Путин ва Си Цзиньпин Пекинда музокара ўтказди
Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раиси Си Цзиньпин Пекин шаҳрида учрашув ўтказиб, икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ва халқаро кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилди.
Музокаралар аввалида Путин Россия ва Хитой муносабатлари «мисли кўрилмаган даражада юқори босқичга» чиққанини таъкидлаб, уларни ҳақиқий ҳар томонлама шериклик намунаси деб атади.
Унинг сўзларига кўра, Яқин Шарқдаги инқироз фонида Россия ишончли энергия ресурслари етказиб берувчиси сифатида қолмоқда, Хитой эса масъулиятли истеъмолчи бўлиб турибди.
Путин Москва ва Пекиннинг ташқи сиёсатдаги ҳамкорлиги халқаро майдондаги асосий барқарорлаштирувчи омиллардан бири эканини айтди. Шунингдек, Россия ва Хитой «кўп қутбли ва адолатли дунё тартиби»ни шакллантиришга интилаётганини билдирди.
Си Цзиньпин эса Хитой ва Россия муносабатлари «қадамма-қадам бугунги юқори даражага етгани»ни таъкидлади.
Унинг фикрича, дунё яна «ўрмон қонуни»га қайтиш хавфига дуч келмоқда ва шундай шароитда Россия билан Хитой ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартноманинг аҳамияти янада яққол намоён бўлмоқда.
Си, шунингдек, Хитой ва Россия халқларининг ривожланиш ҳамда ҳамкорликка интилиши ўзгармас ирода бўлиб қолишини айтди.
Музокаралар якунларига кўра, Путин ва Си Цзиньпин «кўп қутбли дунё ва янги турдаги халқаро муносабатларни шакллантириш тўғрисидаги декларация»ни имзолади.
Томонлар, шунингдек, «ҳар томонлама шериклик ва стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш» бўйича қўшма баёнотни ҳам қабул қилди.
Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг маълум қилишича, мазкур ҳужжат 47 саҳифадан иборат бўлиб, унда Россия ва Хитой ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ҳамда халқаро масалалар бўйича умумий ёндашувлар белгилаб берилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter