Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ноқонуний балиқ ови уюштирганларнинг 4 йилга озодлиги чекланди

Ноқонуний балиқ ови уюштирганларнинг 4 йилга озодлиги чекланди

Фото: Xabar.uz

Бухоро вилояти, Қоракўл туманидаги «Қорақир» табиий сув ҳавзасида ноқонуний балиқ овлаган шахслар озодлиги суд қарори билан 4 йилга чекланди.

Бу ҳақда «Xabar.uz»га вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Маржона Шукурова маълум қилди.

Таъкидланишича, Қорақирда бошқарманинг «Биомерос» бўлими ҳамда прокуратура ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда ушбу табиий сув ҳавзасидан ноқонуний балиқ овлаётган шахслар қўлга олинган.

Маълум бўлишича, С.С. ва Ж.А. исмли фуқаролар қонун билан таъқиқланган ов қуроласи, яъни лескали тўрдан фойдаланиб, сув ҳавзасида биологик ресурсларни шафқатсиз равишда талон-торож қилишган. Текширувлар жараёнида улар томонидан жами 650 дона балиқ ноқонуний овлангани аниқланиб, табиатга етказилган зарар миқдори 265 миллион сўмни ташкил этгани аниқланган.

Табиатга қарши навбатдаги ушбу қонунбузарлик ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, иш судда кўриб чиқилган. Суд ҳукмига кўра, ҳар икки шахсга нисбатан 4 йил муддатга озодликни чеклаш ҳамда 2 йил муддатга ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Бундан ташқари, табиатга етказилган 265 миллион сўмлик зарарни ундириш белгиланган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай ноқонуний ов қилиш ҳолатлари сув биоxилма-хиллигига ҳамда бутун экотизим барқарорлигига жиддий хавф туғдиради.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг