Ўзбeкистон дeлeгацияси БМТнинг цивилизациялар альянси форумида иштирок этди
2025 йил 14–16 декабрь кунлари Саудия Арабистони Қироллигининг Ар-Риёд шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Цивилизациялар альянсининг ХI Глобал форуми бўлиб ўтди.
Анжуман БМТ Цивилизациялар альянсининг 20 йиллигига бағишланиб “Кўп қутбли дунёда инсоният йўлида мулоқот орқали ўзаро ҳурмат ва англашувнинг янги даври” шиори остида ташкил этилди. Форум цивилизациялар ва маданиятлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш, медиасаводхонликни ошириш, миграция масалалари, экстремизмни олдини олиш ҳамда инклюзивликни илгари суришга бағишланган нуфузли халқаро платформа сифатида ўтди.

Форум ишида Ўзбекистон Республикаси делегацияси фаол иштирок этди. Делегация таркибига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда соҳавий ташкилотлар вакиллари кирди. Ўзбек делегациясининг иштироки Ўзбекистоннинг цивилизациялар мулоқоти соҳасидаги ташаббусларини халқаро майдонда илгари суриш, Ислом цивилизацияси марказини жаҳон ҳамжамиятига кенг тақдим этиш ҳамда етакчи халқаро ташкилотлар ва институтлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилди.
Қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази очилиши режалаштирилаётгани расман эълон қилиниб, унинг халқаро гуманитар ҳамда илмий-маданий платформа сифатидаги аҳамияти алоҳида таъкидланган эди. Шунингдек, 2026 йилда БМТ майдонида мазкур Марказ ҳамда Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро марказларининг тақдимотини ўтказиш режалаштирилаётгани маълум қилинган.
Форум доирасидаги муҳим воқеалардан бири Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан БМТ Цивилизациялар альянси ўртасида ўзаро Англашув меморандумининг имзоланиши бўлди. Шунингдек, БМТ Цивилизациялар альянсининг Олий вакили Мигел Анхел Моратинос билан ўтказилган музокараларда Марказнинг халқаро майдондаги ўрни, уни глобал гуманитар ва илмий платформаларда самарали тақдим этиш масалалари муҳокама қилинди.
Форум доирасида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан бўлиб ўтган мулоқотда у янги Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга юксак баҳо бериб, уларнинг барқарор ривожланиш ва халқаро гуманитар ҳамкорлик учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, у Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази очилишига тайёргарлик жараёнига ва унинг халқаро даражадаги нуфузини мустаҳкамлашга катта қизиқиш билдирди.
Форум доирасида Ислом олами таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (IСESСО), Жаҳон мусулмонлар лигаси раҳбарияти, шунингдек, Саудия Арабистони Қироллигининг етакчи академик ва маданий муассасалари вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Ушбу мулоқотлар давомида Марказнинг очилиш маросимида мазкур ташкилотлар иштирокини таъминлаш, қўшма илмий-тадқиқот, таълимий ва нашриёт лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, халқаро ҳамкорларнинг Марказ ҳузурида институционал иштирокини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Қирол Файсал номидаги кутубхона ҳамда Саудия Арабистони қироллик оиласи вакиллари, жумладан, Маха бинт Мишари Оли Сауд билан учрашувларга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу мулоқотларда томонлар Марказ ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдириб, хусусан, Мовароуннаҳр цивилизациялари тарихи билан боғлиқ илмий-тадқиқотлар доирасида академик ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирди.
Марказ очилишига тайёргарлик жараёни доирасида Кавказ Шайх-ул-исломи, Озарбайжон Республикаси муфтийси Аллоҳшукур Пашазаде билан учрашув ҳам ўтказилди. Мулоқот давомида ўзбек-озарбайжон гуманитар ва маънавий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, етакчи озарбайжонлик олим ва мутахассисларнинг Ислом цивилизацияси маркази доирасида ўтказиладиган халқаро форумлар ва дастурларда иштирок этиш масалалари муҳокама қилинди.
БМТ цивилизациялар альянсининг Олий вакили Мигел Анхел Моратинос: «Мен “Янги Клавихо” бўлишга тайёрман»
Меморандумни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ва БМТ Цивилизациялар Альянси Олий вакили, БМТ Бош котиби ўринбосари Мигел Анхел Моратинос имзолади. Меморандум имзоланиши натижаларига бағишлаб сўзлаган марказ директори Фирдавс Абдухолиқов шуни таъкидлади: “Марказнинг ХI Глобал форуми UNAOCда иштирок этиши тамомила муҳим аҳамиятга эга. Форум мавзулари Марказнинг Ўзбекистондаги миссияси ва унинг концепциясида илгари сурилган асосий йўналишлар – маърифатли ислом, билим маданияти, мулоқот ва гуманизмни ривожлантириш – билан тўлиқ уйғундир. Бу ғоялар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТнинг олий трибунасидан бир неча маротаба баён қилинган ва ҳозирги кунда Марказ фаолиятида амалий ифода топмоқда”.
Имзоланган Меморандум маданий, илмий ва таълим соҳаларида узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш, илмий-тадқиқот ва таълим ташаббусларини амалга ошириш, қўшма маданий ва медиапроектларни тайёрлаш ва ташкил этиш, шунингдек, толерантлик, ўзаро ҳурмат ва гуманизм қадриятларини илгари суришга қаратилган. Ҳужжат экспертларнинг тажриба алмашиниши, қўшма дастурларни қўллаб-қувватлаш ва маданият, илм ва маърифат соҳаларида халқаро алоқаларни кенгайтириш механизмларини назарда тутади.
БМТ Цивилизациялар Альянси Олий вакили Мигел Анхел Моратинос мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва Янги Ўзбекистоннинг шаклланиш жараёнлари ҳақида билишини қайд этган ҳолда Ўзбекистонга нисбатан самимий қизиқишини айтиб, мамлакатга ташриф буюришга тайёрлигини билдирди. Моратинос ўз нутқида таъкидлади: “Испания ташқи ишлар вазири лавозимида фаолият юритган давримда мен бир неча маротаба Руи Гонсалес де Клавихо меросига мурожаат қилганман ва рамзий маънода шундай айтаман: “Мен янги Клавихо бўлишга тайёрман””.
Унинг фикрича, Клавихо дипломатик миссиясининг тарихий тажрибаси маданиятлар ўртасида мулоқот ва ўзаро тушунишнинг асрлар давомида шаклланган анъаналарини символлаштириб, бугунги кунда замонавий халқаро ҳамкорлик доирасида янги ривожланишни олдига қўймоқда.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш: “Ўзбекистон Президенти – буюк раҳбар” деб таъкидлади.
БМТ Цивилизациялар альянси ХI Глобал форуми доирасида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффар Мадраҳимов билан учрашди. Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуслари, жумладан цивилизациялар ўртасида мулоқотни ривожлантириш ва гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар масалалари муҳокама қилинди. Суҳбатда, шунингдек, 2026 йилда БМТ майдонида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий, Термизий ва Мотуридий халқаро марказларини тақдим этиш ташаббуси ҳам муҳокама қилинди. 2024 йилда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, унинг тайёргарлик жараёнлари билан яқиндан танишган Антониу Гутерриш мазкур ташаббус аҳамиятини қайд этди ва Ўзбекистон Президентининг ролига юксак баҳо берди. У, хусусан, таъкидлади: “Сизнинг Президентингиз – буюк ва нуфузли раҳбар бўлиб, халқаро майдонда, жумладан БМТнинг олий трибунасидан, мулоқот, маърифат ва ўзаро ҳурмат ғояларини изчил илгари сурмоқда”.
Ислом дунёси ташкилоти (IСESСО)нинг таълим, илмий ва маданий масалалар бўйича Бош директори Малик ал-Салим: “IСESСО Марказнинг очилишида асосий ҳамкор бўлишни ният қилмоқда” деб билдирди.
Форум доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари ва Ислом дунёси ташкилоти (IСESСО)нинг таълим, илм ва маданият масалалари бўйича Бош директори доктор Малик ал-Салим билан ишчи учрашувлари ҳам бўлиб ўтди. Музокаралар давомида томонлар бир қатор қўшма маданий лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олишди, жумладан Имом Бухорий ҳаёти, илмий мероси, Ислом оламидаги нуфузи ва ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссасини очиб берувчи китобларни тайёрлаш ва нашр этиш ишлари ҳам назарда тутилди.
Учрашувнинг асосий натижаси 2026 йилда Ўзбекистон Республикасида Ислом дунёсидаги етакчи уламолар, олимлар ва мутахассислар ҳамда турли мамлакатлардан академик ва эксперт жамоатлари иштирокида IСESСОнинг йирик халқаро конференциясини ўтказиш бўйича келишувга эришилгани бўлди. Ушбу конференциянинг ўтказилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг маърифат, илм ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари ва саъй-ҳаракатларига юқори баҳо ва қўллаб-қувватлаш сифатида қаралади.
Доктор Малик ал-Салим Ўзбекистонда IСESСОнинг халқаро конференциясини ўтказиш режасини маълум қилди ва бу Президент ташаббусларига қўллаб-қувватлаш белгиси сифатида баҳоланди. У шунингдек, бу йил май ойида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифи давомида марказ фаолияти билан шахсан танишганини, Имом Бухорий комплексига юқори баҳо берганини ва Марказ очилиш маросимида асосий ҳамкор бўлишга, уни энг юқори халқаро даражада қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, IСESСОнинг марказ асосида вакиллик офисини очишга тайёрлиги тасдиқланди.
Жаҳон Мусулмон Лигаси Бош котиби Абдукарим Ал-Исса: “Ислом цивилизацияси маркази – мулоқот учун муҳим платформа” деб таъкидлади.
Ар-Риёдга ташриф давомида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегацияси билан учрашув доирасида Марказ директори ва Жаҳон Мусулмон Лигаси Бош котиби доктор Абдукарим Ал-Исса учрашув ўтказди. Музокаралар давомида тўлиқ ҳамкорликка тайёрлик билдирилди ва Марказ очилиш маросими даврида расмий эълон қилиниши режалаштирилаётган Жаҳон Мусулмон Лигаси томонидан қатор кенг кўламли ташаббуслар ҳақида маълумот берилди.
Жаҳон Мусулмон Лигаси вакиллари бир неча маротаба Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, унинг фаолиятида амалий ёрдам кўрсатдилар, марказ тадбирларини тайёрлаш ва ўтказишда фаол иштирок этди ҳамда экспертлар ва халқаро форумлар ишида қатнашдилар, жумладан мазкур форумда ҳам иштирок этишди. Бу узлуксиз ва фаол қўллаб-қувватлаш Марказнинг ривожланиши ва халқаро алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим ҳисса қўшди.
Шунингдек, Мовароуннаҳрнинг буюк мусулмон олимларига бағишланган йиллик халқаро илмий конференциялар церийасини ўтказиш ва уларнинг илмий ҳамда маънавий меросини тарғиб қилиш бўйича қўшма дастурларини амалга ошириш ғояси муҳокама қилинди. Томонлар Марказ очилиш маросимига қадар доимий ишчи алоқаларни қўллаб-қувватлашга, шу жумладан Жаҳон Мусулмон Лигаси Бош котибининг Ўзбекистонга ташрифи ҳамда уни мувофиқлаштириш ишларини олиб боришга келишиб олдилар.
Саудия Арабистони қироллик оиласи вакили, Қирол Фейсал университети вице-президенти Маха бинт Мишари Ал-Сауд: “Биз Мовароуннаҳр цивилизацияси тарихи кафедраси очилишини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз” деб таъкидлади.
Ташрифлар доирасида Саудия Арабистони қироллик оиласи вакили, академик ва Ар-Риёддаги Қирол Фейсал университети амалдаги вице-президенти Принсесса Маха бинт Мишари Ал-Сауд билан учрашув ҳам бўлиб ўтди. Принсесса Маха Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, ислом маданий меросини сақлаш ва ўрганишнинг аҳамиятини таъкидлади ҳамда илмий-таълим ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини тасдиқлади.
Учрашув давомида Қирол Фейсал номидаги кутубхонага ташриф ҳам амалга оширилди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан кутубхонага Катталангар Қуръонининг факсимиле нашри ва Марказ иштирокида тайёрланган бир қатор илмий ва нашрий асарлар топширилди. Жавобан, Қирол Фейсал номидаги кутубхона Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фондларига китоблар тақдим этди, бу икки томонлама гуманитар ва илмий алмашинувни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.
Музокаралар давомида томонлар Мовароуннаҳр цивилизациялари тарихи бўйича махсус кафедрани Қирол Фейсал номидаги кутубхона базасида очиш, шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасида махсус «бўлим» ташкил этиш имкониятларини муҳокама қилишди. Бу ташаббуслар илмий ҳамкорликни чуқурлаштириш, академик тадқиқотларни ривожлантириш ва минтақанинг тарихий-маданий меросини халқаро майдонда тарғиб қилишга қаратилган.
Кавказ шайх-ул-исломи Озарбайжон Республикаси муфтийси Аллаҳшукур Пашазаде: “Янги Ўзбекистон ҳақидаги китоб – биродарлик ва мулоқот рамзи” деб таъкидлади.
Форум доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори шайх-ул-ислом Озарбайжон Республикаси муфтийси Аллаҳшукур Пашазаде билан учрашув ўтказди. Суҳбат давомида ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, ўзбек-озарбайжон теологик, гуманитар ва илмий лойиҳаларини ривожлантириш масалалари батафсил муҳокама қилинди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан фан, маданият ва маънавий мерос соҳасида қўшма ўзбек-озарбайжон лойиҳалари амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Бу ҳамкорликнинг яққол намунаси сифатида Марказ Конгресси бўлиб, унда Озарбайжон Республикасидан ташкил этилган вакил делегация иштирок этди, улар асосий илмий ва маънавий масалалар муҳокамасида муҳим ҳисса қўшдилар.
Муфтий Аллаҳшукур Пашазаде Ўзбекистон Республикаси Президентининг ролини юқори баҳолаб, унинг маданий ва диний мулоқотни ривожлантириш ҳамда мусулмон мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасига эътибор қаратди. Шу билан бирга, у мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва маънавий-маърифий ривожланишни акс эттирувчи “Янги Ўзбекистон” мавзусида махсус нашр тайёрлаш режасини маълум қилди.
Жиддадаги Ислом санъати уйи директори Мамдуҳ Осман: “Қўшма экспозициялар ҳамкорлигимизнинг асоси бўлиб хизмат қилади” деб таъкидлади.
Форум доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори ва Жиддадаги Ислом санъати уйи директори билан учрашув ҳам бўлиб ўтди. Учрашув давомида музей ишлари, ислом маданий меросини сақлаш ва тарғиб қилиш ҳамда қўшма кўргазма, илмий ва таълим лойиҳаларини амалга ошириш соҳасида узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган Меморандум имзоланди.
Имзоланган келишув экспертлар тажрибаси, илмий материаллар ва музей амалиёти алмашинишни, шунингдек вақтинчалик ва доимий экспозициялар соҳасида ҳамкорликни назарда тутади. Белгиланган келишувлар доирасида Мамдуҳ Осман Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази учун бир қатор артефактлар нусхаларини тақдим этди, бу Марказ экспозиция фондини шакллантириш ва унинг кўргазма концепциясини бойитишда муҳим ҳисса қўшди.
Ҳамкорликнинг алоҳида йўналиши музей маконида инклюзивлик тамойилларини жорий қилишга қаратилган бўлиб, унда махсус эҳтиёжли меҳмонлар учун қулай муҳит яратиш, инклюзив экспозицион ечимларни ривожлантириш ва маданий меросни кенг аудиторияга етказишда замонавий ёндошувлардан фойдаланиш тажрибасини алмашиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter