Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хотин-қизлар қўмитасининг ҳисобот-сайлов конференцияси бошланди (фото)

Хотин-қизлар қўмитасининг ҳисобот-сайлов конференцияси бошланди (фото)

Фото:«Xabar.uz»

Бугун 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси мажлислар залида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ҳисобот-сайлов конференцияси бошланди. Унда Қўмитанинг сўнгги беш йиллик фаолияти якунлари сарҳисоб қилинмоқда.

Барчага маълумки, мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. 

Уларнинг орасида вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, парламент азолари, маҳаллий ҳокимлик, жамоат ташкилотлари раҳбарлари сифатида фаолият кўрсатмоқдалар.

Фото:«Xabar.uz»

Ҳозирда давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 388 нафар хотин-қизлар раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда, 3 мингга яқин номзодлар кадрлар заҳирасига киритилиб, уларнинг касбий ўсишлари юзасидан алоҳида дастурлар асосида тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Хотин-қизлар қўмитаси қисқа давр ичида 8 та давлат ва 11 та нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик меморандумлари ҳамда қўшма қарорлар қабул қилиниб, биргаликда амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда бандлик дастурлари асосида хотин-қизлар учун яратилаётган доимий иш ўринлари ҳар йили ортиб бормоқда ва бу борада муайян натижаларга эришилмоқда.

Фото:«Xabar.uz»

 

Биргина, жорий йилнинг ўзида хотин-қизлар қўмиталари ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан 245 минг нафардан ортиқ ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлашга эришилди.

Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан 2018 йилнинг ўтган даври давомида 2 минг 346 та кичик цехлар ташкил этилиб, 16 минг нафарга яқин хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди.

Жумладан, 2018 йилдан бошлаб оғир турмуш шароитида яшаётган ҳамда меҳнатга лаёқатли ногиронлиги бўлган аёллар, айниқса ёш хотин-қизлар бандлигини таъминлаш Хотин-қизлар қўмиталарининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланди.

2018 йилда 10 минг нафарга яқин оғир турмуш шароитида яшаётган аёллар бандлиги таъминланди ва ушбу мақсадлар учун 38 млрд. 261 млн. сўм маблағ йўналтирилди.

Тижорат банклари томонидан хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, оилавий ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш мақсадида кредитлар ажратиш оҳирги икки йил давомида қарийб 2 баробарга оширилди.

Жумладан, 2014-2016 йиллар давомида тижорат банклари томонидан хотин-қизларга тадбиркорлик фаолияти учун жами 3,8 трлн. сўм кредит маблағлари ажратилган бўлса, 2017-2018 йилларда 6,1 трлн. сўм кредит ажратилган.

Бундан ташқари хотин-қизларни ва оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ташкил этилганлиги ҳамда Фонд маблағлари ҳисобидан ҳар йили 100 млрд. сўм маблағ йиллик 7 фоизлик кредит сифатида ажратилаётганлиги хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандликка кенг жалб этишга кенг имкониятлар бермоқда.

Республика бўйича 47 минг нафарга яқин оғир турмуш шароитида яшаётган, шундан 14 минг 600 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг рўйхатлари шакллантирилиб, улар билан манзилли ишлар олиб борилди.

Уларнинг 14 минг нафарига тиббий ёрдам кўрсатилди, 13 минг 500 нафарининг бандлиги таъминланди, 22 минг нафарига 21 млрд. сўм миқдоридаги моддий ёрдамлар берилди.

Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан 1 минг 464 нафар оғир турмуш шароитида яшаётган ва ногиронлиги бўлган хотин-қизларга арзон уй-жойлар учун 54,6 млрд. сўм бошланғич бадал пуллари тўлаб берилди.

Оғир ижтимоий вазиятга ҳамда рухий тушкунликка тушиб қолган хотин-қизларга ёрдам бериш чора-тадбирларини кучайтириш мақсадида ҳудудларда 130 та Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилатация қилиш ва мослаштириш марказлари ташкил этилди.

Caption

Маҳаллалар кесимида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга мойиллиги бўлган 62 минг нафардан зиёд хотин-қизларнинг аниқ рўйхатлари шакллантирилиб, уларга мураббийлар бириктирилди.

Олиб борилган профилактик ишлар натижасида республика бўйича хотин-қизлар жиноятчилиги мос равишда 2016 йилда 5 фоизга, 2017 йилда 11 фоизга камайган бўлса, 2018 йилда 35,7 фоизга камайишига эришилди.

Турли диний экстремистик оқимлар аъзолари бўлган аёлларни соғлом ҳаётга қайтариш борасида олиб борилган ишлар натижасида 3 минг нафардан зиёд аёллар махсус рўйхатдан чиқарилди.

Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида суд жараёнларида қўмита вакилларининг иштирокини таъминлаш тизими жорий этилиши натижасида, 2018 йилда 113 нафар жиноят ва 780 нафар ҳуқуқбузарлик содир этган хотин-қизлар кафиллик асосида жазодан озод этилди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг