Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Пахта теримига боришга мажбурлаётган мансабдор шахслар жавобгарликка тортилмоқда

Пахта теримига боришга мажбурлаётган мансабдор шахслар жавобгарликка тортилмоқда

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, сўнгги бир ҳафта ичида мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолати бўйича вазирлик ишонч тармоқларига фуқаролардан 110 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган.

Бугунги кунда мазкур мурожаатлар Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари томонидан ўрганилиб, тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда. 

Хусусан, Наманган шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси Давлатобод бўлими бошлиғи Ҳабибулло Зокировнинг бўлим ходимларидан пахта йиғим-теримига бориш юзасидан розилик хатларини мажбурий тарзда ёздириб олгани аниқланган ва шунга мувофиқ, Ҳ.Зокиров Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига кўра энг кам ойлик иш ҳақининг 1 баробари, яъни 184 300 сўм миқдорида маъмурий жавобгарликка тортилди.

Худди шунга ўхшаш ҳолат Тошкент вилоятида ҳам кузатилди. Қибрай тумани ДСЭНМ раҳбари Абдусамат Қурбанов мажбурий тарзда Қибрай туманида жойлашган 53 та хусусий корхонадан пахта йиғим-теримига теримчи топиб беришни талаб этган. Шу ҳақида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг @mehnathuquqbot телеграм тармоғига аноним йўлланган мурожаатга асосан текшириш ишлари ўтказилган ва А.Қурбоновга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 1 баробари миқдорида жарима пули тайинланган. 

Навоий вилояти Навбаҳор тумани “Жамбул” насос станцияси бўлим бошлиғи Марат Азимов бўлим ходимларидан бирини мажбурий меҳнатга жалб қилгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг  51-моддасига мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортилган.

Пахтакор тумани Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Эргашев А. ҳам якка тартибдаги тадбиркорларни пахта теришга мажбурлаганлиги аниқланган. Шунингдек, ўрганиш жараёнида мурожаатчининг берган тушунтириш хатида пахта теримига солиқ органи мансабдор шахслари томонидан мажбурланганлиги кўрсатилган.

Ҳудудлар бўйича энг кўп мурожаатлар Тошкент (22 та мурожаат), Фарғона (19), Қорақалпоғистон (16), Андижон (16), Самарқанд (16) вилоятларидан юборилган.

Таъкидланишича, мурожаатларнинг 20 дан ортиғида мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолати аниқланмаган. Қолган мурожаатлар бўйича жойларда текширув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳудудида ҳар қандай шаклдаги мажбурий меҳнат тақиқланган. Агар мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатига дуч келсангиз, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг @mehnathuquqbot телеграм тармоғи ёки +99871 200-06-01 ишонч телефон рақамларига мурожаат қилинг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг