Ўзбекистонда биринчи автокинотеатр эртага иш бошлайди
Самарқандда эртага ана шу кинотеатр ўзининг илк намойишини бошлайди. Автокинотеатр нима ўзи?
Ташкилотчиларнинг таъриф беришича, автомобиллардаги одамлар автомобиллар турар жойида ўрнатилган эни тўрт метр, кенглиги тўққиз метр бўлган каттакон экранда кино кўришади. Шу атрофда сайр қилиб юрганлар, бўш вақти бўлган йўловчилар ҳам бу томошадан баҳраманд бўлишади, вақтларини сермазмун ўтказишади. Қизиғи, машинасида ўтириб, кино томоша қиладиганлар кинонинг овозини машинадаги радиоларидан, сайр қилиб юрганлар, телефонлари орқали қулоқликларидан эшитишлари ҳам мумкин.
— Эртага илк бор Самарқанд темир йўл вокзали олдидаги автомобиллар турар жойида миллий қадриятимиз дурдоналаридан бирига айланган «Алишер Навоий» бадиий фильми намойиши билан фаолиятимизни бошламоқчимиз, — дейди ташкилотчилардан бири «Vendo Group» кинокомпанияси раҳбари Хайрулла Мамасолиев. — Барча қизиқувчиларни кечқурун соат 20:00 да ана шу фильмни томоша қилишга таклиф қиламиз.
Томошаларни мутлақо текин намойиш қилаётган ташкилотчилар Самарқандга кўпроқ сайёҳларни жалб этишни, турли мамлакатлардан келадиган хорижий сайёҳларга эса юртимиз ҳақида ҳикоя қилувчи лавҳалар, таниқли кишиларимиз ҳақидаги ҳужжатли фильмлар ва машҳур ўзбек бадиий фильмларини кўрсатишни ва шу йўл билан юртимиз чиройини, халқимиз маданияти, урф-одатларини кенгроқ тарғиб қилишмоқчи.
— Биз болажонларимизни ҳам унутганимиз йўқ, уларга аталган мультфильмлар ҳам тайёрлаб қўйилган. Шанба кунлари болалар учун улар севган мультфильмлар ва саргузашт фильмларни намойиш қиламиз, — дейди ғоя муаллифи, «Doca tours» компанияси раҳбари Ойбек Остонов. — Пайшанба кунлари эса ҳинд фильмларини севувчи мухлислар учун ҳиндча кинофильмлар кўрсатилади. Шунингдек, вилоятларимизда фаолият юритаётган турли фольклор-этнографик ансамблларнинг концертларини намойиш қилишни ҳам режалаштирганмиз.
Янгилик ташаббускорларига омад тилаб, қизиққанларни 6 март куни кечқурун соат 20:00 да Самарқандга, автокинотеатрнинг илк томошасига таклиф қиламиз.
Каримберди Тўрамурод,
«Xabar.uz»нинг Самарқанд вилоятидаги мухбири
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter