Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистоннинг Покистондаги янги элчиси иш бошлади

Ўзбекистоннинг Покистондаги янги элчиси иш бошлади

28 октябрь, душанба куни Ўзбекистоннинг янги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Алишер Тўхтаев Исломобод шаҳридаги «Айван-е-Садр» саройида Покистон Президенти Асиф Али Зардарига ишонч ёрлиқларини топширди.

«Дунё» АА хабарига кўра, расмий маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган.

«Покистон Президенти Ўзбекистон етакчисига чуқур ҳурмат ва эҳтиром изҳор этиб, энг эзгу ва самимий тилакларини етказишни сўради. Президент Асиф Али Зардари Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги узоқ муддатли биродарлик муносабатларининг мустаҳкам пойдевори бўлган муштарак маданий, тарихий ва маънавий-маърифий ришталарнинг муҳимлигини таъкидлади», – дейилади хабарда.

Мулоқот чоғида, шунингдек, ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш бўйича юқори салоҳият мавжудлигига эътибор қаратилди. Яқин йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард АҚШ долларига етказишнинг муҳимлиги қайд этилди.

Маданий-гуманитар, туризм алмашинуви масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Покистон раҳбари мамлакат фуқароларининг Ўзбекистонга бориши учун виза тартиби соддалаштирилганидан мамнунлик билдирди. Жорий йил ноябрь ойида қайта тикланиши режалаштирилган Тошкент ва Лаҳор шаҳарлари ўртасидаги тўғридан-тўғри авиақатновлар икки мамлакат ўртасида сайёҳлар оқимини ошириш ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш учун янги туртки бўлиши урғуланди.

Учрашув якунида Покистон Президенти Ўзбекистон элчисига ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги масъулиятли фаолиятига муваффақият тилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси 6 октябрь куни Исломободга ташриф буюрган эди. Алишер Тўхтаев 2021–2024 йилларда Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси лавозимида ишлаб келган ва Афғонистонга элчи этиб тасдиқланган Ойбек Усмонов ўрнига тайинланди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг