Ўзбекистонда янги банк ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви 2018 йил 29 декабрда «Пойтахт банк» акциядорлик жамиятига (Тошкент шаҳри) банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2017 йил 13 мартдаги «Тошкентда 2017−2021 йилларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш миқёсини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида «Пойтахт банк» акционерлик тижорат турар-жой қурилиш жамғарма банки ташкил этиш белгиланган эди.
«Пойтахт банк»нинг асосий вазифалари ва йўналишлари қуйидагилар этиб:
- аҳоли ва юридик шахсларнинг турар-жойга бўлган эҳтиёжини қондиришда ипотека кредитларини ажратиш ва банк хизматларини кўрсатиш;
- арзон кўп квартирали уйларни қурувчи пудратчи ташкилотларга кредит ресурсларини ажратиш;
- арзон кўп квартирали уйларни лойиҳалаш ва қуришда буюртмачи вазифаларини бажариш;
- Тошкентда кўп қаватли уйларни қуриш ва таъмирлаш билан шуғулланувчи ихтисослашган пудратчи ташкилотларга кредитлар ажратиш ва лизинг хизматларини кўрсатиш;
- арзон кўп квартирали уйлар қурилишини молиялашда хорижий инвестициялар, жумладан кредитларни жалб этиш, халқаро молия институтлари билан техник ҳамкорлик олиб бориш;
- муҳандислик инфратузилмалари сифатини яхшилашни кўзда тутувчи лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни молиялашни ўз ичига олган инвестицион фаолиятни олиб бориш;
- замонавий, фойдали, энергия тежовчи ва харидоргир қурилиш материаллари ва ускуналарини ишлаб чиқарувчи ташкилотларга кредитлар ажратиш;
- универсал тижорат банки сифатида юридик ва жисмоний шахсларга бошқа банк хизматларини кўрсатиш белгиланганди.
«Пойтахт банк» устав капитали бошланғич улуш сифатида пойтахтнинг маҳаллий бюджети ҳисобидан 3 млрд сўмни йўналтириш, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар, жумладан хорижий инвесторларни жалб этишни ҳисобга олган ҳолда 10 млн евродан кам бўлмаган эквивалентда шакллантирилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter