Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда бир йилда 50 мингдан зиёд юқори технологияли тиббий операциялар ўтказилди (фото)

Ўзбекистонда бир йилда 50 мингдан зиёд юқори технологияли тиббий операциялар ўтказилди (фото)

Шу кунларда пойтахтимизда «Ўзбекистонда шошилинч тиббий ёрдам тизими: муаммолар, ютуқлар ва истиқболлар» мавзуида шошилинч тиббий ёрдам тизими шифокорларининг IV съезди бўлиб ўтмоқда. Мазкур тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам тизими шифокорлари ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизнинг олим ва шифокорлари қатори Россия, АҚШ, Туркия, Жанубий Корея, Германия, Исроил каби дунёнинг 15 давлатидан қарийб етмиш нафар малакали мутахассислар ҳам иштирок этмоқда. Тадбирда қайд этилишича, 2017 йил давомида саккиз ярим миллиондан кўпроқ фуқарога тез тиббий ёрдам тизими орқали хизмат кўрсатилган. Уч миллионга яқин бемор стационар ва амбулатор шароитда даволанган. Шу даврда шошилинч тиббий ёрдам тизимида 50 мингдан зиёд беморга юқори технологияли операциялар муваффақиятли ўтказилган. Жумладан, буйрак ва жигар трансплантацияси амалиёти йўлга қўйилган.

Тез тиббий ёрдам хизматининг моддий-техника базаси ҳам такомиллашиб бормоқда. Жумладан, ўтган йилда тез тиббий ёрдам хизмати учун 1269 та ихтисослаштирилган автотранспорт харид қилинди ва ҳудудларнинг ушбу техникага бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланди, дори-дармон ва тиббий буюмлар билан таъминлаш 3 баробарга кўпайди. Яъни, бугунги кунда ҳар бир чақириқ учун минимал харажатлар 5000 сўм миқдорида белгиланди.

Шунингдек, жойлардаги тез тиббий ёрдам бригадалари ва шошилинч тиббий ёрдам муассасаларининг автопаркини такомиллаштириш мақсадида 2019 йили яна 200 га яқин махсус транспортлар харид қилиш кўзда тутилган.

Шошилинч тиббий ёрдам тизими шифокорларининг икки кунлик съездида тиббиётимизнинг муҳим ютуқлари ва илғор тажрибалар оммалаштирилиши баробарида, дунё тиббиётида эришилаётган муҳим илмий-амалий кашфиётлар, янги технологиялар ҳамда улардан инсон саломатлиги йўлида самарали фойдаланишга оид қизиқарли маърузалар тингланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг