Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистоннинг чорак финалга чиқиш имкони қандай?

Ўзбекистоннинг чорак финалга чиқиш имкони қандай?

Бугун Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси U-23 Осиё кубоги доирасида Корея Республикаси терма жамоасига қарши майдонга тушади. Гуруҳ босқичининг ушбу муҳим учрашуви чорак финал йўлланмаси масаласига аниқлик киритиб беради.

Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги жамоамиз айни пайтда “C” гуруҳида Корея билан биргаликда 4 очко жамғарган. Бугунги баҳсдаги ғалаба вакилларимизга гуруҳ пешқадами сифатида чорак финал йўлланмасини тақдим этади.

Параллел учрашувда Эрон ва Ливан ёшлар терма жамоалари ўзаро куч синашади.

Мусобақа регламентига кўра, Ўзбекистон Корея Республикасини мағлуб этса, “C” гуруҳида 1-ўрин билан чорак финалга чиқади. Параллел баҳсда Ливаннинг ғалабаси ҳам жамоамизни кейинги босқичга чиқишига хизмат қилади.

Агар Эрон Ливанни мағлуб этса, Корея билан учрашувдаги дуранг натижа ҳам жамоамизни кейинги босқичга олиб чиқиши мумкин.

Регламентга асосан:

Ўзбекистон — Корея Республикаси ўйинида голли дуранг (1:1, 2:2, 3:3) қайд этилса, параллел баҳсдаги натижадан қатъи назар, Ўзбекистон ва Корея Республикаси чорак финалга йўл олади (ўзаро ўйинлардаги урилган голлар ҳисобига кўра).

Агар 0:0 ҳисобидаги дуранг қайд этилиб:

Эрон Ливанни камида икки тўп фарқи билан мағлуб этса — Эрон кейинги босқичга чиқади.

Эрон Ливанни бир тўп фарқи билан мағлуб этса (1:0, 2:1) — Ўзбекистон чорак финалга йўл олади.

Эрон 3:2 ҳисобида ғалаба қозонса, тўплар нисбати тенглашади ва Ўзбекистон ҳамда Эрон ўртасида сариқ-қизил карточкалар сони ҳисобга олинади.

Кореяга қарши учрашув олдидан...

Жамоамиз кеча ушбу баҳс олдидан расмий машғулотни ўтказди. Футболчимиз Нурлан Ибраимов ОАВ вакилларига берган интервюсида жамоа учрашувга тўлиқ тайёр эканини ва футболчилар майдонга фақат ғалаба учун тушишини таъкидлади:

“Эрон билан ўйин қийин бўлишини билардик. Энди навбатдаги баҳс биз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Биз фақат ғалаба учун ўйнаймиз.”

Маълумот учун, 3-турдан ўрин олган барча учрашувлар Тошкент вақти билан соат 16:30 да бир вақтда бошланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг