Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Нукусда 37 талаба «ҳужжат қабул қилишда хато бўлган» дея ўқишдан четлаштирилди. Улардан бири Президентга мактуб йўллади

Нукусда 37 талаба «ҳужжат қабул қилишда хато бўлган» дея ўқишдан четлаштирилди. Улардан бири Президентга мактуб йўллади

Фото: «Makan.uz»

Бу мактуб аввало давлатимиз раҳбарига йўлланган, шунингдек жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинганки, уни ўқиган ҳар қандай инсоннинг кўнглида ачиниш ҳисси пайдо бўлади.

Сўнгги йилларда олий таълим тизимида ҳам қатор ислоҳотлар ўтказилди. Талабаларга таълим жараёни қулай бўлишини ҳисобга олиб, мутахассислар етишмайдиган кўплаб йўналишлар бўйича сиртқи таълим тизими жорий қилинди. Бугунги қаҳрамонимиз ҳам шу имкониятдан фойдаланиб, Нукус давлат педагогика институти махсус сиртқи бўлимига барча синовлардан ўтиб ўқишга қабул қилинган, шартномада кўрсатилган пулни тўлаган, маълум муддат ўқиган ҳам. Аммо биринчи босқични тугатмай туриб «ҳужжат қабул қилишда хато бўлган» дея ўқишдан четлаштирилган. Ғалати а?

Аслида хатони ким қилган? Келинг, мактуб ва изоҳлар билан танишинг.


«Ассалому алайкум ҳурматли Шавкат Миромонович!

Мен, Юсупбаева Зебо Азод қизи, 1990 йил 24 апрелда Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида туғилганман. Сизга бошимизга тушган муаммо юзасидан умид билан мурожаат қилмоқдаман.

2017 йили Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти махсус сиртқи бўлими бошланғич таълим ва спорт тарбиявий иш йўналишига ўқишга қабул қилинганман.

2017 йил октябрь ойида контракт пулини ўтказиш учун шартнома тузилди. Шартнома талаблари асосида аввал пулнинг ярмини, қолган қисмини эса 2018 йил 1 мартдан олдин керакли ҳисоб рақамига ўтказдик.

2008 йилдан Элликқалъа тумани халқ таълими бўлимига қарашли 12-мактабда ишлаб келмоқдаман. Оилам, 2 нафар фарзандим бор.

Институт томонидан икки марта: 2017 йил 1 ноябрдан 14 ноябргача, 2018 йил 3 январдан 14 январгача ўқишга чақирув маълумотномаси келгач ўқишга бордим. Ўқишга мунтазам қатнашдим.

Ёш болам борлиги сабабли мен билан бирга қайнонам ҳам борди. У ерда яшаш учун жой топишга кўп қийналдик. Ёш болали аёлларни ижарага қўйишмас экан. Охири кунига уч кишига 30 минг сўм тўлаш эвазига ижарага хона топдик. Бола билан ўқиш осон бўлмади. Аммо олий маълумотли бўлиш ҳисси ҳар қандай қийинчиликни енгишимга мадад берди.

2018 йил 14 январда 1-семестрни якунлаб, барча имтиҳонларни топшириб бўлгач, 15 январь куни 2-сессия оралиқ топшириқларини олиб уйга қайтдик. Олган оралиқ топшириқларимни ёзиб тугатиб, 2018 йил 15 мартда топширдим.

Бундан олдинроқ, 2018 йил 14 март куни менга телефон орқали 15 март куни меҳнат дафтарчамни олиб Нукус давлат педагогика институтига ҳужжатларимга аниқлик киритиш мақсадида чақиришди. Ўша куни эрталаб бордим. У ерга жами 37 та талаба таклиф қилинган экан. Борганимиз ҳақида иккита ҳужжатга имзо қўйдириб ҳаммамизни бир хонага киргизишди. Кейин биттадан қўлларидаги рўйхатга асосан бошқа хонага олиб кета бошлашди. Мендан олдин кирганлар негадир йиғлаб чиқишди. Сабабини сўрасам ўқишдан четлаштиришгани ҳамда ариза ёздиришганини айтди. Ўз навбатида мени ҳам чақиришди.

Бир киши ўзини шу институтнинг ректори К.Оразимбетовман деб таништирди. У ерда яна икки киши бор эди, улар ўзларини таништирмади. Хуллас, институт ректори мени ўқишга қабул қилиш жараёнида иш стажим учун 1 балл юқори қўйилганини, шу сабабли мен ўқишга кира олмаган деб ҳисобланишимни айтди. Ўша пайтдаги аҳволимни сўз билан таърифлай олмайман! Қандай савол берсам ҳам, бу ерда ўқиш учун юқорида кўрсатиб ўтилган қийинчиликларимни айтсам ҳам сўзида қатъий турди. Шу пайт бадиий ижод билан шуғулланишим, кўплаб ютуқларга эришганимни айтсам ҳам тинглашни хоҳламади.

К.Оразимбетов ҳозир ариза ёзсам тўланган контракт пулларим қайтариб берилишини, июнь ойида суҳбат орқали қайтадан 1-босқичга ўқишга қабул қилинишим мумкинлигини билдирди. Мен ахир унда 5 йил ўқишим керак-ку десам, яна махсус сиртқи бўлимда 3 йилда тугатиб кетишим мумкинлигини айтди. Йиғлаб-йиғлаб ўзимга келиб олиш учун ташқарига чиқмоқчи бўлсам, битта киши ариза ёзмагунимча чиқишга рухсат этилмаслигини айтиб мени бошқа хонага киргизди. Ўша хонада икки киши бор эди. Бир киши «ўзбекча ёзишни хоҳласанг мана бунга қараб ёзасан» деб олдиндан компютерда ёзиб қўйилган қоғозни олдимга қўйди. Ҳаяжондан ўзимга келолмай турганим учун «айтиб туриб ёздирайми?» деди. Кейин ёнимда туриб ёздирди. Ёзиб чиқиб турмуш ўртоғимга бу ҳақда хабар бердим. Турмуш ўртоғим: «Аризангни қайтиб ол, мен сени кейинги йил қайтадан ўқишга юбора олмайман», — деди. Хуллас, турмуш ўртоғимнинг гапларини яхшилаб ўйлаб кўриб ўзимга келгач, аризани қайтиб олиш учун ўша хонага кирдим. Улар аризанинг юристда эканини айтишди.

Юрист йигит ўша ректор К.Оразимбетовнинг ёнида ўтирган кишилардан бири экан. У киши қайтариб бермайман деди, мен қатъий туриб олгач, ариза ёзган хонамга олиб кириб, ариза ёздирган кишига берди. У киши яна кимнингдир келишини кутишимни айтиб, аризани бермади. Шу хонадаги иккинчи киши эса агар аризани қайтариб олсам огоҳлантириш хатини олиб, олганлигим ҳақида имзо қўйиб кетишимни айтди. Ўқисам мени ўқишдан чиқариб ташлашгани ҳақидаги маълумотнома экан. Мен бош тортдим, ариза ҳам бермаймаслигимни, огоҳлантириш хатини ҳам олмаслигимни, ҳеч қандай ҳужжатга имзо чекмаслигимни айтдим. Фақат аризани қайтаришларини сўрадим. Улар огоҳлантириш хатини олсам, имзо қўйсам беришларини айтишди.

Йиғладим, кўп йиғладим, шунда ҳам улар беришмади. Стол устида қандайдир дафтар ичида турган аризани олдиму ўша хонадан чиқиб кетдим, ҳеч кимга ҳеч нима демадим.

Ҳурматли Президент! Биз 37 киши ўша куни Қорақалпоғистондаги халқ қабулхонангизга бориб сизга ариза ёздик. У ердагилар бизни тинглаб ёрдам бўлишини айтишди. Биз сабр қилолмадик, на уйқуда, на бирон ишимизда ҳаловат бор. Шу сабабли тезроқ ёрдам олиш мақсадида виртуал қабулхонангизга мурожаат қилишни лозим топдик.

Мен ҳозир ўзимнинг эришган ютуқларимдан айрим намуналар, ўқиш давомида юритилган ҳужжатларимни сизга йўллаган мурожаатимга жойладим. Ўрта махсус маълумотга эга эканлигим фаолиятим давомида кўп танловларда иштирок этолмаслигимга сабаб бўлади. Фаолиятим ҳақида мактабимиз директорининг менга берган тавсияномасида кўрсатилган.

Илтимос, сиздан мадад кутаётган 37 кишидан ёрдамингизни аяманг.

Юсупбаева Зебо Азод қизи».


Биз масалага ойдинлик киритиш учун Нукус давлат педагогика институти раҳбарияти билан боғландик. Ўзини ректор ёрдамчиси деб таништирган ходим бу масала юзасидан институтнинг ҳуқуқшуноси батафсил жавоб беришини айтди. Ҳуқуқшунос Искандер Мурзамбетовнинг маълум қилишича, ҳақиқатан ҳам кўпчилик талабалар ўқишдан четлаштирилган, лекин уларнинг сони хатда кўрсатилганидек 37 нафар эмас, 34 нафар. Уларнинг ҳаммаси турли сабабларга кўра талабалар сафидан чиқарилган.

— Ўзи шундоқ ҳам чекка ҳудудларда ўқитувчилар етишмаяпти. Махсус сиртқи таълим тизими ҳам айнан шу муаммони бартараф қилиш учун йўлга қўйилди. Шундай пайтда ўқиб турган талабаларни четлаштиришдан мақсад нима? Ахир ўзларингиз ўша хато дея таъкидланган ҳужжатларни қабул қилиб, яна шу асосда талабалар сафидан четлаштираяпсизлар-ку? — сўраймиз ундан.

— Биз ҳам бу муаммони яхши тушунамиз. Аммо бу талабаларни четлаштириш институт ташаббуси билан бўлгани йўқ. 2017 ўқув йилига қабул жараёни якунланганидан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан институтимиз фаолияти, хусусан қабул жараёнига оид ҳужжатлар тафтиш қилинди. Текширув беш ой давом этди. Қабул қилинганлар таълим жараёнига қатнашгани сабаби шу — бу даврда ҳали тафтиш якунига етмаганди. Текширув натижасида 34 талабанинг ҳужжатларида камчиликлар аниқланди, бунга йўл қўйган мутасаддилар суриштирилмоқда.

Айнан шу тафтиш хулосаларига кўра прокуратура олий таълим вазирлигига тақдимнома киритди ва вазирлик хулоса асосли бўлгани учун бу талабаларни ўқишдан четлаштирди.

— У ҳолда камчилик институт томонидан ҳам йўл қўйилгани аён бўлади. Нега бу талабаларни четлаштирмаслик чоралари кўрилмади?

— Биз олий таълим вазирлигига махсус хат билан ҳам чиқдик. Бу талабаларнинг кўпчилиги узоқ туманлардан келишини, ҳудудларимизда ўқитувчилар етишмаслигини батафсил тушунтирдик. Аммо буйруқ ўзгартирилмади.

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига йўллаган хати.

Вазиятни ўрганиш жараёнида ҳамма ўзича ҳақ туюлади. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам текширув абитуриентнинг талабаликка қабул қилингунига қадар ўтказилиши мақсадга мувофиқ эмасми? Талабалик катта бахт, олтин давр. Инсон ўқишга қабул қилиндим дея кўпчилик олдида юзи ёруғ бўлади. Аммо мутасаддилар йўл қўйган камчилик туфайли талабани айбдор қилиб, ўқишдан четлаштиришни қандай тушуниш мумкин?

Хуллас, Қорақалпоғистонда ана шунақа гаплар. Биз воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг