Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда архив ҳужжатларининг 18 фоизи рақамлаштирилди

Ўзбекистонда архив ҳужжатларининг 18 фоизи рақамлаштирилди

Бугун, 13 ноябр куни Тошкентда «Ўзархив» агентлиги томонидан Президентнинг 2025 йил 24 ноябрдаги ПФ–228-сон Фармони ижросига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда архив соҳасини рақамлаштириш, давлат хизматларини соддалаштириш ва бошқарув самарадорлигини ошириш бўйича натижалар тақдим этилди.

Маълум қилинишича, Миллий архив фонди ҳужжатларини рақамлаштириш даражаси 18 фоизга етган. 1,6 миллион сақлов бирлигидаги алоҳида қимматли ва ноёб ҳужжатларнинг 260 миллион кадр электрон нусхаси яратилиб, Ягона миллий архив ахборот тизимига киритилган. Бу жараённи тезлаштириш учун 200 та замонавий қурилма харид қилинган.

Янги ахборот тизимига 1 200 дан зиёд давлат органи ва ташкилот уланган. Архив ҳужжатларини идентификация қилиш ва ҳаракатини назорат қилиш учун RFID технологияси, ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида эса SOC маркази жорий этилган.

Архив хизматларини кўрсатишда талаб қилинадиган тўрт турдаги ҳужжат бекор қилинган. Тўртта хизмат бўйича муддатлар ҳам қисқартирилган.

Жумладан, ҳужжатларни республикадан ташқарига вақтинча олиб чиқишга рухсат бериш муддати 15 иш кунидан 5 кунга, меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш 20 кундан 10 кунга қисқартирилган. Таълим муассасасида ўқиганлик ҳақида маълумотнома бериш 5 кундан 2 кунга, архив ҳужжатларини рақамлаштириш эса 3 кундан 1 кунга туширилган.

Бу ўзгаришлар Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 июлдаги 393-сон қарори билан мустаҳкамланган. Шунингдек, архивда сақланаётган жисмоний шахсларнинг шахсий ҳужжатлари аслини бериш бўйича янги давлат хизмати жорий этилган.

Ташкилий ўзгаришлар доирасида жами 5,2 миллион сақлов бирлигидаги архив ҳужжатлари тегишли давлат архивларига ўтказилган. Электрон архив ўқув лабораторияси ташкил этилиб, соҳага масъул 170 нафар ходимнинг малакаси оширилган.

Германия, Беларус ва Туркия архивларидан Ўзбекистон тарихига оид 3 244 та ҳужжат нусхаси олиб келинган. Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонга эвакуация қилинган аҳоли тарихи ҳақида «Ўзбекистон — нажот юрти» китоби нашр этилган.

2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида республика архивларига 429 054 та мавзули ва ижтимоий-ҳуқуқий сўров келиб тушган. Уларнинг 418 128 таси Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали, 10 926 таси эса шахсан ёки почта ва электрон почта орқали юборилган. Барча сўровлар бажарилган.

Фармонга мувофиқ, 2030 йилга қадар Миллий архив фонди ҳужжатларини рақамлаштириш даражасини 60 фоизга, электрон хизматлар улушини 100 фоизга етказиш белгиланган. Ахборот тизимидаги метамаълумотлар сонини 12,15 миллионга етказиш, архив хизматлари сонини 14 тагача ошириш ҳам режалаштирилган.

Шунингдек, архив ҳужжатларини таснифлаш ва матнларни таниб олиш жараёнларига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш кўзда тутилган. 2025–2027 йилларда алоҳида қимматли ва ноёб, ер ҳамда мол-мулкка оид ҳужжатларни, 2028–2029 йилларда эса кино, фото, фоно ва илмий-техник ҳужжатларни рақамлаштиришга устувор аҳамият қаратилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг