Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон мусулмонлари идораси аҳолини қабристонларни обод қилишга чақирди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси аҳолини қабристонларни обод қилишга чақирди

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси қабристонларни обод қилиш ва зиёрат одоблари юзасидан аҳолига мурожаат билан чиқди.

Идора айрим жойларда қабристонларнинг қаровсиз қолиши, қуриб қолган ўт-ўланларнинг тозаланмаслиги, қабрлар орасидаги йўлакларнинг йўқлиги ёки таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани каби камчиликлар учраётганини таъкидлади.

Бундай ҳолатлар марҳумлар хотирасига нисбатан бефарқлик ва тирикларнинг ўтганлар олдидаги бурчини тўлиқ адо этмаслик сифатида баҳоланади.

«Муқаддас динимизда марҳумларга ҳурмат кўрсатиш, уларни яхши хотиралар билан эслаш ва қабрларини зиёрат қилишга тарғиб этилган. Ушбу хайрли амалда зиёрат қилувчига ҳам, зиёрат қилинувчига ҳам кўплаб фойдалар бор. Зиёрат қилинаётган марҳумнинг руҳи тиловати Қуръон, истиғфор ва дуолар билан шод бўлади. Зиёрат қилувчи эса бундан ибрат олади – охират ҳақида тафаккур қилади», — дейилади хабарда.

Айтилишича, қабр зиёрати инсонни дунёга ҳаддан ортиқ берилмасликка, манманлик ва ғурурдан сақланишга ҳамда яхши амаллар қилишга ундайди. Зиёратга борган инсон қалбида беихтиёр: «Бир кун келиб мен ҳам шу ерга келаман», деган хулоса пайдо бўлади. Бу эса инсоннинг ўз ҳаёти ва амалларини қайта кўриб чиқишига ундайди.

Мусулмонлар идораси қабристонларни фақат маълум кунларда эмас, балки доим тоза ва обод сақлашни ҳаёт тарзига айлантириш зарурлигини таъкидлаб, бу ишда барчани фидойиликка чорлади.

«Зиёратчи қабристонга киришда ўзи пок бўлиши, қабр аҳлларига салом бериб, уларнинг ҳаққига дуолар қилиши, қабр тепасига келганда эса унга юзланиб, тиловат қилиши одобдандир. Зиёрат асносида қабрлар устини босмаслик, белгиланган йўлаклардан юриш лозим. Зеро, қабр устини оёқлари билан топташ гуноҳ ҳисобланиб, ҳадисларда бундан қатъий қайтарилган», — дейилади мурожаатда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг