Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда туғма маймоқлик қандай даволанмоқда?

Ўзбекистонда туғма маймоқлик қандай даволанмоқда?

ЖССТ маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили 100 минг нафардан ортиқ бола туғма маймоқлик билан дунёга келади. Бепарволик ёки нотўғри муолажа оқибатида бу ҳолат келгусида ногиронликка сабаб бўлиши янада ачинарлидир.

Аммо замонавий илм-фан ютуқлари ва инновацион даволаш усуллари бу туғма нуқсонни каминвазив йўл билан самарали муолажа қилиш имконини бермоқда.

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мурод Ирисметов юртимизда Понсети усулида йўлга қўйилган янги амалиёт ҳамда унинг афзалликлари хусусида маълумот берди.

— Туғма маймоқлик энг кўп учрайдиган ортопедик нуқсон ҳисобланади, — дейди шифокор. — Бироқ яқин йилларгача уни даволашда қўлланилган анъанавий усуллар нафақат етарли натижа бермаган, балки кўп ҳолларда оғир асоратларга ҳам сабаб бўлган.

Энди эса хавотирга ўрин йўқ. Марказимизда бу касалликни илғор хорижий давлатларда қўлланилаётган Понсети усулида муолажа қилишни йўлга қўйганмиз.

Аввало, у юқори самара бериши ва каминвазивлиги билан ажралиб туради. Қолаверса, бемор учун катта қийинчилик туғдирмайди ва сарф-харажатлар нархи ҳам анча арзон.

Тузалиш муддати қисқа ва энг муҳими, асоратсиз. Шу билан бирга, беморни муолажадан сўнг реабилитация қилишга эҳтиёж йўқ.

Марказимиз шифокорлари бу амалиётни уч босқичда бажармоқда.

Дастлабки босқич гипслашни ўз ичига олади. Унда беморнинг тиззаси 90 градус букилган ҳолда бутун оёқ узунлиги бўйлаб гипс боғламлари қўйилади ва улар ҳар 5-7 кунда узлуксиз алмаштириб борилади.

Навбатдаги босқичда маймоқликка хос асосий нуқсон — Ахилл пайи калталиги бартараф этилади. Пайни узайтириш жараёни терини кесмасдан, наркозсиз ва чоксиз амалга оширилади.

Бу амалиётдан кейин бемор оёқларига яна 3 ҳафта давомида гипс боғлами қўйилади.

Сўнгги босқичда маймоқ оёққа махсус мослама – Брейслар тақилади. Бу касаллик қайталанишининг олдини олишга хизмат қилади.

Мазкур жараён давомий бўлиб, бемор дастлабки 3 ой ичида сутканинг 23 соатида мазкур мосламани тақиб юриши зарур. Кейинчалик ушбу миқдор босқичма-босқич камайтириб борилади.

Қувонарлиси, бу янгилик минглаб беморларнинг узоқ йиллик дарддан оғир операциялар ҳамда жароҳату асоратларсиз халос бўлиб, соғлом ҳаётга қайтишига имконият яратмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг