Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Олий суд & ОАВ». Бу галги тадбир «ўхшамади»

«Олий суд & ОАВ». Бу галги тадбир «ўхшамади»

Фото: Xabar.uz

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида (АОКА) Ўзбекистон Республикаси Олий суди мутасаддиларининг оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ходимлари билан навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.

Бундай тадбирлар қизғин савол-жавоб, баҳс-мунозараларга бой ўтишига ўрганиб қолинган экан. Бу галгиси бироз ўхшамади-да...

Нега?

Биринчи сабаб - тадбирда ОАВ ходимлари кам бўлди, буни АОКА кичик мажлислар залидаги ўриндиқларининг салкам ярми бўш қолганиям айтиб турибди. Иккинчи сабаб - шугина ҳамкасбларнинг тадбир мавзуси борасида тасаввури ғариб бўлса, учинчидан ва, ёмони, савол-жавобларга ўтилганда шахсий муаммолар тафсилоти-ю на савол, на таклифга ўхшамаган мантиқсиз гаплар вақтни «еб қўйди»! Шунга қарамай, Олий суд мутасаддилари ҳеч кимнинг «оғзига ургани» йўқ, ҳаммасини сабр билан эшитиб, айтилган муаммо бўйича тегишли тартибларни тушунтириш асносида керакли тавсиялар беришга эринилмади.

Тадбир мавзуини сўрасангиз, анча қизиқарлидай: «Маъмурий судларнинг ташкил этилиши ва МСИТК (маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс) қабул қилиниши тўғрисида».

Маъмурий судлар - янги ҳуқуқий институт. Мазкур судлар 2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб фаолият кўрсатмоқда. Илгари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судларда, маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар эса жиноят ишлари бўйича судларда кўриларди. Янги ҳуқуқий институтнинг ташкил этилиши жиноий, иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича судлардаги юкларни яхшигина енгиллаштирди. Шунингдек, фуқароларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятини янада кенгайтирди. Рақамларни гапиртирсак: жорий йилнинг тўққиз ойи давомида маъмурий судларда 12159 та маъмурий-ҳуқуқий муносабатларга оид ишлар кўриб чиқилди (маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар сони бу ҳисобга кўрмайди). Мазкур рақам шундоғам «дело» кўплигидан «бели чиқаётган» жиноий, иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича судлар оздир-кўпдир енгиллаштирганини кўрсатади.

Оммавий-ҳуқуқий низолар, асосан, мансабдор шахсларнинг ҳаракатидан (ёки ҳаракатсизлиги) келиб чиқиши маълум. Бундан англашиладики, маъмурий судларда «ихчам-ихчам» ишлар кўрилса-да, уларнинг залвори кичкина эмас. Биласиз, мансабдорнинг «панжасига панжа урмоқ» шунчаки гап эмас. Дейлик, яқин-яқинларгача ҳокимни судга беришни ҳатто тасаввур этиш қийин эди. Бугун эса бу одатий ҳол. Маъмурий судларда оддий фуқаронинг аризаси ёки шикояти сабаб қа-анча амалдорларнинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф деб топилиб, уларнинг озмунча қарорлари ҳақиқий эмас, деб топиляптими?! Рақамлар кўрсатяптики, ўтган тўққиз ой давомида маъмурий ва ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича 4784 та иш кўрилиб, уларнинг ярмидан кўпроғи қаноатлантирилган. Мансабдор шахсларнинг ҳаракатини (ёки ҳаракатсизлигини) қонунга зид топишга оид кўрилган 5173 та ишнинг 4072 тасида даъвогарларнинг қўли баланд келган... Мазкур рақамлардан келиб чиқиб (бошқа судларда меҳнат қилаётган судьяларнинг фаолиятини камситмаган ҳолда), маъмурий суд судьялари мансабдорлар босимига кўпроқ учраши эҳтимоли кўпроқдай. «Амалдорлар судга босим ўтказмайди», дея эътироз билдиришга шошманг, тўғри, беш бармоқ баробар эмас, аммо барча курсидорларнинг дунёқараши сидирғасига ўзгаргани йўқ-да ҳали...

Қайси бўғиндаги мансабдорлар устидан берилаётган ариза (шикоят)лар кўп? Тақдим этилган маълумотга кўра, фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш органи (ФҲДЁ) мансабдорлари бу борада «пешқадам»дай... Негаки, тўққиз ойда ФҲДЁ мансабдорлари устидан судга 487 та мурожаат қилинган бўлган бўлса (395 таси қаноатлантирилган), шу орган томонидан рўйхатга олиш рад қилинган 85 та ҳолатнинг 60 таси қонунга зид деб топилган...

Албатта, маъмурий судларнинг биринчи босқичида чиқарилган суд қарорларини ёппасига қонуний дейиш қийин. Бу табиий, зеро, биринчи босқич суди қарори қатъий эмас, шикоятга ўрин бор. Бироқ юқори босқичларда «брак»ка чиқаётган қарорлар нисбатан кам. Апелляция тартибида кўрилган 1297 та ишнинг 397 таси бекор қилинган бўлса, кассация инстанциясида бекор қилинган ёки ўзгартирилган суд ҳужжатларининг умумий миқдори икки фоизга етмайди...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг