Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон 2026 йилгача ЖСТга аъзо бўлиш ниятида – Жамшид Хўжаев

Ўзбекистон 2026 йилгача ЖСТга аъзо бўлиш ниятида – Жамшид Хўжаев

Ўзбекистон 2026 йилда Камерунда бўлиб ўтадиган 14-Вазирлар конференциясигача ЖСТга аъзо бўлиш ниятида. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари, ЖСТга аъзо бўлиш бўйича идоралараро комиссия раиси Жамшид Хўжаев 24 май куни бўлиб ўтган Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиш бўйича Ишчи гуруҳининг саккизинчи йиғилишида маълум қилди.

«Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича ўз мажбуриятларида собит бўлиб қолмоқда ва биз бу борадаги ишларда муваффақиятга эришиш учун барча имкониятларни ишга соламиз», – дейди Хўжаев.

У, шунингдек, делегатларни бу жараёнда «сармоя киритиш ва қўллаб-қувватлашга» чақириб, уларнинг «ҳамкорлиги, тажрибалари ва ёрдами» музокараларнинг муваффақиятли якунланишини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Ишчи гуруҳ раиси Юн Сеонг Деокнинг таъкидлашича, ушбу учрашув аввалгисидан олти ой ўтиб ташкил этилди ва ишчи гуруҳ йиғилишларининг орасидаги интервалнинг қисқараётгани ишнинг «жадал суръатлар билан ривожланаётганидан далолат».

Ишчи гуруҳ раиси, шунингдек, Ўзбекистоннинг музокаралардаги муваффақиятини юқори баҳолади ва аъзолик жараёни янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.

Маълумот учун, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни 2020 йил июл ойида бўлиб ўтган Ишчи гуруҳнинг тўртинчи йиғилиши билан расман қайта тикланган эди. Шундан сўнг 2022 йил июн, 2023 йил март ва 2023 йил ноябр ойларида яна учта учрашув бўлиб ўтди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг