Депутатликка номзод блогернинг қўли тишлаб олингани айтилмоқда
Тошкент шаҳар, Сергели туманидаги 426-сайлов участкасида ўқитувчи депутатликка номзоднинг қўлини тишлаб олгани айтилмоқда. Бу ҳақда жабрланувчи сифатида Нозим Сафаров ўзининг телеграм-каналида хабар қилиб ўтган.
«Ўқитувчилардан кўнглим қолди. Ҳаммасидан эмас.
Депутатликка номзодимни аслида ютишга умид қилмасдан қўйгандим. Мен ўйинлар бўлишини билгандим. Лекин бунчалик эмас.
Шарафсизлар ўқитувчиларни тотал эксплуатация қилиб, хоҳлаган ишларини қилишди. Ҳатто шунчаликки ўқитувчилардан бири қўлимни тишлаб олди.
Сайлов якунида ҳаммаси саналганидан сўнг протоколни тўлдириш учун алоҳида хонага кириб кетишди. Ичкаридан эшик қулфланган. Барча кузатувчилар ташқарида. Ичкарида нима қилишди билмадиму лекин «Адолат»га берилган овоз қоғозлари сайлов жараёнида ҳаммасидан каттароқ тоғни ҳосил қилган эди.
Ваколатим доирасида протоколни кузатувчилар олдида тўлдиришни сўраб қулф эшикни тақиллаттим. Ижронинг шарафсиз вакили тотал эксплуатацияси қурбонларидан бири, зиёли ўқитувчи қўлимни тишлашгача борди. Мен шунчаки протоколни қонун доирасида кузатувчилар кўз ўнгида тўлдиришни сўраган эдим.
Ўқитувчилардан ҳам шарафсизлардан ҳам кўнглим максимум қолди. Шу депутатлик сизларнинг одамларингизга насиб қилаверсин. Пишириб енглар. Сизларга «подарка» шу. Мен бу тизимдан қўлимни ювдим.
Бу яхши тажриба. Романтика ва ёлғон иллюзияларга берилишдан чеклайди. Ҳаммага рахмат. Айниқса Сергели туман ҳокимига. Ҳамма ўйин туман кенгаши учун бўлди. Ягона саволим:
Бахтиёр Абдувохидович, тунлари қандай ухлайсиз?» — дея ёзади Нозим Сафаров.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter