоб беради:

— Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага кўра, ички ишлар органи томонидан шахсни тасдиқловчи ҳужжат ўрнига вақтинча берилган маълумотномалар билан никоҳ тузилганини қайд этишга йўл қўйилмайди.

Белгиланган муддатда йўқланмаган аризалар алоҳида йиғмажилдга тикиб борилади. Яъни, никоҳланувчи шахслар белгиланган муддатда никоҳни қайд этиш гувоҳномасини олгани келмасалар, уларнинг аризалари алоҳида йиғмажилдга тикилади.

Никоҳ тузилганини қайд этиш тайинланган кундан бошлаб, уч ой ичида йўқланган аризалар бўйича никоҳ тузилгани қайд этилади. Бундай ҳолда никоҳ тузилганини қайд этиш ҳақидаги аризанинг орқа тарафидаги бўш жойга никоҳланувчи шахслар томонидан белгиланган муддатда келмаганлик сабаблари, никоҳ тузилганини қайд эттириш истаги ва шу куннинг санаси ёзилиб, имзо қўйилади.

Никоҳ тузилганини қайд этиш ҳақидаги ариза берилган кундан бошлаб тўрт ой ичида йўқланмаган аризалар муддатида йўқланмаган никоҳ тузилганини қайд этиш ҳақидаги аризаларни йўқ қилиш бўйича далолатнома тузган ҳолда ёқиб юбориш йўли билан йўқ қилинади. Мазкур далолатномалар алоҳида йиғмажилдга тикиб борилади.

Никоҳ тузилганини қайд этиш ҳақидаги ариза берилган кундан бошлаб тўрт ойлик муддат ўтгандан кейин никоҳ тузиш истагини билдирган шахслар никоҳ тузилганини қайд этиш ҳақидаги ариза билан умумий асосларда қайта мурожаат этишлари лозим.

Бундан келиб чиқадики, мазкур вазиятда никоҳдан ўтиш учун ариза берган ёшлар, яъни келин шахсни тасдиқловчи ҳужжатини олгач, ФҲДЁ бўлимига мурожаат этиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг