Ўзбекистон дўконларида 73 турдаги маҳсулот сифатсиз деб топилди
Рақобат қўмитаси томонидан 2026 йилнинг дастлабки саккиз ойида ўтказилган текширувлар давомида 73 номдаги маҳсулот сифат ва хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, қўмита ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда чакана савдо нуқталарида сотилаётган халқ истеъмоли товарларининг сифат ва хавфсизлик талабларига мувофиқлигини текшириш учун мунтазам равишда назорат харидларини ўтказиб келмоқда. Харид қилинган маҳсулотлар аккредитациядан ўтган лабораторияларда текширилиб, уларнинг давлат стандартлари ҳамда норматив-техник ҳужжатлар талабларига мослиги баҳоланади.
Хусусан, 2026 йилнинг саккиз ойида 60 турдаги жами 558 номдаги маҳсулот лаборатория экспертизасидан ўтказилган. Натижада улардан 73 номдагиси белгиланган норматив-техник талабларга жавоб бермаслиги маълум бўлган.
Ушбу маҳсулотларни савдо расталаридан қайтариб олиш ва қонунчиликка мувофиқ чоралар кўриш учун тегишли материаллар Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига юборилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter