Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нурхон Нафасов нима(лар)дан норози?

Нурхон Нафасов нима(лар)дан норози?

Фото: «Xabar.uz»

Нурхон Нафасов ва бошқаларга оид жиноят иши ЖИБ (жиноят ишлари бўйича) Мирзо Улуғбек туман судида мазмунан кўриб чиқилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Бугун суд жараёни давом этиб, судланувчилардан бири — Ўзбекистон Каратэ миллий федерацияси (ЎКМФ) бош котиби сифатида ишлаган О.Қосимовнинг кўрсатмалари эшитилди. Унга кўра, айбловларга иқрор эмас, хато-камчиликларга йўл қўйган бўлиши мумкин, илло уларни жиноят деб бўлмайди. Дастлабки суриштирув жараёнида ўзига нисбатан руҳий таъзиқ ўтказилганини алоҳида таъкидлади... Судланувчи сўроқ-савол қилиб бўлингач, бугунги суд мажлиси якунига етди. Навбатдагиси 25 август куни бўлиб ўтади, насиб...

Шу билан хабарга нуқта қўйилса бўларди. Бироқ айтиш мумкин бўлган икки оғиз гап бор.

Гап шундаки, ўтган куни сайтимизда Н.Нафасов ва бошқаларга оид жиноят иши кўриб чиқилаётгани ҳақидаги хабар эълон қилинганидан кейин Нурхон Зиятович биз билан боғланиб, беозор оҳангда ўз эътирози билдирди. Эътирозки: «...мени Ўзбекистон Каратэ миллий федерациясининг собиқ раиси деб талқин этибсизлар, ҳолбуки, мен ташкилотнинг қонуний йўл билан сайланган амалдаги раҳбариман! Муҳр қўлимда, имзо ҳуқуқи ҳам...».

Икки ўртада бироз баҳс бўлиб ўтган. Баҳс тафсилотларини ҳозир ёзиш мавриди эмас. Улар бутунлай бошқа мавзуни ва бошқача оҳангни талаб қилади.

Нурхон Нафасов 1996-2006 йиллар мобайнида федерацияни муваффақиятли бошқариб, қатор ютуқларга эришганини инкор этиб бўлмайди, албатта. Ўн икки йиллик танаффусдан сўнг яна Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси раҳбарлигига сайлангани ҳам унинг мазкур спорт тури ривожи йўлида амалга оширган ишларининг мантиқий далили, аслида. Эски ишига янгидан қайтган 6-ДАН қора белбоғ соҳибининг кейинги фаолияти можароларга уланиб кетади. Орадан уч ой ўтиб, сирли ва шов-шувли тарзда вазифасидан четлатилгани айтилаётган Н. Нафасовга нисбатан кўп ўтмай жиноят иши қўзғатилди ҳатто...

Айни кунларда жиноят иши юзасидан суд кетмоқда. Бир неча ойлардан бери давом этаётган суднинг мантиқий якуни ўша сир-у жумбоқларга ойдинлик киритиши эҳтимоли катта.

Бугун бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида иштирок этган «Xabar.uz» мухбири бунга бир қадар амин бўлиб келди.

Ҳозирча шуларнигина айтиш мумкин, холос. Зеро, суд жараёни кетаётган пайтда бундан ортиқчаси оғирлик қилади: судга таъсир ўтказиляпти, дея маломат қилувчи донишмандлар доим топилган.

Дарвоқе, айтиш мумкин яна бир гап экан: Н.Нафасов можароли тарзда вазифасидан четлатилиши ортидан «ЎКМФнинг тегишли йиғилиш қарори ва 27.09.2018 йилдаги 1-сонли буйруқни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида» фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига мурожаат қилганди.

Орадан ўн бир ой (!) ўтди. Жиноят ишига алоқадор бўлмаган мазкур фуқаролик иши судда ҳамон «дам еб» ётибди. Ажаб...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг