«Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси Қашқадарёдаги «Шўртан» ва «Жанубий Тандирча» конида бўлди (Фото)
«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги «Ишчи гуруҳ»нинг Қашқадарё вилоятидаги сафари доирасида Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли табиий газ конлари фаолияти ўрганилди.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан ҳозирда Республикамиз аҳолисига куз-қиш мавсумида мунтазам табиий газ етказиб беришни таъминлаш ҳамда иқтисодиёт тармоқларининг нефть ва газ маҳсулотларига бўлган талабини қондириш мақсадида, углеводород хомашёсини қазиб чиқаришни ошириш борасида йўналишлар бўйича бир қатор қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Айни шу сабабли, «Шўртан» ва «Жанубий Тандирча» конларида газ қазиб чиқаришни кўпайтириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ва амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича ишлар ҳолати ўрганилди.
Бошқарув раиси бошчилигидаги «Ишчи гуруҳ» ушбу конларда табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтириш, айниқса, куз-қиш мавсумида аҳоли ва саноат тармоқларига табиий газ етказиб беришнинг барқарорлигини таъминлаш учун ҳозирдан қазиб чиқаришни кўпайтириш бўйича қудуқларни бурғилаш, капитал таъмирлаш ва технологик объектларни ишга тушириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолати билан танишди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, бугунги ташриф давомида Бошқарув раиси ҳаво ҳарорати 40 градусдан юқори эканлиги, шу боисдан, аввало, ишчи-ходимлар учун шароитлар яратиш кераклигини таъкидлади.
Бундай иссиқ ҳаво ҳарорати иш унумига салбий таъсир қилиши мумкинлигини инобатга олиб, аввало, ишчи-ходимларнинг овқатланиш, яшаш, меҳнат қилишлари, уларнинг ҳордиқ чиқаришлари учун алоҳида қулайликлар яратиш, зарур чоралар кўриш кераклиги бўйича тегишли департамент раҳбарларига топшириқлар берилди.
Бошқарув раиси конларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар учун яратилган мавжуд шароитларни назорат қилди ва улар билан яқиндан суҳбат ўтказди.
Суҳбат давомида, аввало, ҳаво ҳарорати юқори бўлишига қарамай, меҳнат қилаётган ишчи-ходимларга ўз миннатдорчилигини билдириб, уларнинг машаққатли меҳнатини қадрлаши, буни мунтазам рағбатлантириб боришини билдирди.
Ишчи-ходимлар ҳам ўз навбатида Бошқарув раисининг доимий ташрифидан мамнун эканликларини ва яратилган шароитлар уларни қониқтиришларини билдириб, миннатдорчилик изҳор қилишди.
Бундан ташқари, «Шўртан» конидаги 386-, 388-сонли ҳамда «Жанубий Тандирча» конидаги 70-сонли қудуқларда олиб борилаётган бурғилаш жараёнлари мутахассислар иштирокида ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида, бурғилаш ишларини тезлаштириш ва қазиб чиқариш қудуқларини ўзлаштириш учун газ қувурларини қуриш лойиҳаларини жадаллаштириш бўйича тегишли департамент ва бошқарма бошлиқларига топшириқлар берилди.
Қудуқлардан газ қазиб олишни жадаллаштириш бўйича қудуқларни капитал таъмирлаш ва интенсификация ишларининг олиб борилиш жараёнлари жойидан ўрганилиб, мавжуд муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича тегишли мутахассис ва раҳбар ходимларга кўрсатмалар берилди.
Шу билан биргаликда кондаги янги қудуқларни бурғилаш қурилмаларида ва қудуқларни капитал таъмирлаш ускуналарида меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
«Жанубий Тандирча» конини янада ўзлаштириш лойиҳасига асосан, конда ишга туширилиши режалаштирилган Сиқув компрессор станцияси қурилиш лойиҳаси бўйича амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан яқиндан танишиб чиқилди.
Лойиҳа бўйича зарур компрессор қурилмалари, технологик аппаратлар ва уларнинг қисмларини етказиб беришни тезлаштириш, қурилиш-монтаж ишларини жадаллаштириш бўйича департамент ва бошқарма бошлиқларига топшириқлар берилди.
Бошқарув раиси бошчилигидаги «Ишчи гуруҳ»нинг Қашқадарё вилоятидаги ташрифи давом этади.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter