Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзбекистон темир йўллари»даги хизмат 90-йилларни эслатяпти(ми?)

«Ўзбекистон темир йўллари»даги хизмат 90-йилларни эслатяпти(ми?)

Талабалик давримиз 1990-1996 йилларга тўғри келган. Аксарият поезд чипталарини кассалардан тополмай, «қўлдан» олардик. Ҳатто, кўп бор чиптасиз йўловчи бўлганмиз: тўғридан-тўғри «проводник»ларни ўзи «темир тўсиқ»лардан ўтказиб қўйишарди. Поезднинг на бугунгидек қонуни, на тартиби бор эди. Бир ўринда икки йўловчи ҳам «тушиб» қолган вазиятлар бўларди. Бундай пайтда, ўрин можаросида ким «бой берса», танбурда тунашга мажбур бўларди ёхуд вагоннинг юкхонаси саналган 3-қаватидан «жой» оларди. Проводникларни эса чўнтагига кирган «соққа»си қизиқтирарди, холос.

712 FA Тошкент-Бухоро йўналишидаги тезюрар поездида содир бўлган ҳолат яна бизга ўша даврларни эслатгандек бўлди...

***

Жанубий темирйўл вокзали: кассада чипта йўқ. Ўринни пуллашга уринган «проводник». Поезди кетиб қолган қариялар. Вагондаги сценарийсиз «томоша».

Жорий йилнинг 1 август куни соат 10:30 дан бошлаб, Жанубий темирйўл вокзали кассаларидан Бухорогача чипта сотиб олишга бўлган уринишларимиз зое кетди. «Билет йўқ, бугунга қолмаган!» деган жавоб ҳар қандай йўловчини ҳам мушкул аҳволга солиб қўйиши, бор гап. Етмаганига оғир юкларни кўтариб, вокзалга келганмиз.

Темирйўл кассалари олдидан Бухорогача чипта йўқлигидан ҳафсаласиз қайтаётганларни кўриб, «кўпга келган бало экан-ку», дея мийиғида куламиз. Поездлар учун чиптага навбат катта, аммо сотувда чипталар йўқлиги асабларни таранглаштирмай қўймайди. Аксига олиб, электрон чипта харид қилишда ҳам «берк»лик кузатилди. Таниш-билишларни ишга солиш ҳақида ҳам ўйлаб қолдик. Йўқ, тўхтадик. Биз ҳам оддий йўловчи – оддий фуқаромиз. Ўз юкимизни ўзимиз тортиб кўрайлик, деб бошқаларни безовта қилмасликни лозим топдик.

«2-қаватгдаги 14-кассадан сўраб кўринглар-да, зора, чипта топилиб қолса», – дейди бизнинг сарсонлигимизни кузатиб турган темирйўл ходимларидан бири гўёки ёрдам беришни истагандек.

Иккинчи қаватга кўтарилдик.

«Бор, фақат плацкартга! Шундаям боковойга!» - дейди кассадаги чипта сотувчи қиз. Купега «тўғрилаб» беришини илтимос қилдик. Имкони ҳам, иложи ҳам йўқлигини айтди.

«Плацкартга олаверинг. Ичкарига купега алмаштириб оларсиз», - дейди қиз бамайлихотир.

Ичимиздан зил ўтгандек бўлди. Бизни савол қийнарди: купе вагонларда бўш ўрин топилмай турган бир пайтда плацкартга чипта харид қилсак, ичкарида «гаплашиб», купе ўринларда кетиш мумкин. Ғалати туюлмаяптими? Ҳамкасбимиз билан бир-биримизга маъноли қарадик. Демак, кассадан туриб ҳам поезд вагонларида қандай ҳолатлар юзага келишини «прогноз» қилишади, билишади. Нимаям дердик? Касса олдидан Бухорогача чипта топа олмай, чиқиб кетаётганлар қатори зил-замбил юкларимизни елкага ортиб, узоқлашдик.

Қарийб, икки соатдан ортиқ вақтимиз чипта излаб ўтди. Охири, таваккал қилиб, Жанубий темирйўл вокзал бошлиғига учрашишни лозим топдик. Шундай бўлди ҳам. Темирйўл вокзали бошлиғи билан кўришишимиз қийин кечмади. Илтимосиимизни самимий ва илиқ қаршилаб, айни пайтда Тошкент-Бухоро йўналишида бирорта чипта қолмаган бўлиши мумкинлиги, лекин кечки соат 18:00 да олдиндан «брон» қилинган айрим ўринлар эгаси кетмай қолиши эҳтимолида бўш ўрин топилиши мумкинлигини ва хавотир олмаслигимизни билдириб, шахсан ўзи билан телефон орқали боғланишимизни билдирди. Чипта қўлимизда бўлмаса-да, кечгача бу масала ҳал бўлишига умид қилиб, йўлимизда давом этдик.

***

«Если чьё, люкс месталаримиз бор...»

Соат миллари 14:34 ни кўрсатганда, бўш ўтирмай, электрон чипта харид қилишга уриниб кўрдик. Буни қарангки, 712 FA тезюрар Тошкент-Бухоро йўналишидаги поездга чипта борлиги кўрсатилган экан. Зудлик билан электрон тарзда бир ўринни банд қилдик. Энди Жанубий темирйўл вокзали бошлиғини безовта қилишга ҳам ҳожат қолмаганди.

Ушбу поезднинг жўнаб кетиши вақти соат 19:34 да белгиланган. Поезд жўнаб кетишидан ярим соатча олдин чиптада кўрсатилган 9-вагон зинасига кўтарила бошладик. Йўловчиларни қарши олаётган вагон кузатувчиси кузатишга чиққан ҳамкасбимизга қараб: «Если чьё, люкс месталаримиз бор: ўтишларингиз мумкин» деди томдан тушган тарашадек. Ҳамкасбим билан бир-биримизга маъноли қараб қўйдик. Аёнки, бўш ўринлар бор, фақат қўшимчасига проводникни «кўриш» керак. Кун давомидаги чипта тополмай овора бўлганимиз, кўплаб йўловчиларнинг «билет йўқ» деб қайтарилганидан асабийлашганлари кўз олдимиздан ўтди.   

«Демак, яхши ва қулай ўринлар бор. Вагон кузатувчиси эса бу ўринларни пуллашга шай», - дейди ҳамкасбимиз асаби бузилиб, аммо ўзини босган кўйи паст товушда.  

«Бундан уч йилча илгари ҳам худди шундай ҳолатга дуч келганман. Ўшанда ҳам вагон кузатувчиси ўринларни сотиб, хизматига нолойиқ хатти-ҳаракат қилганди. Ва мен ўша кезнинг ўзида журналистик ўрганув олиб боришимга тўғри келганди. Афсуски, ҳалигача айрим «проводник»ларнинг нафси ўлмаган экан», -дейман ҳамкасбимга юзланиб.

Орадан уч йил ўтиб, поезддаги худди ўша машмаша – худди ўша манзара яна қайта бўй кўрсатди.  Афсуски, «Тошкент—Шовот» поездида ўз ўрнини 100 минг сўмга пуллашга уринган вагон кузатувчиси ишдан олинди» сарлавҳаси остидаги таниқидий мақола вагон кузатувчиларига сабоқ бўлмаган.

Бизга таклифнинг «зўри»ни бериб қўйган вагон кузатувчиси воқеалар ривожига ҳам қизиқтириб қўйганди.

Вагон кузатувчиси: ўзи 478 минг сўм, сиз 200 минг олиб қўйинг.

Журналист: Қиммат-ку, арзон бўлмайдими?

Вагон кузатувчиси: «Розница»си у. Бизга ортиқча пулингиз керак эмас!

Журналист: Шароити қанақа?

Вагон кузатувчиси: «Бизнес класс»!

Журналист: Хўп. Мен ушбу ўрнимдан «Бизнес класс»га кўчаман ва сизга 200 минг сўм бераман...

Вагон кузатувчиси: Шундай!

Қисқагина суҳбатдан сўнг эгнидаги хизмат кийимида Тўлқин Ўринов ёзуви қайд этилган вагон кузатувчисига бир нафас жим тикилдик ва вазиятнинг охиригача аниқлик киритиш мақсадида унга таклифини ўйлаб кўришимизни билдириб, ёнидан узоқлашдик.

Поезд вагонлари ичи иссиқ, дим. Етмаганига офтоб тиғида кун давомида «қайнаб» ётган темир вагонлар ичида поезд жўнаб кетгунича 15 дақиқа тугул, 2-3 дақиқа ҳам ўтиришнинг иложи йўқ.

***

Поезди кетиб қолган қариялар

Вагон қаршисидаги ўриндиққа чўккалар эканмиз, самарқандлик кекса отахон-онахонларнинг суҳбатига қулоқ тутдик. Беихтиёр суҳбатга аралашдик. Онахоннинг билдиришича, Тошкент-Бухоро йўналишидаги поездга Самарқандгача бўлган чиптани 712 FA тезюрар Тошкент-Бухоро йўналишидаги поездга эмас, эрталаб жўнаб кетган поездга сотишган экан.

«Бизга кечки 19:30 даги поездда жўнаб кетасизлар, дейишганди. Йўқса, шу ўлгур вокзалига кириш жойидаги ходимининг ёнидан икки марта кириб-чиқдик. Билетимизни кўришди. Лекин ҳеч қанақа эътироз билдиришмади. Энди эса билсак, бизни поезд жўнаб кетган экан. Алмаштиришга эса вақт йўқ. Бу поезд ҳам кетиб қолиши мумкин», - дейди онахон.

- Қўлингиздаги чиптани вокзалга кириб-чиқаётганингизда аниқ текшириб кўришдими?

- Қараб-қарашмади, болам, билганимизда вақтлироқ ҳаракатга тушардик. Ҳа, майли, борайлик-чи, Самарқандга, алмаштиришиб, пулларимизни қайтаришар. Проводник «олиб кетаман, тўлаб қўясизлар» деди-ку! На илож, кетамиз-да! - деди онахон иссиқда ҳансираган кўйи.

Шу пайт поезднинг жўнаб кетиши эълон қилинди. Ҳамма йўловчилар вагонларга ошиқдик. Чиптада кўрсатилган ва ўзимизга тегишли ўринлардан жой олдик.

***

«Самолётга минганмисиз, ўшанақа зўр шароит...»

Поезд ўрнидан қўзғалди. 6 йўловчи бир купеда. Шу орадан танишиб улгурдик. Аксарияти ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари экан.  Орадан 15 дақиқа ўтмай, вагон кузатувчиси купе эшигидан мўралади ва «Опа!» дея имлади. Купедан чиқдик. Нимаям дердик: буёғи бизда ҳам хизматчилик. Вагон кузатувчиси хонаси олдида «келишяпмиз».

Вагон кузатувчиси: Битта зўр жой бор, «Бизнес класс»

Журналист: Қаерда

Вагон кузатувчиси: 2-вагонда

Журналист: арзон бўлмайдими?

Вагон кузатувчиси: йўқ, чиқишдан олдин ҳам айтдим, опа, 200 минг сўм, «розница»си бу. Ортиқчаси керакмас!

Журналист: унда жойни кўриб келайлик!

Вагон кузатувчиси: нимасини кўрасиз, самолётга минганмисиз, худди ўшанақа зўр шароит.

Журналист: энди бориб кўрсам яхши-да (қайсарликка олиб) бирга борайлик!

Вагон кузатувчиси: Бирга боролмаймиз, мен айтаман сизни ўзлари кутиб олишади.

Шу пайт вагон кузатувчиси телефон орқали ким биландир боғланди. Унинг сўзлашига қараганда, шу вагон хизматчиларидан бири билан сўзлашяпти.

«Алло, ака, бирга бориб келайлик, деяпти опа. Юборсам, кутиб оласизларми йўлдан?» 

Телефонда гаплашаётиб, биздан: «Оласизми, олиб қўйсинларми местани юз фоиз?» - сўрайди асабийлашган кўйи.

Журналист: Ҳа

Вагон кузатувчиси телефонда: тамом, олиб қўйинглар!

Ҳали биз чиптамизда тегишли вагондан на чиқиб улгурганмиз, на юкларимизни олганмиз: ўрнимизга ўриндош топилди ва айнан бизга тегишли ўринни йўловчига кўрсатди. Вагон ичидаги ҳеч қандай сценарийсиз «томоша» бизни ҳайратда қолдирди.

Вазиятни янада очиқлаш учун воқеалар ривожига сингиб кетамиз. Воқеалар ривожи шу қадар қизғин тус олардики, бу аччиқ ҳақиқат поезд хизматчиларининг эмас, негадир, бизнинг виждонимизни оғритарди: чипта излаган юзлаб одамларнинг шунча оворагарчиликлари бир тараф, вагон купелари эшиклариаро мўралаб, «бўш ўрин» эвазига чўнтак қаппайтирмоқчи бўлган вагон кузатувчилари бир тараф.

Телефон орқали яна кимнингдир «ҳожати»ни чиқараётган вагон кузатувчиси гўшакни қўймай, биздан бирйўла юкларимизни олишимизни сўради. Йўқ, шунча пул эвазига «сотиб олишимиз» керак бўлган ўринни аввал бориб кўришимизни қатъий билдирдик. Қўярда-қўймай, юкларимизни ҳам 2-вагонга кўчиришга шай вагон кузатувчисининг уринишлари зое кетди.

Вагон кузатувчиси билан қадамба-қадам «қаердасан, 2-вагон» деб вагонлар оралаб юрар эканмиз, у ҳамон телефондан бўшамас эди. Йўл-йўлакай ўша биз бекатда қисқа суҳбатлашганимиз кекса отахон-онахон ўрнашган купега келди.

«Бўш жойинг борми, ўғлим?»

«Бўш жой йўқ, амаки, юз минг сўмдан! Ҳозир битта жой «юз» бўлган. Юз бериш керак!» - дея уларнинг олдидан шошиб ўтиб кетди.

Яна телефонда гапиришда давом этиб: «Нечта жой керак? 9-вагонда бор. Бўлди, бўлди, юборинг, мен айтаман, бориб ўтиради. Исми Шоҳруҳми.... Амир. Хўп!»

«Ишбилармон» вагон кузатувчисининг хатти-ҳаракати, ҳам йўл-йўлакай, ҳам телефон орқали қайсидир ҳамкасблари билан боғланиб, йўловчиларнинг «ҳожатини» чиқариб бораётгани бизни лол қолдирганди.

***

«Йўқ. Биз прокурор эмасмиз!»

«Ана шу вагон!» - деган вагон кузатувчисидан билдикки, биз у айтмоқчи нархи 478 минг сўмлик «бизнес класс» вагонига етиб келганмиз.

«Шу ўрин учун биз 200 минг сўм тўлаймиз-а?»

«Ҳа, розницасини,  юз фоиз места қиберади, юз фоиз», такрорлайди бизга юзланиб, яна телефонда сўзлашган кўйи: «Алло, ака, келдим. Билмадим, бу опа савол-жавоб қиляптилар-ку, худди прокурордай. Нима қиламиз?!»

Журналист: «Йўқ, прокурордек сўроқ қилмаяпмиз! Ким билан гаплашяпсиз?»

Вагон кузатувчиси: Начальник поезд билан!

Журналист: ҳа-а, начальник поезд... гапирмайдими, кейин биз бошқа купега ўтсак?

Вагон кузатувчиси: Йўқ, ҳеч ким гапирмайди, шунча киши келяпти-ку!

Шундан сўнггина: «Узр, биз прокурор эмасмиз! Сиз ўз хизмат вазифангизни қандай уддабуронларча бажараётганингиздек, биз ҳам вазифамизни бажаряпмиз», - деймиз ўзимизни таништиришимизга тўғри келиб.

Биз поездга чиқиш олди томдан тушган тарашадек «пуллик ўрин» таклифини бергач, воқеалар ривожига қизиққанимизни, чиптани бизга ўз нархидан икки баравар ортиқча нархда сотишга уринганига уни нима мажбур қилганини сўрадик. Вагон кузатувчиси эса бирорта саволимизга жавоб бермади.

Аёнки, вагон хизматчилари яхши имконият ва етарлича ойлик маошларига эга. Афсуски, ўз касбига ва хизмат вазифасига садоқатсизлик билан ёндошиб, яна йўловчилар устидан чўнтак қаппайтиришга уринган бундай вагон кузатувчилари бирмас, балки бир нечтадир. Устига-устак, вагон кузатувчиси айтмоқчи, бу қинғир ишларга бош-қош бўлаётган «начальник» поездни ким, деб аташ мумкин?

Айни шу вазиятда вагон кузатувчиси: «сизга нима бўляпти, нима қилмоқчисиз?»-деган саволдан нарига ўтмасди.

Биз поезднинг «Бизнес класс»ида кетаётган бир нечта йўловчилар билан суҳбатлашар эканмиз,  улар ушбу вагонда чипта нархи 278 минг сўм эканини билдиришди. Вагон кузатувчиси айтмоқчи, 478 минг сўмлик «Бизнес класс» вагони қаерда экан?! Оғриқлиси, чиптаси бор йўловчиларни гўёки ўзи айтмоқчи «самолёт»дек жойга ўтириб кетишини таъминлашга уринишдан мақсад чўнтак қаппайтириш бўлса, унда кассаларнинг аҳамияти яна бундан илгариги 15-20 йилги ҳолатига тушиб қолиши ҳеч гап эмас!

- Нақ 2 бараварга ошириб қўйибсиз ўз нархингизни! - деймиз бизнинг ҳам совуқфеъллигимиз тутиб.

Вагонлараро яна ўз ўрнимизга жуда тезлик билан қайтар эканмиз, ортда вагон кузатувчисининг ҳам важоҳат билан келаётганини кузатамиз. 7 та вагонни қанчалик тез босиб ўтдик билмадигу, биз овоз тасмаларини вагон кузатувчиси «йўқ қилиб» юбормаслиги ҳаракатида эдик.

Иссиқ, дим. Совутгичлар ишламайди. Терлаб-пишиб ўзимизга тегишли купега етиб келдик. Ҳаял ўтмай, вагон кузатувчиси пайдо бўлди. Гаплашиб олиш учун бизни вагон йўлагига чиқишимизни сўради. Рад жавобини олгач, шу купедаги бошқа йўловчиларни бир неча дақиқага йўлакка чиқиб туришларини сўради. Яна рад жавобини олди.

Шунда вагон кузатувчиси бизга юзланиб:

- Нима бу ишингиз учун «подарка» беришадими, олсангиз формамни оласиз!

- Сиз касбингизга садоқат кўрсатмадингиз!

Шу топда вагон кузатувчиси важоҳат билан қўл телефонимизни юлқиб олишга уринди. Купедан ўз ҳақ-ҳуқуқини билган ва таниган, адолат ва ҳақиқат посбонлари ўрин олишган. Улар ҳам вагон кузатувчисининг хатти-ҳаракатлари ўзига қарши ишлашини бир оғиз сўзда тушунтиришди. Бизни қувонтиргани, жамоатчиликнинг ҳолатга бефарқ бўлмагани ва журналистга кўмакка шошилгани.

«Ўзтемирйўловчи» акциадорлик жамияти раҳбарияти соҳадаги муаммоларнинг олдини олишда ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш соҳасида жамоатчилик эътиборини ҳар доим инобатга олиши муҳим.

Мавзуга қайтамиз.

Йўловчилар нима дейди: Шу куни бошқа купеларда келаётган йўловчилар билан суҳбатлашар эканмиз, улар ҳам чипта сотиб олиш масаласида муаммоларга дуч келганини билдиришди.

«Проводник, вагон бошлиғи ва бошқа хизматчилари «ҳамкорлиги»даги соққахўрлик ҳолатлари поезд хизматида бижғиб кетган оғриқлардан, опа! Билетлар қандай қилиб қўлларга чиқиб кетади – номаълум. Балки, кассалар орқалидир, балки бошқа, бироқ, вилоятларга жўнаб кетувчи қарийб, барча поездлар хизматида аҳвол шу! Аслида, ҳамма темирйўлларни хусусийлаштириб ташлаш керак. Балки, шунда одамларга енгиллик бўлар», - дейди хизмат вазифаси туфайли поезд хизматидан мунтазам фойдаланиб келадиган йўловчилардан бири.

«Ака, пулини берсангиз, истаган вагонингиздан жой қилиб бераман!» - деб вокзалда юрганлар нечта. Фақат пулини тўласангиз бўлди. 90-йиллардаги «уддабуронлар» даври яна қайтаётганга ўхшайди», - дейди кейинги суҳбатдош.

«Поезд жўнаб кетишидан бир соат олдин боринг, кассаларда ҳам билетлар «вип» бўлади. Фақат халқнинг, одамларнинг сарсон бўлиб қийналгани қолади», - дейди кейинги йўловчи.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг