Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўткир Ҳошимов ҳангомалари

Ўткир Ҳошимов ҳангомалари

Баъзилар шоир ёки ёзувчи деганда ўта жиддий, ҳатто қовоғидан қор ёғадиган одамни тушунади. Аслида ундай эмас, истеъдодли ижодкорларнинг деярли ҳаммаси ҳажвга, ҳазил-мутойибага бой бўлади. Биз – ижод аҳли ҳам бошқалар каби бири-биримизга ҳазил қиламиз, беозор «шумликлар» ўйлаб топамиз. Мана, ўшалардан бир шингили.

«ШПАНА»

Университетни янги битирган кезларим эди. «Одамлар нима деркин» деган қиссам китоб бўлиб чиқди...

Озод Шарафиддинов, Субутой Долимов, Умарали Норматов, наманганлик қадрдонимиз, шоир ва олим Нуриддин Бобохўжаев, бир-икки мезбонлар билан Саричелек қўриқхонасига бордик. Тоғ устидаги кўл бўйида ётиб дам олдик. Кун бўйи чўмиламиз, ош-овқатни ўзимиз қиламиз. Бутун оламдан ажралиб, бир ҳафта радио эшитмасликка, соқол олмасликка, хуллас «ёввойи» бўлиб юришга қарор қилганмиз...

Ўн кунлардан кейин юк машинасида тоғдан қайтиб тушдик. Соч-соқоллар ўсган, кийимлар афтодаҳол.

Янгиқўрғон марказида тўхтаб тамадди қиладиган бўлдик. Йўл-йўлакай аллақандай магазинга кирдик. Чиройли қиз пештахта ортида китоб ўқиб ўтирган экан. Озод ака одатдаги «қитмирлик» билан сўради:

– Синглим, нима китоб ўқияпсиз?

Қиз ғаши келиброқ бошини кўтарди. Индамай китобнинг муқовасини кўрсатди. Бу – менинг китобим эди. Ёш ёзувчи бунақа пайтда қандай аҳволга тушишини биласиз. Хурсандман. Нуқул илжаяман!

– Бунақа бемаъни китобларни ўқиманг, – деди Озод ака «шумлик» қилиб.

Қизнинг жаҳли чиқиб кетди.

– Ўзингиз бемаъни! Китобни тушунмасангиз гапириб нима қиласиз!

Бизнинг оғиз – қулоқда.Озод ака менга қараб кулди.

– Кўрдингми, мухлисларинг кўпайиб қопти. – Кейин қизга тушунтирди. – Қўлингиздаги китобни мана шу бола ёзган. Беринг, дастхат ёзиб беради.

Қиз менга бошдан-оёқ қараб чиқди-да, жаҳл билан ғичирлади:

– Э, йўқол, шпана!

Довдираб қолдим. Қийқириқ, кулги...

Айниқса, кекса Субутой домла тиззасига уриб-уриб кулади. Йўқ, Озод ака амаллаб қизни ишонтирди. Қўлидан китобни олиб, «Ҳурматли фалончихонга...» деб энди дастхат ёза бошлаганимда ичкаридан башанг кийинган, тилла тишли киши чиқди. (Магазин мудири бўлса керак.)

– Хўш, нима шовқин? – деди қовоғини солиб.

Озод ака нима гаплигини тушунтирди. Мудир ҳаммамизга бир-бир қараб чиқди-да мендан сўради:

– Ҳужжатинг борми?

– Обке паспортингни!  – деди Озод ака жаҳли чиққан бўлиб.

Машина кабинасида қолган паспортимни олиб келишга мажбур бўлдим. Мудир аввал паспортга, кейин менга, ундан кейин китоб муқовасига қаради. Узоқ ўйланиб қолди.

– Фамилияси ўхшайди, – деди салмоқланиб, – сурати ҳам ўзига ўхшайди, аммо кўриниши ёзувчига ўхшамайди.

– Ана! – Субутой домла тантана билан кўрсаткич бармоғини осмонга бигиз қилди. – Ана! Одам танишни биларкансан-ку, ўғлим. Ёзган дастхатини кўргин! Ёзувчиям шунақа хунук ёзадими? Афтини қара, афтини! Тошканнинг хулигани-ку бу! Ҳа, қизим-а, содда қизим-а! Шунинг гапига ишондингми?!

Сотувчи қиз жаҳл билан мен дастхат ёзган варақни йиртди-да, ғижимлаб ерга улоқтирди...

«ҲОЖАТБАРОРЛИК»

Булунғурга кетаётгандик, йўлда машина бузилиб қолди. Амаллаб етиб боргунча алла-паллага қолиб кетдик. Қорин – пиёзнинг пўсти. Асаблар таранг...

Уй соҳиби дастурхон безатиб қўйган экан. Бир пиёла чой ичдикми-йўқми, мезбон ҳасрат қилиб қолди.

– Неча йилдан бери шеър ёзаман, чиқаришнинг иложи йўқ. Газета-журналларда таниш-билишчилик...

– Мана, шеър чиқарадиган одам! – Абдуғафур Расулов мени кўрсатди. – Опкелинг шеърларингизни. Ҳозир опкелинг!

Мезбон ҳам шуни кутиб турган эканми, бир папка шеър қўлтиқлаб кирди. Папкани очиб, ўқишга шайланган эди, Абдуғафур ака маслаҳат берди:

– Сиз ўқиб овора бўлиб ўтирасизми? Ўткиржоннинг ўзи ўқийди. Ичидан танлаб-танлаб олаверади.

Папка менинг қўлимга ўтди. Бири-биридан хароб шеърларни пичирлаб ўқияпман-у, ўғринча Абдуғафур акага қараб қўяман. У киши нону ангур қилиб, олтиндек узумни уриб ётибди. Охири чидолмадим. Бир бурда нон кавшаб, узумга қўл чўзган эдим, Абдуғафур ака дашном берди.

– Шеър деганни овоз чиқариб ўқийди-да. Биз ҳам эшитайлик бундоқ!

Овоз чиқариб ўқишга мажбур бўлдим. Ҳар сафар мезбон «қалай, домла, зўрми?» деб қўяди. «Шеърингиз икки пулга қиммат», дей десам, дастурхонида ўтирибман. Устига-устак қорин ҳалигидай. Абдуғафур Расулов эса нуқул олқишлайди.

– Зўр ҳам гапми? – дейди қаймоққа нон ботириб. – Китоб қилиб чиқариш керак. Ҳаммасини Ўткиржоннинг ўзи эплайди. Бу киши ҳожатбарор одам.

Папкадаги шеърларни ўқиб бўлгунимча бир соатлар ўтди. Қаймоқ тамом бўлди, узумнинг шингил-шапоқи қолди.

Мезбон мастава олиб кирди. Бир қошиқ ичмасимдан Абдуғафур ака тағин шеърларни мақташга тушди.

– Шундоқ зўр асарларни босишмадими, а? Вой, номардлар-ей! Янгиларидан борми?

– Э, бундан ҳам зўрлари бор! Олиб келайми?

– Албатта-да!

Мезбон бу гал иккита папка кўтариб кирди. Маставани маза қилиб ураётган Абдуғафур Расулов ора-чора менга далда бериб қўяди.

– Ўқинг, дўстим, ўқинг! Шеър деганни жаранглатиб ўқиш керак.

Ош устида тўртинчи папка очилди...

Эртасига эрталаб Булунғур бозорига кирдик. Рўпарадан қовун кўтариб келаётган сийрак соқолли чол чиқиб қолди. Йўлини тўсиб салом бердим. Мол-ҳолини, кампири-ю невара-чевараларини суриштирдим.

– Худога шукр! – деди чол жиндай ҳайратланиб. – Қирқ битта невара, ўн саккизта чевара бор. Сизни танимайроқ турибман, болам.

– Ҳозир танийсиз-да! – дедим меҳрибонлик билан. – Мабодо бир парча қоғозингиз йўқми, отахон?

Отахонда қоғоз йўқ экан. Абдуғафур Расуловдан қарз олишга тўғри келди. Қоғозга Абдуғафур аканинг исми-шарифини, турар жойини, ишхонасини, телефон рақамини батафсил ёздим.– Шу қоғозни эҳтиёт қилинг, хўпми, отахон? – дедим чолга узатиб. – Керакли одамнинг адреси ёзилган.

Чол нима гаплигини англамай турган эди, сўрадим:

– Мабодо институтга киришни ният қилган невараларингиз борми?

– Бор! – деди чол жонланиб. – Бир эмас, тўрттаси бор. Бултур ҳам иккитаси Тошкентга ўқишга кираман деб бориб, қайтиб келганди.

– Мана бу одам, – дедим Абдуғафур акани кўрсатиб, – Тошкентдаги энг катта институтнинг энг катта домласи Абдуғафур Расулов бўладилар. Олтита неварангизнинг ҳаммасини юбораверинг. Ўқишга жойлаб қўядилар: бу киши – ҳожатбарор одам.

Чол қувониб кетди. Манзил ёзилган қоғозни ҳафсала билан белбоғига қистирди.

– Ие, сизларни Худо етказди-ку, – деб азза-базза қовунни ерга қўйди, икки қўлини очганча дуо қила бошлади. – У дунё-бу дунё ёмонлик кўрмагин, болам! Невараларимни ўқишга киргизиб қўйсанг, ҳар куни беш маҳал намоз устида дуо қиламан. Яхшилигинг мендан қайтмаса, бола-чақангдан қайтсин. Бола-чақангдан қайтмаса, Худодан қайтсин...

Чол дуонинг энг қуюқ жойига келганда тўсатдан кўзи олазарак бўлиб қолди.

– Ия, ҳа, қаёққа? – деди ҳайрон бўлиб.

Абдуғафур ака ўзини оломон орасига урди-ю, бир зумда кўздан ғойиб бўлди.

«МЕҲРИБОН» ШОГИРД

Ёзда Озод Шарафиддинов билан Фарғонада дам олдик. Тўй мавсуми авжига чиққани учунми, Худонинг берган куни саҳарги ошга таклиф қилишади. Хўроз қичқирмасдан туриш малол келади. Аммо айтилган жойга бормаслик ҳам одобсизлик. Бир куни Озод ака иккинчи қаватдан хушламайроқ тушди.

– Чўрт побери, кечаси билан биқиним оғриб чиқди, – деди нолиб. – Даволанишга келганмизми, тўйма-тўй юришгами?

Санаторий дарвозасида, одатдагидек, машина кутиб турган экан. Ғизиллатиб олиб кетишди.

Тўйхонага киришимиз билан «Умарали ака-а-а!» деган ҳайқириқ янгради. Сўриток тагида ўтирган найнов, саксовулдек чайир одам сапчиб туриб биз томонга келаверди. Эрталабдан «отиб» олгани кўриниб турибди. Оёқлари чалишиб кетяпти. Икки юзи тўйиб мош еган хўрознинг тожисидек қип-қизил. Яна бир марта «Умарала-ака-а-а!» деди-да, Озод акани даст кўтариб чирпирак қилиб айлантира бошлади. Домланинг у юзидан, бу юзидан ўпавериб шилта қилиб ташлади.

– Бормисиз, Умарали ака? Соғмисиз, домлажон? Эшик-эллар тинчми, домлажон? Неваралар чопқиллаб юрибдими, домлажон? Соғинтириб юбордингиз-ку, домлажон!

Ўпгани ҳам бор бўлсин! Ҳар «домлажон» деганида Озод акани силкитиб-силкитиб қўяди. Озод ака «Мен... Мен» дейди-ю, «Умарали эмасман», дейишга бояги одам қўймайди. Домла «кечаси билан биқиним оғриб чиқди», дегани эсимга тушиб, ачиниб кетяпман.

Бир зумда Озод ака бошигача терлаб, қизариб кетди. Нуқул ҳансираб нафас олади. Бояги одам домлани ерга қўйди-да, менга юзланди.

– Эркин ака-а-а! – деди ҳайқириб. Кураш тушадиган полвонлардек қулочини кенг ёйганича тепамга бостириб келаверди. Қарасам, қовурғамни дазмоллаб ташлайдиган! Шоша-пиша, ўзимни одамлар орасига урдим.

Домла иккаламизни алоҳида хонага олиб кирди. Озод ака ҳамон ҳансираб нафас олар, пайдар-пай рўмолча билан юзини артар эди.

– Бояги одам ким? – дедим нон ушатаётиб.

Домла эшитмадими, жавоб бермади.

– Ким ҳалиги одам? – дедим чой қуйиб. Домла бир чимирилди-ю, тағин индамади. Ҳарқалай, ўша «меҳрибон шогирд» кимлигини жудаям билгим келарди.

– Домла, – дедим, – бояги одам ўзимизда ўқиганми?

Озод ака базўр чидаб ўтирган эканми, бирдан портлади.

– Ҳой! – деди қўлини пахса қилиб. – Қанақа эзма одамсиз? Жимгина ўтира оласизми, йўқми? Билмайман! Эшитдингизми? Танимайман! Умуман танишни ҳам хоҳламайман! Ўз ҳолимга қўясизми-йўқми?

Дамим ичимга тушиб кетди. Ташқари чиққанимизда «шумлигим» тутди. Озод аканинг қулоғига секин шипшидим.

– Умарали ака! Анови шогирдингиз яна келяпти. Хайрлашмоқчи шекилли.

Озод ака аланг-жаланг қаради-да, ўзини машинага урди.

– Ҳайданг, – деди эшикни ёпиб. – Ҳайданг, чўрт побери! Тезроқ кетайлик шу ердан.

«ХИТОЙЧА УСУЛ»

Тоққа, Азим Суюннинг қишлоғига боргандик. Кўпчилик эдик. Меҳмонларни бир хонадонга олиб киришди. Дастурхон тўкин. Буни қарангки, бошқа ноз-неъматлар қатори бир пиёла асал ҳам бор экан. Ҳамманинг кўзи ўша пиёлада.

– Тоза асалга ўхшайди, – деди меҳмонлардан бири. – Ҳидидан сезилиб турибди.

– Тоғнинг асали зўр бўлади-да, – деди иккинчиси.

– Ҳозир тоғда ҳам тоза асал қолмаган, – деди яна бири.

Гап айланиб асалнинг тоза-нотозалигини аниқлашга келиб тақалди. Биров «қошиқнинг учига илиб чўзиб кўриш керак, агар бир қулоч кўтарилганда ҳам асал узилиб қолмай ипдек тушаверса, тоза бўлади», деди. Яна кимдир чойга солиб кўришни маслаҳат берди. Тағин кимдир асални кафтга суриб, ручка билан чизишни таклиф қилди. Индамай турсак, асал хомталаш бўладиган.

Эркин Воҳидов менга қараб қўйди-да, сўради:

– Асални синашнинг хитойча усулини эшитгансиз-а?

Ҳеч қанақа «хитойча усул»ни билмасам ҳам, бир «шумлик» бошланаётганини сезиб, дарров тасдиқладим:

– Эшитганман! Энг қулай усул шу!

– Ундан ташқари замонамиз руҳига ҳам мос келади, – деди Эркин Воҳидов. – Ҳақиқий демократик усул.

Ҳамма «хитойча усул»га қизи»иб қолди.

– Айтсам ўрганиб оласизлар-да, – деди Эркин Воҳидов сирли қилиб.

Даврадагилар ялинишга тушди.

– Бўлмаса гап бундоқ, – деди Эркин ака. – Ҳозир орамиздан битта одамни «асал синовчи» қилиб сайлаймиз. Ким энг кўп овоз олса, «синовчи» ўша бўлади. «Синовчи» пиёладаги асални бир кўтаришда охиригача симиради. Соатга қараб турамиз. Агар ярим соатдан кейин оғиз-бурнидан варақ-варақ қон келиб ўлиб қолса, бундан чиқди, асал – тоза асал бўлади. Қани, ўзининг номзодини қўядиган одам қўлини кўтарсин!

Биттаям «номзод» топилмади.

– Начора, – деди Эркин Воҳидов мушкул муаммо қаршисида қолган одамдек чуқур ўйга толиб. – «Дўстинг учун асал ют», деган гап бор. Келинг, дўстлар учун қурбон бўлсак, бўпмиз-да!

«Жасорат» кўрсатиб, икковлашиб пиёлани бўшатдик. Хайрият, асал «зўр эмас» экан, ёмон таъсир қилгани йўқ.

«ПАМИЛДОРИ» ОПЕРАЦИЯСИ

Ўғлимнинг тўйи куни саҳарлаб дарвоза олдида машина тўхтади. Чиқсам, Озод Шарафиддинов «Волга»нинг чап эшигини очиб рулда ўтирибди.

– Дачадан келяпман, – деди домла. – Қани, дарров капотни очинг.

Юкхонани очсам, икки пақир памилдори турибди.

– Ўз қўлим билан тердим, – деди Озод ака тантанали оҳангда. – Идишларни тез бўшатинг-да, қоғоз-қалам олиб чиқинг.

Қоғоз олиб чиққан эдим, буюрди:

– Ёзинг! «Тилхат. Менким, ушбу ҳужжатга имзо чекувчи фалончи пистончиев шуни эътироф этаманки, Озод Шарафиддинов тўйимизни жамики сабзавот маҳсулотлари билан тўла таъминлади». Ёздингизми? Энди қўл қўйинг!

Табиийки, бу гап ўша заҳоти тўйхонага тарқалди. «Памилдори» операцияси пишитиб қўйилди. Эрталабки ош дастурхонига памилдори ҳам тортилди. Домла ёнимда турган эди, маҳалла оқсоқолларидан бири келиб, у киши билан қўшқўллаб кўришди.

– Ўғлим, – деди менга қараб, – ошинг яхши бўпти-ю, аммо памилдориси, айниқса, зўр экан-да! Экканнинг қўли дард кўрмасин!

Озод ака мамнун томоқ қириб қўйди.

Зум ўтмай иккинчи одам келди.

– Илоё ёшлар бахтли бўлсин! – деди қироат билан. – Дастурхон хў-ў-ўп тўкин бўпти-да, укам. Раҳмат! Айниқса, памилдорини айтгин! Асал-а, асал! Ишонсанг, мен ош еганим йўқ, нуқул памилдори едим!

Озод ака камтарона ерга қараб турибди. Қариндошлардан бири памилдорини мақтаб-мақтаб, жиндай танқид қилиб ҳам ўтди.

– Памилдори хўп яхши пишибди-ю, сал майдароқ эканми? Олхўри деб ўйлабман.

Шу пайт Эркин Воҳидов келиб қолди.

– Ўткиржон! – деди гапни узоқдан бошлаб. – Ёзда тўй қилишнинг шуниси яхши-да. Қовун-тарвуз мўл, мева-чева кўп... Манови олчанинг чиройли пишганини қаранг, деб, тўрттагинасини кафтимга олиб еб кўрсам, данаги йўқ! Қарасам, памилдори экан! Қаёқдан топдингиз бунақасини?

Зимдан қарасам, Озод аканинг қовоғи тушиб кетяпти.

Саид Аҳмад ака узоқдан мени койиб келаверди.

– Сен ярамасга қачон ақл киради-а? Янгилик яратаман деб, ҳар балони ўйлаб топаверасанми? Ош дастурхонига итузум қўйиш қаёқдан чиқди! Қаёққа қараса талинка-талинка итузум!

Озод ака бунисига чидай олмади.

– Чўрт побери! – деди қўл силтаб. – Мен тўйга памилдори эмас, тариқ обкелганман. Бўлдими? Қутулдимми энди?!

«ТЎЯНА» ОПЕРАЦИЯСИ

Ўзим ҳам бир эмас, бир неча марта «шумлик» «қурбони» бўлганман.

Эркин Воҳидов қизини узатаётганда эрталаб юртга ош берди. Борсам, дарвоза ёнидаги ўрик тагида Саид Аҳмад ака, Озод Шарафиддинов, Носир Фозилов, Неъмат Аминов, Умарали Норматов, яна аллақанча одам келди-кетдига қўл қовуштириб туришибди. Эркин ака билан қучоқлашиб кўришдик. Табрикладим. Киссасига тўёна солиб, мен ҳам бояги қаторга бориб турдим. Кечқурунги зиёфатга борсам, Эркин ака совуқроқ қарши олди.

– Эрталаб кўринмадингизми? – деди гинахонлик қилиб.

– Келдим-ку! – дедим ҳайрон бўлиб.

– Келсангиз кўрардим. Биламан, сиз вақтли туришни ёқтирмайсиз. – Эркин ака ҳовлига имо қилди. – Кираверинг, ҳаммалари ўтиришибди.

Чиндан ҳам эрталабки ошда қўл қовуштириб турганлар давра қуриб ўтирган экан. Ҳатто Саид Аҳмад ака менга жой ҳам олиб қўйибди.

– Ҳа, хомуш кўринасан? – деди оқсоқол афтимга тикилиб.

– Йўқ, ўзим... – деб минғирлашим билан ёнимизга Эркин ака келди.

– Эрталаб Ўткиржоннинг ўрни жуда билинди-да,– деди бош чайқаб.

– Келдим-ку, ахир! – дедим баттар ҳайратланиб. – Ўрик тагида кўришдик-ку!

– Қанақа ўрик? – Эркин ака елкасини қисиб қўйди-да, нари кетди.

– Ростдан ҳам келувдингми? – деди Саид Аҳмад ака.

– Ие, ўзингиз билан кўришдик-ку! – нажот кутгандек Неъмат Аминовга қарадим. – Неъмат ака ҳам бор эди.

Неъмат Аминов  гапимни эшитмадими, чой қуйди.

– Қани дастурхонга қаранг, жигарим!

– Сиз билан анча гаплашиб турдик, – дедим Саид Аҳмад акага.

– Менда галава қоптими! Келган бўлсанг келгандирсан, келмаган бўлсанг келмагандирсан. – Саид Аҳмад ака ҳам дастурхонга ундади. – Ол, манови гўшт яхши пишибди.

Томоқдан овқат ўтса қани!

Саид Аҳмад ака кўнглимдагини сезгандек, насиҳат қилди:

– Эркин билан қил ўтмас дўстсан. Кўп мухлислар Эркин Ҳошимов билан Ўткир Воҳидовни адаштириб юради. Эрта-индин сен ҳам қиз чиқарасан, ўғил уйлантирасан. Тўяна-пўяна бердингми?

– Бердим! – дедим жонланиб. – Ўрик тагида...

– Қанақа қилиб берувдинг?

Хунобим ошди.

– Қанақа бўларди, чўнтагига солиб қўйдим.

– Калланг гавдангдан катта-ю, бир отим носча ақлинг йўқ! – деди Саид Аҳмад ака койиб. – Биринчидан, тўяна дегани чўнтакка солинмайди, кафтга босилади! Иккинчидан, гувоҳ олдида берилади. Пулни конвертга солиб, устига «фалончидан пистончига», деб ёзиб қўйилади... Эркин сенинг тўянангга зормас-ку, барибир кўнглига келган-да! Минг йиллик қадрдон бўлсаларинг! – Бирпас ўйлаб турди-да, жўяли маслаҳат берди. – Энди... Битта йўли бор... Бошқатдан тўяна берасан. Пулинг борми?

Ноилож чўнтагимни кавлаб, беш сўмлик, ўн сўмликларни санай бошладим.

– Э, ямоқчига ўхшамай ҳар нима бўл! – деди оқсоқол жеркиб. – Йирикроқ пулинг борми, Носир?

Носир Фозилов қовоғини солиб тўнғиллади:

– Нима, мен кассирманми?

– Сенда-чи, Неъмат, йирик пул борми?

– Майдасиям йўқ! – деди Неъмат Аминов  кескин бош чайқаб.

– Сенларнинг ғамингни доим мен ейишим керак! – Саид Аҳмад ака киссасидан иккита юз сўмлик чиқарди. – Эшитиб қўй, – деди писанда қилиб. – Эртага эрталаб ровна соат саккизда боққа обориб берасан. Ҳам қарз бериб, ҳам кетидан югуриб юрмайман!

Бундан чиқди эрталаб Қибрайга ғириллашим керак.

Саид Аҳмад ака аллақаердан бир варақ қоғоз топ­ди. Пулни қоғозга ўраб, устига «Эркин акага Ўткирдан 200 сўм», деб ёзди. «200 сўм» деган сўзнинг тагига йўғон қилиб чизди. (У пайтда бу – анча катта пул эди.)

– Ма, ушла! – деди ўрнидан туриб. – Тўяна беришнинг қоидасини ўрганиб қўй, окангинанг айлансин! Биз тўяна беравериб-беравериб шилиниб кетганмиз! Юр, бирга борамиз.

Ноилож оқсоқолнинг кетидан эргашдим. Йўлакда турган Эркин аканинг олдига бордик.

– Қучоқлашиб кўриш! – деди оқсоқол елкамга нуқиб. Одамларни ҳайрон қолдириб, Эркин ака билан қайтадан қучоқлашдик. Қоғозга ўроғлиқ тўянани кафтига босдим. Эркин ака «қўйинг, шарт эмас», деди-ю пулни киссасига солиб қўйди.

Машинадан хабар олиш баҳонасида кўчага чиқдим. Қай кўз билан кўрайки, эрталаб келганимга, тўянага «гувоҳ бўлган» ўрик йўқ! Йўқ, вассалом! Тўғриси, ўзимдан ўзим шубҳаланиб қолдим. Барвақт туришни ёқтирмаслигим рост! Эрталаб Эркин аканикига келдимми ўзи? Ё уйқусираб бошқа жойга бордимми?

– Қаёқда юрибсан? – деди Саид Аҳмад ака ёнимга келиб ўтиришим билан.

– Ўзим... – дедим бўшашиб.

– Тўянадан қутулдинг! – Оқсоқол далда берди. – Энди одамга ўхшаб очилиб-ёзилиб ўтир. Аммо бир нарсани айтиб қўяй! Менинг пулим – урғочи пул, яқинда банкка обориб қочириб келувдим, ой-куни яқин эди. Эртага боласини қўшиб оборасан, 50 сўм!

Оббо! Энди буниси қолувди.

– Боласини Эркин Воҳидовдан оласиз! – дедим энсам қотиб.

Шу гапнинг устига Эркин ака келиб қолди.

– Содда бўлмай қолинг! – деди кулиб. – Эрталаб тўяна берувдингиз-ку. Олинг пулингизни, – шундай деб, қоғозга ўралган бояги пулни чўнтагимга солиб қўйди.

– Ўрик-чи? – дедим талмовсираб.

Даврада шунақанги қаҳқаҳа портладики, қўшиқ айтаётган ҳофиздан тортиб ҳовлидаги меҳмонларнинг ҳаммаси баравар шу томонга қарашди. Менинг аҳволим хўп «томошабоп» бўлса керак. Неъмат ака «хе-хе»лайди. Носир ака «ҳу-ҳу»лайди, Эркин ака ёшланиб кетган кўзини артади...

Маълум бўлишича, эрталаб мен кетганимдан кейин, «тўяна» операцияси пишитилибди. Дарвоза олдидаги ўрикнинг катта шохи қуриб қолган экан, қариялар қуриган дарахт бехосият бўлади, деб таги билан арралаб ташлашни маслаҳат беришибди...

– Энди кўнглинг жойига тушдими? – деди Саид Аҳмад ака. – Қани, пулни чўз!

Энди менинг «шумлигим» тутди.

– Қанақа пул? – дедим пинагимни бузмай.

– Ҳазиллашма! – Саид Аҳмад аканинг пешанаси тиришиб кетди.

Парво қилмай еб-ичиб ўтиравердим. Ора-чора устозни дастурхонга ундайман.

– Олинг, оқсоқол, шўрва мазали бўпти!

Саид Аҳмад ака овқатга ҳам қарамай қўйди. Пайдар-пай сигарет тутатади...

Ниҳоят бир чора ўйлаб топди шекилли, қулоғимга эгилди.

– Эшитяпсанми? – деди овозини пасайтириб. – Чап чўнтагингда чақалоқ «инга»лаяпти, айтмовдимми, пулимнинг ой-куни яқин, деб. Хайрият-ей, омон-эсон қутулди, бояқиш! Майли, «боласи»ни сенга бердим. 200 сўмни қайтар!

– Манави қийма кабоб юмшоққина экан, устоз, – дедим меҳрибонлик билан. – Устига пиёз сепиб берайми?

Саид Аҳмад ака ялинишга тушди:

– Пул деган жигардан бўлади, болам. Унақа совуқ ҳазил қилмагин, настраенам бузилиб кетяпти. Ҳозир йиғлаб юбораман.

– Мен сиздан пул олганим йўқ! – дедим кўзимни лўқ қилиб.

– Бермайсанми? – Саид Аҳмад ака таҳдид билан ўрнидан турди. – Ҳозир анави боланинг қўлидан микрофонни оламан-да, бўлган ҳангомани бутун тўйхонага айтиб бераман!

Қарасам, чиндан ҳам ўша томонга кетяпти. Пулини қайтариб бердим. Оқсоқол киссасига ураркан, тўнғиллади:

– Барибир «боласи» сани бўйинингда! Жа бўлмаса, судга бериб, алимент қилиб ундириб оламан!

«ЗИЁФАТ» ОПЕРАЦИЯСИ

Арзимаган баҳонада зиёфат қиламан демасам, шу масалада Эркин Воҳидовга маслаҳат солмасам, олам гулистон эди. Ўйлаб қарасам, биринчи ҳикоям чиққанига қирқ йил бўпти. Шуни дўст-биродарлар билан нишонлагим келди.

– Ие, бу тарихий воқеа-ку! – деди Эркин ака қувониб. – Бунақа байрамни нишонламаса гуноҳ бўлади! Банкетни қайси ресторанда қилмоқчисиз?

– Ҳайронман, – дедим иккиланиб. – Уйда йиғилиб қўя қолсакмикин...

– Жуда тўғри! – деди Эркин ака маъқуллаб. – Аммо бир нарсани олдиндан айтиб қўяй. Сиз ўзингизни ортиқча уринтирманг, хўпми? Бир хилларга ўхшаб иккита қўй сўйиш зарилми? Битта бўлса етади! Жудаям катта қўчқор бўлишиям шартмас. Ҳа, боринг, ана эллик килоли бўлақолсин. Тоғ кўкатларини еган қора қўчқорнинг кабоби бошқача бўлади. Зомин тоғими, Нуротами, майли-да...

Қўй сўйиш деган гап хаёлимдаям йўқ эди. Шуни айтай деб, энди оғиз жуфтлаган эдим, Эркин ака янаям меҳрибонроқ оҳангда давом этди.

– Сиз қийналманг, дейман-да! Баъзиларга ҳайронман. Закуска – яъни газакка қази-қарта, курка гўшти, каклик гўшти, тандир кабоб, қоқланган қизил балиқ, немис пишлоғи, Гуржистон бринзаси, лик-лик холодец, мариновка қилинган қўзиқорин, криветка – булар-ку майли, дастурхоннинг кўрки... Устига-устак икки хил икра олишга бало борми? Ҳам қора, ҳам қизил икра! Сиз биттасини олинг, тамом. Узоқ Шарқнинг қизил икраси бор. Осетрина балиғиники. Ҳар биттаси анор донасидек келади. Ўшандан биттагина банкасини оласиз. Чиройли тунука банка. Беш килолиги бор, уч килолиги бор. Сиз ўзингизни қийнаманг, уч килолигидан олаверинг!

Ичимдан узундан-узоқ хўрсиниқ келди. Гапирай десам овозим чиқмайди. Эркин ака шавқ-завқ билан давом этяпти:

– Хў-ўш, таом масаласи, яъни меню. Баъзан қуда чақириққа борасиз, банкетга, юбилейга борасиз... Исрофгарчиликни кўриб, ҳайрон қоласиз. Бир эмас, ўн беш хил овқат тортади-ей! Сиз ўн икки хил овқат қилсангиз кифоя. Биринчисига бедана шўрва, Қўқоннинг «кўза шўрваси». Кейин ҳўл норин, иссиқ­қина ҳасип, сомса...

Айтмоқчи, сомса масаласи...

Одамлар аллақандай алмойи-алжойи рекламалар ўйлаб топади. Бир куни кўчада кетаётсак, «Сомсанинг додаси» деб ёзиб қўйибди. Буниси «сомсанинг додаси» бўлса, «онаси» қаёқда деб сўрайдиган одам йўқ. Ўзимизнинг пармуда сомсадан буюраверинг. Сиз қийналманг, дейман-да! Шашлик, яъни кабоб икки хил бўлса етади. Жазли кабоб билан қийма кабоб. Жа, кўнглингиз бўлмаса, думба-жигар ҳам тортиб қўя қоларсиз. Ундан кейин янгича таом удум бўлган. Арабча қовурдоқ дегани. Беш ойлик тўқли-қўзичоқнинг миён қовурғасидан қилинади. Устига қаймоқ солинган француз котлети ҳам лаззатли таом...

Табака масаласи. «Буш оёғи» деган гапни эшитганмисиз? Ҳозирги Буш эмас, унинг отаси президент бўлган замонда америкаликлар дори билан боқилган товуқ еявериб семириб кетган. Борганингизда ўзингиз ҳам кўрган бўлишингиз керак. Шунинг учун табакани товуқдан қилманг. Ўрмончи Мансурхўжага айтсангиз, ўн-ўн бешта қирғовул оттириб қўяди. Қирқовулнинг табакаси бошқача бўлади...

Охирида ош тортасиз. Асаканинг Чўнтагидаги чойхоначидан илтимос қилсангиз, девзирадан қулинг ўргилсин, ош дамлайди.

Оғзим машинаси ўғирлаб кетилган гаражнинг дарвозасидек ланг очилиб қолган бўлса керак, Эркин ака кўзимга хавотирланиброқ тикилди.

– Ёзиб оляпсизми? Эсингиздан чиқмайдими?

– Чиқмайди, – дедим йиғламоқдан бери бўлиб. – Бунақа гапларни унутиб бўларканми? Минг раҳмат сизга! Мунча меҳрибонсиз?!

– Сиз қийналманг дейман-да! Меҳмонлар неча киши ўзи? Ўнтами? Биласиз, мен ичмайман. Аммо дастурхонда анави сабил турмасаям бўлмайди. Бир яшик тоза ароқ. Франциянинг бир яшик коньяги бемалол етади. Ҳа, айтмоқчи, Голландиянинг «Хайникен» деган пивоси бор. Ўшандан бир қутигина олсангиз, бошқа нарса керакмас Мева-чева бемалол! Хандон писта, бодом, нўхат, майиз...

Оқ кишмиш сал камёброқ. Космонавтлар ейди. Эски жўвадаги Мирваққос баққолга менинг номимдан илтимос қилсангиз уч-тўрт кило топиб беради. Олма, анор, нок, узум ўзимизнинг мевалар. Бозорда нима кўп, банан кўп. Ортиқча уриниб юрманг-да, жон бошига бир шодадан банан, икки кишига биттадан ананас олсангиз, етмоқ тугул етади. Қайси куни бир зиёфатга борсак, дастурхонга қулупнай тортибди. Ҳали ўзимизнинг қулупнай чиқмаган, тўғрими? Худо билсин Хитойдан олиб келганми, Эронданми? Сувда маза бор, унда маза йўқ. Сиз ўзингизни уринтириб юрманг-да, гилос билан шафтоли олинг! Бангладешданми, Малайзияданми, бир тоғора шафтоли, бир тоғора гилос келтирсангиз, олам жаҳон бўп кетади.

– Эркин ака, – дедим йиғламсираб, – меҳмонлар тарқаётганда, елкасига тўн ҳам ёпайми?

– Ана шуниси шартмас. Ҳечам шартмас! Бу одатни ким ўйлаб топган ўзи? Қаёққа борсанг тўн беради. Ҳамманинг уйида сандиқ-сандиқ тўн! Сиз бундай қилинг! Меҳмонларнинг ўлчовини сўраб олинг-да, биттадан костюм-шим олиб қўяқолинг. Биласиз, «Версач» деган машҳур фирма бор. Ўшанинг костюми ҳам чиройли, ҳам модний бўлади. «Оптовой»дан олсангиз, 400 доллардан беради.

– Бир нарса сўрасам майлими? – дедим ўпкам тўлиб. – Мабодо биттагина вертолёт олиб меҳмонларни уй-уйларига вертолётда обориб қўйсам нима дейсиз?

– Керакмас! – деди Эркин ака бош чайқаб. – Биринчидан, вертолёт ҳайдашга учувчи керак, иккинчидан, ҳеч кимнинг уйида вертолёт қўнадиган майдон йўқ. Биттагина «Дамас» олсангиз бўлди. Сиқилишиброқ ўтирса ҳамма сиғади. Шўпирликни ўз зиммамга оламан. Меҳмонларни уй-уйларига обориб қўяман-да, машина меникида қолаверади. Сиз қийналманг, дейман-да!

– Мабодо, – дедим ҳиқиллаб. – Мабодо зиёфатдан беш-ўн сўм ортиб қолса, ўшанга арқон берармикин?

– Беради! Албатта беради. Нима кўп – хўжалик дўкони кўп. Арқоннинг пишиғидан олинг. Ингичка бўлсину, пишиқ бўлсин. Ундан кейин жудаям узун бўлиши шарт эмас. Бўлмаса одамнинг оёғи ерга тегиб қолиши мумкин. Сиз қийналманг, дейман-а! Аммо бу ишни жиндак кечиктириб турасиз. Асарингиз чиққанини яна беш-ўн марта нишонласангиз, арқонни меҳмонларнинг ўзи олиб боради...

Шундай бўлди. Ҳаётимдаги «тарихий воқеа»ни зўр «тантана» билан нишонладик. «Чархпалак» ошхонасида. Эркин Воҳидов, Иброҳим Ғафуров, мен – учовлашиб бир косадан лағмон едик. Ёлғон бўлмасин, бир шишадан пиво ҳам ичдик. Ўзимизнинг «Қибрай» пивоси.

Икки карра икки – беш» китобидан)

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг