ОТМлардаги контракт-тўлов нархлари нега оширилгани маълум
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2018/2019 ўқув йилидан олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматининг оширилишини изоҳлади.
2018 йилнинг 1 сентябридан олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати миқдорларининг ошганлиги сабабли Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабалар ва уларнинг ота-оналари эътиборига қуйидаги маълумотларни етказади.
Олий таълим муассасаларида ўқитиш харажатларининг асосий қисмини, яъни 91 фоизини иш хақи ва стипендия тўловлари ташкил этиши инобатга олиниб, тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати республикадаги энг кам иш хақи миқдорига боғланди ва унга нисбатан карра баробарида белгиланди.
Амалдаги тўлов-контракт қийматлари 2016/2017 ўқув йили учун белгиланган бўлиб, 2017/2018 ўқув йилида ушбу қийматлар ўзгаришсиз қолдирилди.
2018 йил 1 сентябрдан амалдаги тўлов-контракт қийматлари миқдорлари ўртача 18,5 фоизга ёки таълим йўналишларига қараб 12,3 фоиздан 24,7 фоизгача оширилди.
Юқоридагиларга асосан янги ўқув йилида тўлов-контракт қиймати миқдорини индексация қилишда, асосий омил сифатида, ўтган ўқув йилларида стипендия ва иш ҳақи миқдорларининг 2016 йил 1 октябрдан 15 фоизга, 2017 йил 1 декабрдан 15 фоизга ошганлиги лекин тўлов-контракт миқдорларининг оширилмаганлиги инобатга олинди.
Шу билан бирга, тўлов-контракт миқдорини ўртача 18,5 фоизга оширишда 2018 йил 15 июлдан республикада иш хақи ва стипендия миқдорларининг 7 фоизга, 2018 йил 1 сентябрдан олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ойлик маошларини ўртача 25 фоизга оширилганлигини қисман қоплаш лозимлиги,акс ҳолда янги ўқув йилининг якунига келиб олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари бўйича тегишли харажатлар учун маблағлар етишмовчилиги келиб чиқиши ҳам ҳисобга олинди.
Бугунги кунда бир нафар талабани ўқитишнинг ўртача харажати 10,5 млн.сўмни ташкил этгани ҳолда, тўлов-контракт қиймати миқдори ўртача 8,7 млн.сўм этиб белгиланмоқда.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, талабаларга, уларнинг давлат гранти ёки тўлов-контракт шакли асосида ўқишидан қатъий назар, ҳар ойда стипендия тўлаб борилади. Ҳозирги вақтда стипендиянинг ўртача ойлик миқдори 466 минг сўмни ёки йилига 5,6 млн. сўмни ташкил этади ва у ўқитиш қиймати миқдорига тўлиқ киритилади. Бунда тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматининг 45-80 фоизини стипендия ташкил этади (талаба “аъло” баҳога ўзлаштирса жами 7,5 млн.сўм стипендия олади), яъни талабага ўзи томонидан ўқиш учун тўланган маблағнинг тахминан ярми ёки ундан кўпи ўқув йили давомида ойлик стипендия кўринишида қайтарилади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабаларни ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган барча саволларга, шу жумладан ўқиш учун тўлов шакли, талабалар ва уларнинг ота-оналари томонидан таълим олиш учун иш хақидан йўналтириладиган маблағларга қўлланиладиган имтиёз ва енгилликлар қўллаш тартибига тааллуқли, шунингдек таълим кредити ва бошқа саволларга ёзма шаклда ҳамда давлат интерактив хизматлари орқали жавоб беришга тайёрлигини маълум қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter