Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Нон қадри — бошоқ қилмаган авлодга хат

Собиқ иттифоқ вақтида ҳарбий хизматга борган акаларимизнинг айтиб беришларича, баъзан совет армиясида ошхонага навбатчиликка тушган солдатлар стол устини артиш учун буханка нондан фойдаланишган. Яъни, нонни шунчаки олишган, ўртасидан пичоқ билан бўлишган ва стол устини артишган.

Ўшанда эшитганларимиздан бироз даҳшатга тушганмиз. Чунки биз нонни ерга ташламайдиган, увол бўлмасин деб уни кўзига суртадиган халқмиз. Нонни шунчалик эъзозлаймизки, ҳатто уни тескари қўйишни ҳам истамаймиз. Дастурхонда тескари турган нонни тўғрилаб қўймайдиган одам орамизда топилмаса керак. Аммо бугун шу гўзал одатимиз ўзгариб бораётгандек. Кечаги нон қадри ортида бугун даҳшатли бир манзара яширинган: Тошкент шаҳрида бир кунда ўртача 3 тонна нон исроф бўлиб, ахлат қутиларига улоқтирилмоқда. Бу борада тўй ва ресторанларнинг улуши юқори эканини айтмасак ҳам билиб турибсиз.

БМТ маълумотларига кўра, дунёда ишлаб чиқариладиган барча озиқ-овқат маҳсулотларининг учдан бир қисми — қарийб 1.3 миллиард тоннаси ҳар йили исроф қилинади. Бу исрофгарчилик занжирида нон ва дон маҳсулотлари энг юқори поғоналардан бирини эгаллайди.

Чиқиндихонада чириётган овқат — шунчаки оддий органик қолдиқ эмас. У глобал иссиқхона газларининг қарийб 8 дан 10 фоизигача қисмини ишлаб чиқарадиган йирик манбадир. Агар «озиқ-овқат исрофи» алоҳида давлат бўлганида, иссиқхона газларини атмосферага чиқариш ҳажми бўйича АҚШ ва Хитойдан кейин дунёда учинчи ўринда турарди.

Тошкентдаги кундалик исроф туфайли бир куннинг ўзидан атмосферага 3,2 тоннадан 4 ярим тоннагача карбонат ангидрид гази ажралиб чиқади. Чиқиндихоналарга ташланаётган 3 тонна нонни тайёрлаш учун табиатга шунча зарар етказилади. Бу битта машина 25 000 километр юрганда ҳосил бўладиган газдир. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас, нон чиқиндихонада чириганда, карбонат ангидриддан кўра хавфлироқ ва глобал исишни тезлаштирувчи метан гази ҳосил бўлади.

Энди сув исрофига келсак.

Ўзбекистоннинг иссиқ иқлими ва анъанавий суғориш тизимидаги йўқотишлар туфайли бир дона оддий нонни тайёрлаш учун — буғдой экишдан бошлаб, суғориш, йиғиб олиш, янчиш ва пиширишгача 800 литр чучук сув сарфланади. Тошкентда бир кунда исроф бўлаётган 3 тонна нон туфайли 4 800 000 литр сув беҳуда оқиб кетмоқда.

Интенсив қишлоқ хўжалиги ер ресурсларини аёвсиз чарчатмоқда. Исроф бўлаётган нон учун йилига юзлаб гектар ер ҳайдаб, буғдой экиш керак бўлади. Унга тонналаб кимёвий ўғит солинади. Ўғит тупроқ ва ер ости сувларини заҳарлайди.

Тошкентда бир йилда исроф бўлаётган нонни етиштириш учун тахминан 15 тонна минерал ўғит ва кимёвий моддалар сарфланади. Тасаввур қилишингиз учун: бу учта юк машинаси демакдир.   

Яна буғдойни занг касаллиги, зараркунанда ҳашаротлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш учун йилига 270 килограмм пестицид, фунгицид ва гербицид сепилади. Пестицидлар жуда кичик дозаларда ҳам тирик организмлар учун хавфли ҳисобланади.

Энди нефт маҳсулотларига ўтсак.

Тошкентда бир йилда исроф бўладиган нонни тайёрлаш учун — буғдой экишдан тортиб истеъмолчига етиб боргунга қадар 30 000 литргача нефть маҳсулотлари сарфланади.

Шунча дизель ёнилғиси ёки бензин олиш учун табиатдан 60 тонна хом нефтни суғуриб олиш керак. Нефтни ер остидан қазиб олишдан бошлаб, уни қайта ишлагунга қадар табиат тўлайдиган аччиқ "экологик тўлов" занжири қуйидаги рақамларда намоён бўлади:

- 150 000 литр сув
- 18 тонна карбонат ангидрид CO₂
- 150 квадрат метр "ўлик ер"

Юртимизда сўнгги йилларда аҳоли фаровонлиги ва даромади даражаси ошди. Бироқ, тўй ва маъракаларда дастурхонга керагидан 3 баравар кўп нон тортиш — асло саховат эмас, балки маданиятсизликдир.

Мана шу кичик матнни ёзиш мен учун журналистик фаолиятимдаги энг оғир ишлардан бири бўлди. Рақамларни қоғозга тушириш машаққатини сўз билан тарифлаб бериш қийин. Ёзиш асносида ўтган асрнинг 90-йиллари ёдимга тушди. Ўша вақтларда маккажўхори унидан ҳам зоғора нон ёпиб едик. Энди эса, шукрки, донимиз кўп. Ҳатто керагидан ортиқ.

Халқимизда нонни кўзга суртиш одати бор, тўғри. Аммо келинг, бугундан бошлаб нонни кўзимизга суртмайлик, уни шунчаки исроф қилмайлик.

Ҳозирги авлодга “бошоқ қилиш” нима эканини тушунтириб бера олмайсиз. Бу Яратган томонидан бизга қилинган энг катта мурувватдир. Биз бунинг шукрини адо эта оляпмизми? Асосий савол шунда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг