Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Олис уруш хотиралари (видео)

Олис уруш хотиралари (видео)

Фото: «Xabar.uz»

«Тирик, у тирик экан» деган сўзларини эшитдим...

Уруш қатнашчилари йилдан-йилга камайиб бормоқда. Урушнинг охирида борган ўспирин ҳам 87 га кирди.

Рашид Раҳмонов ҳам бу йил 95 ёшга киради.

Қаҳрамонимиз уруш хотираларини шунчаки сўзлаб беролмайди. Ҳар гал уруш манзараларини эслар экан, асаблари зўриқади, кўзларига ёш келади. Урушни лаънатлайди. «Урушни кўрманглар!» деб дуо қилади.

 Орзулари кўп йигитча эдим

1924 йили Хўжандда туғилган эканман. 1928 йили ота-онам Самарқандга кўчиб келишган. Тўрт ёшимда отамнинг тўппончасини кўтариб чиқиб одамларни бир қўрқитган эканман. Кейин отамни Ургутга ишга юборишди. 1940 йили Ургутдаги 1-мактабнинг еттинчи синфини тугатганимдан кейин Самарқанддаги педагогика билим юртига ўқишга келдим. Биринчи курсни битираётганимда уруш бошланиб қолди.

1941 йил августда мени урушга олишди. Қизил вагонда 14 кун юриб, Горький шаҳрига бордик. Уч ой тайёргарликдан ўтиб, Калинин шаҳрининг мудофаасига отландик. Мен урушнинг шундай даврида бордимки, қаҳрамонликларимизни айтиб мақтанадиган аҳволда эмасдик. Кетма-кет шаҳар ва қишлоқларни ташлаб чиқар, мағлубият аламини тортиб, чекинар эдик.

1943 йилнинг июли ҳеч эсимдан чиқмайди. Бу Курск ёйида содир бўлган эди. Бу уруш тақдирини ҳал қилган жанг эди. Биз ўлимнинг эмас, ўлим бизнинг сафларни оралаб юрар эди. Ҳар лаҳзада ўнгда ё чапда кимдир қуларди. Биз эса у пайтда ўлимдан қўрқмас эдик. Бу гапларни ўзимни қўрқмас қаҳрамон қилиб кўрсатиш учун айтмаяпман. Тўғри, қўрқар эдик, атрофимизда бомба портлаганда қўрқиб, юз тубан ётиб олардик. Лекин атрофимиздан тинимсиз визиллаб учиб ўтаётган ўқларга деярли парво қилмасдик. Ваҳоланки, кўп йигитлар бомба портлашидан эмас, ўша дайди ўқлардан ўлим топарди. Биз ўққа чап беришни, жонимизни сақлашни эмас, душманни даф қилишни ўйлар эдик. Чекиниш жонига теккан жангчилар энди фашистларни чекинтириш истагида олов бўлиб ёнишарди. Ана шу шиддат, фидойилик Курск ёйидаги муваффақиятни таъминлади ва шу кундан душман чекина бошлади.

 Қаранглар-чи, ҳали тирикми?

Курск ёйи ҳар иккала тарафдан ўлган аскарларнинг жасадлари ва ярадорлар билан тўлиб кетди. Шундай бўлдики, бизникилар билан душманларнинг ярадорлари, ҳалок бўлган жангчилар қоришиб кетди. Мени ҳам душман ўқи йиқитди...

Кундузи ярадорларни жанггоҳдан олиб чиқишнинг иложи йўқ. Кечаси санитарлар от-аравада келиб, ярадорларни олиб кетишади. Мен тунгача санитарлар келишини кутиб, кўп қон йўқотганим туфайли гоҳ ҳушимга келиб, гоҳ ҳушимдан кетиб ётардим. Аммо кечаси кимнингдир «Тирик, у тирик экан» деган сўзларини эшитдим. Мени аравага олишди.

Дала госпиталида ўзимга келдим. Оёғимни белимгача боғлаб ташлашган эди. Ўн беш кун давомида бир хил манзара: бош врач келади ва «Қаранглар-чи, ҳали тирикми?» деб сўрайди. Кейин билсам, кўп қон йўқотганим туфайли тирик қолишим эҳтимоли кам бўлган экан. Шунинг учун мени операция қилишга ҳам шошилишмаётган экан.

Ана ўшанда кўнглимдан бир гап ўтди: агар соғайиб кетиб, оёққа турсам, то оёқда тик юрар эканман, ҳеч кимга ёмонлик қилмайман, қўлимдан келганча яхшилик қиламан.

Шу ниятим ижобат бўлдими, ўн беш кун ўтиб, мени операция қилишди. Госпиталда беш ой даволаниб, яна сафга қайтдим.

Мен танкчи бўламан

Мени Киевдаги танкчилар тайёрлайдиган билим юртига юборишди. Тайёргарликдан ўтганимдан кейин 4-Украина фронтига юборишди. Мен бу фронтда ўзиюрар қурол командири сифатида яна жангга кирдим. Ўзиюрар қурол деганимиз танкка ўхшаган қурилма бўлиб, фарқи усти очиқ ва унга ҳам танкники сингари 76 мм. калибрли тўп ўрнатилади. Машинанинг тўрт кишилик экипажи ва 76 та снаряди бўлади.

Полкимизнинг чекига Ужгород шаҳридан то Чехословакиягача бўлган ҳудудни душмандан тозалаш тушди.

Душман билан юзма-юз

Ана шу фронтда энг даҳшатли жангга гувоҳ бўлдим. Армияси тинимсиз чекинаётганига чидай олмаган Ҳитлер энг янги танклари, ўзиюрар тўплари билан мукаммал қуролланган қўшинини айнан бизнинг фронтга ташлади. Олдин худди қиёмат қойим бўлгандек самолётлар бомбардимон қилишди. Узоққа отадиган артеллериядан роса снарядлар ёғдиришди. Шундан кейин ерни зириллатиб, кўплаб оғир танклар, ўзиюрар тўплар, ҳисобсиз пиёдалар бизга қарши ҳужумга ўтди. Чор тарафда ёрилаётган снарядларнинг ҳисоби йўқ. Биттаси бизга яқин портлади. Бир муддат кўрмай қолдим. Юзимдан шовуллаб қон оқарди. Хайрият, кўзим чиқиб кетмабди. Қонни тўхтатишга, жароҳатни боғлашга эса вақт йўқ эди...

Ана шу қирғинбарот жангда душман танки билан юзма-юз бўлдим. У танк ҳам бизга қараб замбарагини тўғрилай бошлади. Мен ҳам. Ниҳоят, тўпларимиз ҳам юзма-юз бўлди. Менимча, фашист танкчилари тўпга снаряд жойлашга кеч қолишди. Бизники эса ўқланган эди. Мен олдин отдим. Фашистларнинг «Йўлбарс»и гуриллаб ёна бошлади. Танкдан қочиб чиқадиган фрицларни пойлаб, автоматни қўлимга олдим. Аммо улар чиқа олмай ёниб кетишди.

Юзма-юз олишувдаги ғолиблигим «Жасурлиги учун» медали билан тақдирланди.

Сиз офицер бўласиз

1944 йилнинг декабрида Чехословакияни озод қилиш чоғида қўлимдан ярадор бўлдим.

Битта нарсани кашф қилдим. Жангчи ярадор бўлгунча жангга худди ўйинга киргандек кираркан. Визиллаб учиб турадиган ўқлар ҳатто завқ бераркан. Аммо бир-икки марта ярадор бўлгач, олдинги шиддати пасаяр экан. Салгина эҳтиёткор бўлиб қоларкан.

Госпиталдан сўнг мени Киевга, ҳарбий билим юртига ўқишга юборишди. Энди менинг зиммамга ҳарбий офицер бўлиш тушган эди. Ярим йил ана шу ҳарбий билим юртида ўқидим.

Ана шу ерда ҳаётимиздаги энг қувончли воқеа содир бўлди!

Офицерлар! Подъём!

Ҳали соат тонгги бешлар эди. Навбатчининг баланд овозидан ҳаммамиз уйғониб кетдик:

− Офицерлар! Подъём! Уруш тугади! Ғалаба!

Ҳали тонг ёришмаган. Ҳамма ташқарига отилди. Ким кийинган, ким яланғоч. Бунинг аҳамияти йўқ. Кўчалар одамга тўлиб кетди. Кимдир осмонга ўқ отган, кимдир пистолетидан «ракета» отган. Ҳаммаёқ қийқириққа тўлиб кетди. Таниган-танимаган бир-бирини қучоқлайди, бир-бирини ўпади. Аёллар йиғлаган. Биздан ўзини олиб қочиб юрган қизлар келиб, бўйнимизга осилган, ўпган...

Ахир бу ғалаба куни эди-да!

Танкчиларнинг устози бўлдим

Уруш тугагандан кейин офицер бўлиб, бир умр ҳарбий формада юргим келмади. Урушнинг ўзи бездириб бўлган эди. Ўқишни давом эттирмаслигимни айтдим. Кейин мени Горький шаҳрига юборишди. Икки йил давомида армияга янги келганларга танкчиликни, уни ҳайдаш ва тўпдан отиш сирларини ўргатдим.

1947 йилдагина мени демобилизация қилишди. Шунда ҳам бир умрга эмас, захирага.

Мен тракторчи бўламан

Ургутга келдим. Бирор ой ўтгач, отам: «Хўш, ўғлим, дамни олиб бўлдинг, энди нима қилмоқчисан?», — деб сўради. «Тракторчи бўламан», — дедим. Трактор ҳам танк билан бир хил эди, мен эса танкчи эдим-да. «Тракторчиликка доим улгурасан, Ургутга олий маълумотли ўқитувчилар етишмаяпти. Муаллимлар институтига ўқишга боргин, математик бўлиб келгин», — деди. «Ота, тўрт йил урушда юрган одамнинг калласида математика қолибдими?», — дедим эплай олмаслигимдан қўрқиб. «Меҳнат қилсанг, ҳаммасини эплайсан», — деди отам. Шу билан Самарқанддаги икки йиллик муаллимлар тайёрлайдиган институтга кирдим. Отам айтгандек тинимсиз ўргандим, изландим. Кам ухлаб, кўп ўқишни одат қилдим. Натижада биринчи курсни фақат беш баҳога тугатдим. Иккинчи курсда эса Сталин стипендияси олдим. Бу домлаларнинг ойлигидан кўпроқ эди. Институт комсомоли бошлиғи бўлдим.

Институтни қизил диплом билан битирганимда йигирма бешга кириб қолгандим. Аммо устозим Абдуллаевнинг тавсияси билан университетга кириб, давлат стипендияси билан ўқидим. Комсомол ташкилотини бошқардим. Университетни ҳам қизил диплом билан битирдим. Тиришқоқлигимни кўрган устозларим математика факультетида ишга олиб қолдилар.

Менинг университетим

Аввал математика факультетида ассистент бўлдим, ўқитувчи бўлдим. Кейин Бокуда аспирантурани битириб келдим. Физика-математика фанлари номзоди, катта ўқитувчи, кўп ўтмай доцент бўлдим. Ўн икки йил кафедрага мудирлик қилдим. Олти йил математика факультети кечки бўлими декан ўринбосари бўлдим.

58 йил умрим Самарқанд давлат университетида ўтди. 53 йил дарс бердим. Минглаб шогирдлар етиштирдим. Ҳали ҳам шогирдларим Ғалаба куни йўқлаб туришади, қўнғироқ қилишади...

2006 йилдагина, 82 ёшимда пенсияга чиқдим.

Менинг мукофотларим

Умрим давомида кўп орден-медаллар, мукофотларга лойиқ кўрилдим. 1-даражали «Ватан уруши» ордени, жанговар медаллар олдим. Юбилей медаллари билан, ҳукуматнинг фахрий ёрлиқлари билан мукофотландим. «Халқ маорифи аълочиси» унвонини беришди. Машина ҳам беришди. Хуллас, мукофотларим кўп.

Аммо энг олий мукофот − менинг оилам, фарзандларим, невараларим, эвараларим.

Тақдир пешонамга ўзимга адаш бўлган Рашида исмли қизни битган экан. Қозондан келган бу қиз мендан бир курс юқорида ўқирди. 29 ёшимда унга уйландим. У физик эди. Умрининг охиригача битта жойда — сил диспансери қошидаги мактабда сил билан оғриган болаларга дарс берди. Ўғлим Равил ҳам физик бўлди. Унинг қизлари врачлар, ўғли ички ишлар ходими. Қизларидан неваралари бор. Қизим Раъно менинг изимдан кетди. У математика фанлари номзоди. Ундан ҳам невараларим ва эвараларим бор. Қизим Раҳима врач. У ҳозир «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармасининг вилоят бўлими раҳбари. У ҳам ўғил уйлантириб, қиз чиқарди. Иккаласидан ҳам неваралари бор. Кенжа қизим Розия ҳам врач. Шаҳар болалар стоматология поликлиникасида бўлим бошлиғи. Икки ўғли бор. Ҳа, айтганча, ҳамма фарзандларим мактабни олтин медаль билан тугатган. Давлат стипендияси олиб ўқиб, олий таълим муассасаларини қизил диплом билан тугатишган.

Катта неварамнинг қизи ўзи билиб-билмай битта гапни айтди: «Бобомнинг невара, эваралари бор, аммо ҳали чевараси йўқ. Мен ўн олтига кирсам, эрга тегаман ва бобомга чевара ҳадя қиламан». Ўн иккига кирган эварамнинг нияти ижобат бўлиб қолса, чевараларни ҳам кўрамиз насиб бўлса! Ишқилиб тинчлик бўлсин! Тинчлик бўлса, ҳар қандай орзуга етадиган замон бўлди.

Нима учун фарзандлар, невара, эваралар мен учун олий мукофот? Чунки уларнинг ҳар бири туғилганда битта нарса ёдимга тушаверади: дала госпитали, врач кириб келади ва ҳар гал битта нарсани сўрайди: «Қаранглар-чи, ҳали тирикми?». Мен эса ҳали тирикман!

 Мени йиғлатган мукофот

Юқорида айтдим, мен кўп мукофотлар олдим деб. Аммо давлатимиз раҳбари берган бир мукофот менинг кўзларимдан ёш оқизди. «Соғлом авлод учун» жамғармасидаги самарали меҳнатлари учун қизим Раҳимага «Дўстлик» ордени берилди. Буни эшитиб, ишонасизми, чорак соатча ўзимга келолмадим. Кичкина қизимнинг телефон рақамларини терганман, аммо унга бу хушхабарни айтолмайман. Тинимсиз йиғлайман. Гапирай десам, томоғимга бир нарса тиқилиб қолган. Қизим етиб келди нима бўлибди деб.

Фарзандларинг эришган муваффақият ўзингникидан азизроқ бўларкан. Фарзандларимиз бор экан, биз ўлмаймиз. Улар биздан ҳам юксакроқ парвоз қилишади. Бизнинг орзуларимиз улар билан бирга парвоз қилишади.

 Доимо бир хил дуо қиламан

Бизни ҳамма жойда қадрлашади. Президент сафлари камайиб қолган уруш ветеранларининг ҳурматини жойига қўймоқда. Бу йил ҳам бизга алоҳида эътибор қилиб, 5000000 сўмдан мукофот берилишини эълон қилдилар. Биз у кишидан миннатдормиз. Давлат ҳисобидан битта кузатувчимиз билан урушда бўлган жойларимизни кўриб келишимиз, шунингдек, Сочи, Ялта, Кисловодскдаги санаторийларга бир кузатувчимиз билан бирга бориб, дам олиб келишимиз мумкин экан. Мен Ялтадаги санаторийни танладим. Насиб бўлса, май ойи охирларида Раҳима қизим билан Ялтада дам олиб келаман.

Барча қуролдошларимни, фронт ортида меҳнат қилиб, ғалабани яқинлаштирган меҳнат фронти ветеранларини ғалаба байрами, Хотира ва қадрлаш куни билан табриклайман! Барчасига сиҳат-саломатлик тилайман!

Ҳар йили мени турли учрашувларга таклиф этишади. Институтларда, лицей, коллежларда, ҳарбий қисмларда бўладиган учрашувларда ватан хизматини қилиш шарафли бурч эканини айтаман. Уларни тинчликнинг қадрига етишга даъват қиламан. Уларга битта гапни айтаман: урушни кинода кўриш яхши. Уруш фақат киноларда қолсин! Уруш – даҳшат! Урушнинг даҳшатини сўз билан айтиб бўлмайди. Айтганинг билан урушни кўрмаган одам тасаввур қилолмайди.

Дуо қилинг дейишади, мен эса доимо бир хил дуо қиламан: «Урушни кўрманг! Урушни сиз-ку кўрманг, фарзандларингиз ҳам, невараларингиз ҳам, эвараларингиз ҳам кўрмасин! Тинчлигимиз барқарор бўлсин!».

Каримберди Тўрамурод суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг