Ўзбекистон Президенти АҚШ делегациясини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 июль куни пойтахтимизда ўтаётган халқаро конференция доирасида Америка Қўшма Штатлари Президентининг маслаҳатчиси Элизабет Шервуд-Рэндалл бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Икки томонлама кун тартибининг долзарб жиҳатлари ва халқаро сиёсат масалалари кўриб чиқилди. Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари жадал суръат билан ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Элизабет Шервуд-Рэндалл Ўзбекистон Президентига АҚШ Президенти Жозеф Байденнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Давлатимиз раҳбарининг Марказий ва Жанубий Осиё боғлиқлигини мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслари АҚШ маъмурияти томонидан юксак баҳоланаётгани таъкидланди.
Бундан ташқари, мамлакатимизнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги, янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар, Марказий Осиёда ишонч, яхши қўшничилик ва шерикликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар қатъий қўллаб-қувватланди.
Учрашувда конструктив сиёсий мулоқотни давом эттириш масалалари, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари, шу жумладан пандемияга қарши курашиш ва аҳолини эмлаш, АҚШнинг етакчи компания ва банклари иштирокида қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш муҳокама қилинди.
Афғонистонда юзага келган вазият юзасидан батафсил фикр алмашилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter