«Ўзбекнефтгаз»: Бошқарув бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Муборакдаги конларда олиб борилаётган ишлар ҳолати ўрганилди
«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги «Ишчи гуруҳ» аъзолари Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасидаги конларда олиб борилаётган ишлар ва конда ишлаётган ишчи-ходимларнинг яшаш шароитлари билан яқиндан танишишди.
«Зеварда» конидаги янги қурилган сиқув компрессор станциясида бош пудратчи «Enter Engineering» компанияси раҳбарияти билан учрашиб, янги қурилаётган сиқув компрессор станцияларидаги мавжуд муаммоларни бартараф қилиш бўйича музокара олиб борди ва содир бўлаётган тўхталишлар олдини олиш чоралари кўрилди.
Шунингдек, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли «Денгизкўл» конидаги янги қурилаётган сиқув компрессор станциясининг 2-навбатидаги олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишилди.
Бухоро вилоятининг Олот туманида жойлашган «Денгизкўл» конидаги қурилаётган 2-навбат сиқув компрессор станцияси паст босимли газларни ўзлаштиришга мўлжалланган.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси ушбу лойиҳа билан ва унинг имкониятлари ва афзал жиҳатлари ҳамда келгусида ушбу қурилма орқали амалга оширилиши кўзда тутилган режалар билан яқиндан танишиб чиқди.
Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017–2021 йилларда углеводород хомашёсини қазиб олишни кўпайтириш Дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифаларнинг ижросини ўз вақтида ва самарали амалга ошириш мақсадида «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва Natural Gaz-Stream, Eriell Oilfield Services Middle East DMCC компаниялари хамкорлигида амалга оширилмоқда.
«Денгизкўл» конидаги 39,3 млрд куб метр ҳажмдаги жорий табиий газ захираларини самарали қазиб олишни жадаллаштириш мақсадида, «Денгизкўл» сиқув компрессор станциясининг умумий қиймати 87,8 млн долларга тенг бўлган ушбу лойиҳа бош пудратчи «Enter Engineering» компанияси томонидан қуриб битказилади.
Лойиҳани жадал суратларда амалга ошириш учун энг илғор ва замонавий дастгоҳлар, газ-турбина ускуналари ҳамда компрессорларни етказиб бериш бўйича Туркиянинг «Akcelik», АҚШнинг «Baker Hughes» ва «General Electric» ҳамда Хитойнинг «Denair Energy» каби бир қатор йирик компаниялар билан самарали ҳамкорлик амалга оширилмоқда.
Ушбу сиқув компрессор станциясининг 2-навбати 2 та агрегат орқали «Денгизкўл» кони қудуқларининг саноат миқёсидаги паст босимли табиий газлари босимини кўтариб «Денгизкўл» сиқув компрессор станциясига узатиб бериш ва бу орқали табиий газ қазиб чиқариш ҳажмларини оширишга хизмат қилади.
«Денгизкўл» кон захираларини ўзлаштиришни жадаллаштириш мақсадида 2021 йилда қўшимча геологик-техник тадбирларни амалга ошириш, яъни 7 та янги ишлатиш қудуқларини бурғилаб ишга тушириш ва 32 та қудуқда капитал таьмирлаш ишларини амалга ошириш орқали қўшимча 102,5 млн куб метр табиий газ ва 0,8 минг тонна газ конденсати маҳсулотларини қазиб олиш мўлжалланган.
Шу билан биргаликда Бошқарув раиси янги қазилаётган «Зеварда» 324-сон, қия йуналтирилган «Денгизкўл» 324-сон, тўла таъмирланаётган «Денгизкўл» 105-сон ва «Шимолий Денгизкўл» 12-сон қудуқларига бориб, уларда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди ҳамда ишларни жадаллаштириш бўйича тегишли мутахассисларга кўрсатмалар берди.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter