Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистоннинг илк миллий мусиқа платформаси — OHANG ишга тушди!

Ўзбекистоннинг илк миллий мусиқа платформаси — OHANG ишга тушди!

Ўзбекистон мусиқий маданияти тарихида янги саҳифа очилди. Бугунги рақамли асрда миллий ўзликни сақлаш ва уни келажак авлодларга безавол етказиш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.  Ўзбекистон миллий мусиқасига бағишланган илк йирик рақамли платформа — OHANG фойдаланишга топширилди.

Бу лойиҳа давлат ва технологиянинг маданий меросни асраш йўлидаги ноёб ҳамкорлигининг намунаси бўлди. Платформа орқали энди нафақат Ўзбекистон аҳолиси, балки бутун дунё аҳли ўзбек мусиқасининг бой ва ранг-баранг хазинасидан эркин баҳраманд бўлишлари, уни юклаб олишлари ҳамда ўз ижодий лойиҳаларида эркин фойдаланишлари мумкин.

Лойиҳанинг аҳамиятига тўхталар экан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 1 июнь куни ўтказилган тадбирда таъкидлаганидек, миллий маданий мерос шунчаки ўтмиш ёдгорлиги эмас. Бу бизнинг бугунимиз, ўзлигимиз ва келажакни барпо этишдаги кучли мотивациямиздир. "Биз ўз тарихимизни фақат музейларда сақлаб қолмасдан, балки уни замонавий воситалар орқали ҳаётга, айниқса, ёшлар онгига янада кенгроқ олиб киришимиз шарт", деди давлат раҳбари.

OHANG платформаси ўз ичига бир нечта йўналишларни олган бўлиб, уларнинг ҳар бири миллий мусиқа маданиятимизни турли ракурслардан очиб беради:

Платформада ўзбек миллий мусиқа чолғулари — дутор, танбур, ғижжак, рубоб, чанг, най каби кўплаб асбобларнинг овозлари, уларнинг яратилиш тарихи, тайёрлаш технологиялари ва ўзига хос хусусиятлари ҳақида батафсил маълумотлар жамланган.

Халқимизнинг севимли ҳофиз ва созандалари, фольклор ансамбллари томонидан ижро этилган, илгари фақат тор доирадаги мутахассислар учун очиқ бўлган ноёб аудио ва видео ёзувлар энди кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилмоқда.

Ўзбек мусиқашунослигига оид илмий мақолалар, монографиялар ва тадқиқот натижалари платформада алоҳида бўлим сифатида тақдим этилган. Бу тадқиқотчилар учун қимматли манба вазифасини ўтайди.

Ёш авлодни миллий мусиқага қизиқтириш ва уларни ушбу соҳада ўқитиш учун мўлжалланган интерактив ўқув қўлланмалари, мастер-класслар ва викториналар ҳам лойиҳа таркибига киритилган.

Лойиҳанинг дастлабки босқичида тадқиқотчилар гуруҳи Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри бўйлаб илк илмий экспедицияни ўтказдилар. Экспедиция давомида ҳудудда сақланиб қолган 24 та ноёб миллий мусиқа асбобининг овози ва ижро услуби ёзиб олинди. Ҳозирда платформага 200 дан ортиқ куй ва қўшиқлар жойлаштирилган.

OHANG платформаси нафақат тарихий ёзувларни сақлаш воситаси, балки янги ижодий ғоялар ва лойиҳалар учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади. У орқали ўзбек миллий мусиқаси замонавий кино санъати, мусиқий композициялар, радио ва телевидение кўрсатувлари, шунингдек, бошқа рақамли ташаббусларда кенг фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

OHANG платформасининг ишга тушиши Ўзбекистон мусиқий меросининг рақамли трансформациясида муҳим қадам бўлиб, у миллий маданиятимизни янада оммалаштириш ва уни дунё ҳамжамиятига кенгроқ танитишга хизмат қилади. Сиз ҳам ушбу бебаҳо хазинага OHANG.uz сайти орқали саёҳат қилинг!

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг