Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мансур Тангишов

Муваффақият сенга ўзи келмайди, сен ўзинг унга эришасан

Ойлигингиз камаймайди. Янги солиқ тизими маошга ижобий таъсир қилади

Ойлигингиз камаймайди. Янги солиқ тизими маошга ижобий таъсир қилади

Фото: «Xabar.uz»

Ойлик ошгандаги ҳолат

Солиқ ислоҳотлари бўйича концепцияда таклиф этилаётган янги солиқ ставкалари бўйича аҳоли орасида турли тушунмовчиликлар юзага келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Ушбу ўзгаришлардан кўплаб меҳнаткашларни хавотирга солиб қўяётган бир масала даромад солиғининг янги 25 фоизлик ставкада белгиланиши камроқ ойлик оладиган ишчиларнинг ойлиги янада камайишига сабаб бўларкан деган хулоса пайдо бўлаётганидир.

Қаҳрамон Аслановнинг яқинда чоп этилган «Янги солиқ тизими маошга қандай таъсир қилади? (таҳлил)» деб номланган мақоласи ҳам шундай хулоса шаклланишига сабаб бўлди. Шу мақола бўйича бир қатор фикрларни билдириб ўтмоқчиман.

«Амалга оширилаётган ҳар қандай ислоҳотлар мунозаралар учун очиқ бўлгани яхши», — деб бошлаган экан муҳтарам муаллиф. Мақола охирида келтирилган «Лўнда қилиб айтганда, ойлиги паст бўлганлар ютқазаяпти, кўп бўлганлар ютаяпти» деган хулоса ноўринлигини қайд этмоқчиман.

Аввало, мақолада келтирилган барча ҳисоб-китоблар тўғри ҳисоблангани ва муаллифнинг бу борада ўзига хос қобилияти борлигини алоҳида эътироф этиш лозим. Шунингдек, мақоланинг умумбелгиланган солиқ тўловчилари ва бюджет ташкилотлар ходимлари тўлайдиган солиқлар қисмигача бўлган жойига қўшиламан (гарчи, ЯИТнинг энг кам миқдори фермер хўжаликларига ЭКИҲнинг 50 фоизи ва кичик бизнес вакилларига 65 фоизи ҳамда қолганлар учун ЭКИҲнинг 1 баравари этиб белгиланганини айтиб ўтиш жоиз бўлса ҳам). Бироқ айнан «ўқитувчилар, шифокорлар, давлат ташкилотлари, булар қаторига банклар, йирик заводларни ҳам қўшиш мумкин» дея қайд этиб ўтилган ва кейинчалик ҳисоб-китоб қилинган жадвал маълумотларига умуман бошқача ёндашувда эканлигимни билдираман.

Аввало янги белгиланаётган даромад солиғи 25 фоиз бўлгани ҳолда олдинги қайси солиқларнинг ўрнини эгаллаётганига алоҳида эътибор берган муаллиф кичик ва микробизнес дея қайд этиб ўтган жойда даромад солиғи, ижтимоий суғуртага ажратма қаторида 15 фоизлик Ягона ижтимоий тўлов (ЯИТ) ҳам борлигини ва у ҳам иш берувчининг бўйнида эканлигини таъкидлаган. Натижада кичик бизнесда ойликни ошириш имкони борлигини эътироф этган.

Бироқ нимага энди айнан мана шу ёндашув бюджет ташкилотлари ва йирик корхоналарга нисбатан қилинган ҳисоб-китобларда инобатга олинмаганига ҳайронман. Ўзингиз, ўйлаб кўринг, қандай қилиб ЯИТ 15 фоиз бўлган корхоналарда ойлик ошгани ҳолда ЯИТ 25 фоиз бўлган ташкилотларда ойлик камайиши мумкин? Ахир осмонга учиб кетмагандир улардаги ЯИТ тўлови. Бундан кўринадики, муаллифнинг ёндашуви фақатгина ишчининг номидан ўтказиладиган солиқларни инобатга олган ҳолда ташкилотнинг айнан шу ойликни бериш учун қиладиган харажати таркибидан ўрин олган ЯИТни инобатга олмаган. Маълумот ўрнида: муаллиф қайд этган барча йирик ташкилотлар ва бюджет ташкилотлари Солиқ кодексининг 305-моддасига мувофиқ ЯИТ тўловчилари ҳисобланади.

Умумбелгиланган солиқ тўловчилари бўлган ташкилотларда ишчиларнинг ойлик иш ҳақи бўйича харажатлар деб қайд этиладиган харажатларда худди кичик бизнес ташкилотларидагидек барча турдаги харажатларда даромад солиғи, пенсияга ажратма, ЯИТ биргаликда ҳисобга олинади. Ҳатто бюджет ташкилотларида ҳам келгуси йил учун белгиланадиган харажатлар сметасида жами харажатлар ҳисобга олинади ва тасдиқланган сметага мувофиқ иш ҳақлари ҳисоблаб берилади. Бизнинг муаллифимиз эса янги тизимдаги қўлга тегадиган пулни ҳисоблашда ушбу жами харажатни инобатга олмаган ҳолда фақат ҳисобланган пулдан 25 фоиз солиқ олган ҳолда қўлга тегадиган пулни камайтирмоқда ва фақатгина бир томонлама хулоса қилмоқда.

Бундан келиб чиқадики, муаллиф томонидан берилган жадвал аслида қуйидагича кўриниш олса умумий ҳолат адолатли акс эттирилган бўлар эди:

Эски ва янги тизимдаги солиқ тўловлари ҳисоб-китоби

Ушланма 1 ишчи номидан тўланадиган тўловлар (даромад солиғи(шкала бўйича) ва пенсияга суғурта бадаллари(8%)ни ўз ичига олган).

Дс – даромад солиғи (шкала бўйича).

Па – пенсияга суғурта бадали (8%).

Ушланма 2 — иш берувчининг ҳисобланган пулдан тўлайдиган Ягона ижтимоий тўловга ажратмаси (25%).

Ушланма бир текис концепцияда таклиф этилаётган жами харажат ўрнига бир текис 25 фоизлик солиқ.

Жами харажат – қўлга тегадиган пулни ҳисоблаш учун ташкилот томонидан сарфланган жами харажат.

Фарқ + — янги тизимда ҳисобланадиган қўлга тегадиган иш ҳақининг эски тизимдаги қўлга тегадиган иш ҳақидан қанчалик кўп бўлиши.

Жадвалда кўриб турганингиздек, мен муаллиф тузган жадвалдаги маълумотлар қаторига ЯИТ бўйича харажатларни киритдим ва тушунарли бўлиши учун жадвалнинг қуйи қисмида ҳисоб-китобларнинг формуласини ҳам бердим. Модомики, биз шу вақтга қадар амал қилиб келаётган иш берувчининг ҳисобидан ва ишчининг ҳисобидан тўланаётган солиқларнинг эндиликда умумий битта солиққа айлантирилганини билар эканмиз, демак, унга нисбатан жами харажат янги концепцияда таклиф этилаётган ставка учун база сифатида олиниши лозим деган мантиқий фикрга келамиз. Жадвалда ҳар қандай миқдорда иш ҳақи олувчи ишчи янги тизимда қўлланган ставка асосида қўлига бирмунча кўпроқ ойлик олиши кузатилади. Албатта, агар ташкилотлар иқтисод қилиш йўлини танлашса, бундай йўл тутмаслиги ҳам мумкин. Бироқ ҳозирги юқори инфляция шароитида ташкилотлар бундай қилмаса керак. Қандай йўл танлаган тақдирда ҳам ойлик иш ҳақи умуман камаймаслиги аниқ. Чунки 25 фоиз олдин ҳам тўланган, энди ҳам тўланади деган олтин қоида амалда қолади. Максимал салбий натижа сифатида ойлик ошмаслиги мумкин холос, бироқ бу ҳам ҳақиқатдан анча йироқ. Чунки ойлик оширилиши бозордаги умумий нархлар тенденциясига кўра амалга оширилиши лозим бўлган чора. Бу муаллифнинг ойликлар камайиши ҳақидаги фикрлари тўғри эмаслигини билдиради.

Шу ўринда кичик бизнес субъектларидаги аввал амал қилиб келган 15 фоиз ЯИТ ва ишчининг даромад солиғи ҳамда пенсияга суғурта ажратмаларининг жамини ҳисоблаганда нисбатан камроқ фарқ чиқиши мумкинлиги, уларда ойликлар ошиши ташкилот раҳбарининг ихтиёрига кўра амалга оширилишини қайд этиб ўтмоқчиман.

Муаллиф таъкидлаётганидек бюджет ташкилоти ходимлари ёки йирик ташкилотларнинг камроқ ойлик олувчи ходимлари эмас, балки тўлалигича давлат бюджети зарар кўриши аниқ. Мен ушбу ҳолатнинг келгусида пенсия тизимига қандай таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида олдинги мақоламда батафсил маълумот бериб ўтгандим.

Шу ўринда Қаҳрамон Аслановга чуқур ҳурмат билдирган ҳолда, барча давлат ташкилотлари ходимлари, йирик ташкилотлар, заводлар, банклар ва бошқа умумбелгиланган солиқ тўловчи йирик ташкилотларда ишловчи ходимларга янги концепциядаги таклиф натижасида ойлик иш ҳақлари умуман камаймаслигини ва, аксинча, ошиши кузатилишини айтиб ўтмоқчиман.

Янги ишлаб чиқиладиган Солиқ кодексида даромад солиғи солиниши учун база таркибида айнан қандай турдаги даромадлар ҳисобга олиниши ва унда жисмоний шахс ўз иш ҳақидан ташқари олган даромадлари ҳақида декларация тўлдирса неча фоиз солиқ тўлаши кераклиги масаласи ҳам долзарбдир. Бу масалага ойдинлик киритиш учун янги Солиқ кодексида қандай ўзгаришлар бўлишини билиш керак.

Бу борада мени қизиқтираётган энг катта саволлардан бири халқаро пул ўтказмаларининг даромад солиғига тортилмагани каби халқаро пластик карталардан бир бирига йўналтирилган пулларнинг солиққа тортилиши ва хорижий ташкилотлар томонидан Ўзбекистондаги халқаро пластик карта ҳисобварағига ўтказилган маблағларнинг қай тартибда солиққа тортилиши масалаларидир.

Шунингдек, даромад солиғи тушунчаси эндиликда ташкилот ва ишчи улушларига ажратилмас экан, у ҳолда шу вақтга қадар даромад солиғидан имтиёзга эга бўлган фуқароларнинг тақдири нима бўлиши, умуман ўзи бундай имтиёзлардан қайсилари сақлаб қолиниши ҳам муҳим.

Умуман олганда, янги солиқ концепциясининг Солиқ кодексида ўз аксини топиши лозим бўлган жиҳатлари орасида муҳокамага сабаб бўладиган масалалар жуда кўп. Ўйлаймизки, бу борада мутасадди ходимлар ва экспертлар энг мақбул ечимларни топган ҳолда янги кодексни ишлаб чиқишади.

Мансур Тангишов, молиячи эксперт

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг