Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон – Ҳиндистон: АКТ соҳасида қандай келишувларга эришилди? (видео)

Ўзбекистон – Ҳиндистон: АКТ соҳасида қандай келишувларга эришилди? (видео)

Икки мамлакат АКТ вазирлари — Шуҳрат Содиқов ва Рави Шанкар Прасад.

Фото: aninews.in

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 30 сентябрь – 1 октябрь кунлари давлат ташрифи билан Ҳиндистонда бўлиши икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитиб, стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқди.

Жумладан, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ҳам Ўзбекистоннинг Ҳиндистон билан алоқалари янги ривожланиш босқичига кўтарилади. Ушбу мавзуда «Ўзбекистон 24» телеканалида махсус репортаж намойиш этилди.

Кўрсатувда Ҳиндистоннинг АКТ ва жаҳон дастурий маҳсулотлар бозоридаги натижалари, ютуқлари ҳикоя қилинади.

«Ҳиндистон бугунги кунда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришда дунёнинг етакчиларидан биридир. Ушбу мамлакатда АКТнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 7,7 фоизни ташкил қилади. Биз учун дастурий маҳсулотлар бозорини ривожлантиришда энг илғор тажрибаларни ўрганиш жуда муҳим. Хусусан, Ҳиндистон қандай қилиб АКТ компанияларига бугун биз гувоҳи бўлиб турган қулай эко-тизимни яратиб бера олгани қизиқ. Ўзбекистон дастурий маҳсулотлар бозорини ривожлантиришда Ҳиндистон тажрибасини ўрганиш фойдали бўлади деб ўйлайман», — деди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров.

Ҳиндистонда АКТ соҳасида кадрлар тайёрлаш даражаси ҳам юқори рейтингларда баҳоланади. Ўзбекистон учун бу йўналишдаги ҳамкорлик ҳам фойдадан ҳоли бўлмайди.

«Биз ҳиндистонлик ҳамкорларимиз билан мамлакатнинг етакчи олий таълим масканларидан бирининг филиалини ташкил этишга келишиб олдик. Жумладан, Амити университети (Amity University)нинг Тошкентдаги филиалини очиш бўйича музокара олиб борилди. Шунингдек, мутахассислар алмашинуви, технопарклар тажрибасини ўрганиш, электрон ҳукумат йўналишида ҳамкорлик, ҳинд тажрибасига таянган ҳолда «электрон соғлиқни сақлаш», «электрон божхона», «электрон виза» каби электрон давлат хизматларини кўрсатиш ва бошқалар бўйича келишувларга эришдик. Бундан ташқари, Ўзбекистонда йирик инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳам ҳамкорлик қилинади. Бу келишувлар юзасидан «йўл харитаси» тузилади», — қўшимча қилди Олимжон Умаров.

Махсус репортажда таъкидланишича, мамлакатимиз президентининг Ҳиндистонга давлат ташрифи доирасида АКТ соҳасида кадрлар тайёрлаш ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришда ҳамкорлик қилиш бўйича янги битимлар имзоланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг