Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбек олимаси Покистоннинг «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланди

Ўзбек олимаси Покистоннинг «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланди

Покистонда давлат байрами — Покистон куни муносабати билан ҳарбийлар ҳамда адабиёт, санъат, спорт, фан ва тиббиётда қўлга киритган ютуқлари учун тақдирланганлар орасида ўзбекистонлик олима ҳам бор.

Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти Муҳайё Абдураҳмонова урду тилини Ўзбекистонда тарғиб қилиш ҳамда Покистон ва Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга қўшган хизматлари учун «Tamgha e Imtiaz» («Буюк хизматлари учун») ордени билан мукофотланди.
Тадбирда таъкидланганидек, ўзбекистонлик олиманинг илмий ишлари (Бобур шеърларини ўзбек тилидан урду тилига таржимаси; урду лексикологиясига оид дарслик; Мирзо Ғолиб шеърларини ўзбек тилига таржимаси; Урду шеърияти ва унинг техник жиҳатларига оид кўплаб тадқиқот мақолалари) урду тили ва адабиётига қизиқиш уйғотишда муҳим рол ўйнади. Унинг урду тилини ўргатиш бўйича китоблари талабалар учун жуда фойдали бўлди.

Шу муносабат билан Покистон Ислом Республикасининг Тошкентдаги элчихонасида тадбир бўлиб

ўтди.Ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчиси Аҳмад Фарук мукофотни топшириб, икки давлатнинг ўзаро муносабатлари хусусида тўхталиб ўтди.

У Покистон президенти номидан таниқли педагог ва ўзаро маданий англаш бўйича ҳақиқий элчи — Муҳайё Абдурҳмоновага Покисоннинг нуфузли фуқаролик мукофотини топшириш ўзи учун катта шон-шараф эканлигини таъкидлади.

«Бугун биз бу ерга Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаган ўқитувчининг мисли кўрилмаган ютуқларини нишонлаш учун йиғилдик. Унинг Ўзбекистонда урду тилини тарғиб этишдаги фидойилиги ва тинимсиз саъй-ҳаракатлари чинакам таҳсинга сазовор. Ўзининг мустаҳкам садоқати туфайли у нафақат тил ўргатибгина қолмай, балки ўз шогирдларида Покистон адабиёти, шеърияти ва анъаналарига чуқур ҳурматни сингдирди», – дейди Покистон элчиси.

Маълумот учун, мазкур медаль Покистонда 1957 йил 19 март куни таъсис этилган. Мамлакат президенти профессионал муваффақиятларга эришган ҳарбийлар қаторида фуқороларни ҳам мазкур орден билан тақдирлайди. Тақдирланганлар рўйхати ҳар йили 14 август -Покистон мустақиллиги куни арафасида эълон қилинади. Мукофот эса ўз эгаларига мамлакат Давлат байрами — Покистон куни нишонланадиган 23 мартда топширилади. 1957 йилда таъсис этилган орден дизайни икки марта — 1975 ва 1986 йилларда ўзгартирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг